Ўзбекистон | 17:42 / 25.08.2021
18694
3 дақиқада ўқилади

«СЧР хизматини ўтаганлар Қуролли кучлар резервига ўтказилади» – сенатор

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов СЧР хизматини ўтаганлар Қуролли кучлар резервига ўтказилиши, бу сафарбарлик ва уруш даврида армияни керакли мутахассислар билан тўлдириш имконини беришини таъкидлади.

Сенатор шу йилнинг 24 август куни Қуролли кучлар академиясида бўлиб ўтган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунга шу мазмундаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини маълум қилди.

«СЧР хизмати – бир ойлик йиғин. «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддаси 4-бандида Сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўтаган фуқаролар йигирма етти ёшга тўлганларидан кейин Қуролли кучлар резерви таркибига ўтказилиши белгиланган.

СЧР хизматига олиниб, ойлик ҳарбий йиғинларни ўтаган фуқаролар 27 ёшга тўлгунларига қадар мақсадсиз равишда Сафарбарлик чақируви резерви хизматчилари ҳарбий ҳисобида туришган. Ойлик ҳарбий йиғинни ўтаган фуқаролар ҳарбий ҳисоб мутахассисликлари ва етарли даражада ҳарбий тайёргарликка эга бўлганликлари сабабли уларни Қуролли кучлар резервига ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлиб, шу орқали Қуролли кучларнинг сафарбарлик ресурслари оширилишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, Қуролли кучлар сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар миқдори оширилиши сафарбарлик ва уруш даврида ташкил этиладиган ҳарбий тузилмаларни керакли мутахассислар билан сифатли тўлдириш имконини беради», дея Қутбиддин Бурҳоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ «Ёшлар дафтари»га киритилганларнинг сафарбарлик чақируви резерви хизмати бадали давлат бюджетидан қопланиши, Сирдарёда ушбу тоифага мансуб фуқароларга СЧР хизмати учун пул маблағи ўтказиб берилгани хабар қилинган эди.

Бугунги кунда сафарбарлик чақируви резерви хизматига қабул қилинган фуқаролар томонидан махсус ҳисобрақамига тўланадиган пул бадали БҲМнинг 20 баробари, яъни 4 900 000 (1 сентябрдан 5 400 000) сўм этиб белгиланди.

Қонунчиликка мувофиқ, пул бадалларини тўлаган, бироқ ҳарбий йиғинлардан ўтмаган сафарбарлик чақируви резерви хизматчисига тўланган маблағлар, агарда у ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилганда ва унга тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси (ТМЭК) томонидан 27 ёшгача I, II ёки III гуруҳ ногиронлиги берилган ҳолатда қайтариб берилади.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид