Жаҳон | 11:02 / 26.08.2021
41231
5 дақиқада ўқилади

«Биз Афғонистонда гиёҳванд моддалар етиштирилишини тўхтатгандик» — «Толибон»нинг бу даъвоси қанчалик тўғри?

«Толибон» Афғонистонда ҳукмронлик қилган даврида афюн етиштиришни ҳам, ноқонуний наркотик савдосини ҳам тўхтатганини даъво қилмоқда.

Фото: Getty Images

Гарчи 2001 йилда кескин пасайиш кузатилган бўлса-да, «Толибон» назорати остидаги ҳудудларда афюн етиштириш сўнгги йилларда кўпайган.

Афғонистонда афюн ишлаб чиқариш қандай аҳволда?

Афюн қайта ишланса, у кучли қарамликка сабаб бўлувчи гиёҳванд моддаларга айланади.

БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бошқармаси (UNODC) маълумотларига кўра, Афғонистон афюн етиштириш бўйича дунёда биринчи ўринда туради - ушбу мамлакат улуши 80 фоиздан ортиқ.

UNODC ҳисоб-китобларига кўра, 2018 йилда Афғонистон иқтисодиётида афюн ишлаб чиқариш улуши қарийб 11 фоизни ташкил қилган.

Афғонистоннинг жаҳонда афюн етиштиришдаги улуши 80 фоизни ташкил қилади.

«Толибон» нима дейди?

«Биз илгари бошқарувда бўлганимизда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш йўқ эди. Биз афюн етиштиришни яна нолга камайтирамиз», дейди пойтахт Кобулни эгаллаб, мамлакатни ўз қўлига олган «Толибон»нинг матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид.

Мужоҳид улар гиёҳванд моддалар контрабандасининг ҳам олдини олишларини даъво қилган.

«Толибон» даврида афюн етиштириш қандай бўлди?

АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, 1990-йилларда «Толибон» ҳокимиятга келганидан кейин афюн етиштириш сезиларли даражада ортган. Масалан, 1998 йил 41 минг гектарга яқин майдонда ҳосил йиғилган бўлса, 2000 йилда бу кўрсаткич 64 мингдан ошди.

Ҳилманд вилояти гиёҳванд моддалар етиштиришга ихтисослаштирилган бўлиб, бу ҳудудда дунёдаги ноқонуний афюннинг 39 фоизи тайёрланган.

Бироқ 2000 йил июлида «Толибон» ўз назорати остидаги ҳудудларда афюн етиштиришни тақиқлаб қўяди.

Шу тариқа, БМТнинг 2001 йил май ойида эълон қилган ҳисоботида тақиқ бу ҳудудларда «деярли тўлиқ муваффақиятли амалга оширилгани» қайд этилади.

«Толибон» тақиқидан сўнг, 2001 ва 2002 йилларда дунёда мусодара қилинган афюн ва героин миқдори сезиларли даражада камаяди.

«Толибон» Афғонистонда назоратни қайта қўлга киритишидан олдин, охирги ҳукумат даврида гарчи мамлакатнинг айрим ҳудудларида ҳам ишлаб чиқариш бўлган эса-да, афюн етиштирилувчи асосий ҳудудлар «Толибон» назорати остидаги ҳудудлар эди.

Масалан, мамлакат жанубдаги Ҳилманд ва Қандаҳор вилоятлари 2018 йилда «Толибон» назорати остидаги энг кўп афюн етиштириладиган ерлар бўлган.

Афғонистонда афюн етиштирилиши

«Толибон» афюндан қандай қилиб пул топади?

Афғонистонда афюн етиштириш бандликни таъминлашнинг асосий манбайи ҳисобланади.

UNODC’нинг Афғонистонда афюн ишлаб чиқариш бўйича ҳисоботига кўра, 2019 йилда мамлакатда 120 минг киши афюн етиштириш билан шуғулланган.

АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, толиблар афюн етиштиришдан солиқ йиғишади ва унинг ноқонуний айланмаси ва қайта ишланишидан билвосита пул ишлашади.

«Толибон» афюн етиштирадиган деҳқонлардан 10 фоиз солиқ йиғади.

Шунингдек, афюн героинга айлантириладиган лабораториялар ва ноқонуний гиёҳванд моддалар контрабандаси билан шуғулланадиганлардан ҳам солиқ олинади.

Ҳисоб-китобларга кўра, «Толибон»нинг ноқонуний гиёҳвандлик иқтисодиётидан оладиган йиллик улуши 100 миллиондан 400 миллион долларгача.

АҚШ маъмурияти назорати остидаги ташкилот – Афғонистонни қайта қуриш махсус инспекцияси (SIGAR) тарқатган маълумотларга кўра, «Толибон» йиллик даромадининг қарийб 60 фоизи ноқонуний гиёҳвандликдан келади.

Гиёҳванд моддалар қаерларга кетяпти?

Афғонистонда етиштириладиган афюндан ишлаб чиқариладиган героин Европа бозорининг 95 фоизини қондиради.

АҚШ Гиёҳванд моддаларга қарши курашиш бошқармаси – DЕА маълумотларига кўра, мамлакатга етказиб берилган гиёҳванд моддаларнинг атиги 1 фоизи Афғонистон, аксар қисми эса Мексикадан келади.

2017-2020 йилларда афюннинг 90 фоизи автомобил йўллари орқали ташилган.

Дунё бўйлаб қўлга олинган афюн ва героин миқдори

Аммо кейинги пайтларда Ҳинд океани ва Европа ўртасидаги денгиз йўлларида қўлга туширилган гиёҳванд моддалар миқдорида ўсиш кузатилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Афғонистонда афюн ишлаб чиқариш ва унинг савдоси маълум тебранишларга қарамай, сўнгги 20 йил ичида ошди.

SIGAR’га кўра, ҳукуматнинг гиёҳванд моддалар савдосини тўхтатиш йўлидаги уринишлари мамлакатдаги афюн ишлаб чиқаришга айтарли таъсир қилмади. 2008 йилдан буён мусодара қилинган афюн миқдори 2019 йилда Афғонистонда ишлаб чиқарилган афюннинг атиги 8 фоизини ташкил қилади, холос. 

Мавзуга оид