Ўзбекистон | 22:00 / 25.08.2021
23060
4 дақиқада ўқилади

Олий суд совет даврида қатағон қилинган 115 нафар ўзбекистонликни оқлади

Бугун 25 август куни Олий судда мустабид совет даврида қатағон қилинган 115 нафар шахсни оқлаш юзасидан 6 жиноят иши кўриб чиқилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармойиши асосида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнида аниқланган, айрим сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонлари номларини оқлаш юзасидан таклиф киритилган.

Бугунги Олий суд мажлисига 115 нафар шахсга нисбатан келиб тушган 6 та жиноят ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилганда, уларда суд мажлиси баённомаси, суд қарори ёки ҳукм мавжуд эмаслиги, ишларда фақатгина ОГПУнинг учлик мажлиси баённомасидан кўчирма борлиги аниқланган.

r_3d-OBS4cVkwkzEujg5iv8mEHw3XSFj.jpg (1280×853)

Суд мажлисида қуйидаги ишлар кўриб чиқилди:

1. Носирхон тўра ва бошқаларга оид (92 нафар шахсга нисбатан) жиноят иши юзасидан. Мавжуд иш материалларидан аниқланишича, ушбу жиноят ишида айбланувчи тариқасида ўтган барча шахслар ҳибсга олингач, дастлаб айбловни инкор қилиб келган бўлсада, сўнг тазйиқлар остида айбларига иқрорлик билдириб кўрсатув берганликлари сўроқ баённомасида ўз ифодасини топган, уларнинг ўртасида юзлаштириш ўтказилмасдан, фақат берган кўрсатувлари ишга тикилган.

2. Ибрагимбек Чакабаев ва бошқаларга оид (16 нафар шахсга нисбатан) жиноят иши юзасидан. ОГПУнинг 1932 йил 13 апрелдаги баённомасидан кўчирма мавжуд. Бироқ ОГПУнинг ҳукми мавжуд эмас: 1932 йил 13 апрелда жиноят иши ОГПУ томонидан кўриб чиқилиб, отиб ўлдириш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Мазкур жиноят иши суд томонидан кўриб чиқилмаган, жиноят ишида суд ҳукми ёки баённомаси мавжуд эмас.

3. Терегулов Осман Игматулович ва бошқаларга оид (4 нафар шахсга нисбатан) жиноят иши юзасидан. Ушбу фуқаролар маъмурий сургун қилиш Комиссиясининг 1922 йил 5 мартдаги қарорига кўра концлагерларга юборилган, айримлари отишга ҳукм қилинган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари алоҳида иш юритувга ажратилган.

4. Даминов Латифга оид жиноят иши юзасидан. СССР Олий суд ҳарбий ҳайъати сайёр судининг 1938 йил 15 октябрдаги ҳукмига кўра, Л. Даминов — отишга ҳукм қилиниб, мол-мулки мусодара қилиниши белгиланган. 1938 йил 15 октябрдаги маълумотномага кўра, Даминов Латифни отиш ҳақидаги ҳукм ижроси амалга оширилганлиги кўрсатилган.

5. Султонов Ғафурга оид жиноят иши юзасидан. 1930 йил 27 октябрдаги Марказий Осиё Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ) Мухтор вакили қошидаги Учлик кенгаши қарори билан Ўзбекистон ССР ЖК 58-модда 2-қисми (қуролли тўдалар, совет ҳудудига қуролли қўзғолон ёки аксилинқилобий мақсадларда бостириб келиши) ва 59-модда 3-қисми (Чет эл давлатлари билан аксилинқилобий мақсадларда алоқада бўлиш) бўйича айбдор деб топилган ва отувга ҳукм қилинган.

6. Кирамов Кивамга оид жиноят иши юзасидан.

СССР Олий суди ҳарбий ҳайъатининг 1938 йил 9 октябрдаги ҳукмига кўра, ЖК 58,64 ва 67-моддалари билан К. Кирамов отувга ҳукм қилиниб, барча мол-мулки мусодара қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари томонидан юқорида кўрсатилган жиноят ишлари юзасидан тегишли тартибда Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига протестлар келтирилган.

2021 йил 25 август куни ушбу жиноят ишлари Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисларида кўриб чиқилиб, келтирилган протестлар қаноатлантирилди ва Ўзбекистон Республикаси жиноят процессуал кодексининг 83- моддасига асосан жами 6 та жиноят иши бўйича 115 нафар шахс оқланди.

Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов
Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид