Ўзбекистон | 16:52 / 26.08.2021
10541
3 дақиқада ўқилади

“Солиқ тизими адолатли бўлса, солиқдан қочишлар бўлмайди” — Зафар Ҳошимов

Халқаро пресс-клубда чиқиш қилган Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Мубин Мирзаев солиқ тўловчилар солиқдан қочмаслиги учун кўрилаётган чоралар ҳақида гапирди. Тадбиркор Зафар Ҳошимов бунга муносабат билдирди: “Одамлар Иф қалъасидан ҳам қочган, солиқдан ҳам қочади, қачонки адолатли солиқ тизими бўлмаса”.

Архив фото: Халқаро пресс-клуб

26 август куни Халқаро пресс-клубда президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига бағишланган сессия бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Сессияда Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Мубин Мирзаев солиқдан қочишга йўл қўймаслик чоралари ҳақида гапирди.

“Ҳозир шундай тизим қиляпмиз, IT технологияларини интеграция қилиб, улаб, бирорта солиқ тўловчи солиқдан қутула олмайдиган қиламиз. Шунда солиқ тўловчилар қонунни бузиб, солиқдан қочиш йўлларини қила олмайди”, – деди Мирзаев.

Бунга жавобан тадбиркор Зафар Ҳошимов агар адолатли солиқ тизими бўлса, солиқ тўловчилар солиқдан қочмаслигини айтди.

“Одамлар Иф қалъасидан қочган. Соқчининг минг пойлагани – ўғрининг бир пойлагани, деган гаплар бор. Шунинг учун адолатли солиқ тизими бўлса, ҳеч ким солиқдан қочмайди.

Ставка кенг қатламларга тарқалиши керак. Масалан, катта ставка қилганда рискнинг математик ҳисоби бор. Қайсидир босқичдан кейин солиқ тўловчи қулфга калит қидира бошлайди. Aдолатли омиллар бўлиши лозим, давлат пулни бир чўнтакда ушлаб туриб, иккинчисидан зулм бермаслиги керак. Тадбиркорнинг пули (ҚҚС) давлатга ўтиб қолса, бир-икки ҳафтада тезда қайтариб бериши каби нарсаларнинг такомиллашгани одамларга хотиржамлик беради, кўнгли тўқ одамга қонун билан ўйнашиш нега керак?” – дейди тадбиркор.

Шунингдек, у тадбиркорлар учун етарли рисклар борлигини таъкидлаб, “ортиқчаси ортиқча”лигини айтди.

“Тадбиркорлар ва давлат ўртасидаги ишонч муҳим. Тадбиркорларнинг ҳаётида етарли риск ва таҳлика бор. Бозор, курс рисклари, валюта рисклари ҳақида ҳам айтмоқчи эдим, лекин уни ҳам давлат бўйнига оладиган бўлди. Бу мулоқот эмас, зиёфат бўлди. Тадбиркор сифатида мазза қилдик.

Тадбиркорларга ҳалол бўлинглар дейиш шарт эмас, тадбиркорлар табиий ҳалол. Тадбиркорга ортиқча риск ортиқча. Топганининг орқасидан хотиржам бўлиб юради. Кичкина фоиз шундай тадбиркорларни деб, ҳаммасини ёмон дея олмайсиз.

Бир мисол айтаман, супермаркетларга кирса чиқа олмайдиган эшиклар, қўриқчилар қўярдик, чунки кирган харидор ўғирлаб олиб чиқиб кетса-чи деган хаёл бўларди. 2-3 йил бўлди, шу нарсаларни олиб ташладик. Ўғрилик бир фоизга ҳам, ярим фоизга ҳам кўпаймади.

Тадбиркорларнинг фаолиятини юзлаб ҳужжатлар ҳозир ҳам тартибга солиб турибди. Бу ҳужжатлар ҳар хил поғонада: қонун ва қонуности ҳужжатлар ва ҳоказо. Президентнинг қонун фақат бошқаради деган гапи мулоқотнинг эпицентри бўлди. Шу сабабли корхоналар тўғрисидаги қонунларда қатор ўзгаришлар бўлиши керак”, – дейди у.

Маълумот учун, Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимов 25 август куни эълон қилинган президент фармонига мувофиқ “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид