Ўзбекистон | 17:40 / 27.08.2021
14775
6 дақиқада ўқилади

Беш йил ичида ЯИМни камида 100 млрд долларга етказиш режалаштирилмоқда — президент

Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятининг Кармана туманида қуввати 100 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини ишга тушириш маросимида энергетика соҳасидаги устувор вазифалар ва режаларни айтиб ўтди.

Навоий вилояти Кармана туманида мамлакатимиздаги илк қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

«Бугунги кунгача газ, нефть каби углеводородлар энергиясидан фойдаланиш кенг тарқалган. Лекин уларнинг захиралари чекланган. Шу боис мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбалари ривожлантирилмоқда.

Маълумки, юртимизда бир йилда ўртача 320 қуёшли кун кузатилади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда қуёш станцияларини қуриш орқали жами 600 миллиард килоВатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти бор. Бу – мамлакатимизнинг энергияга бўлган жами эҳтиёжидан 8 баробар кўп энергия ишлаб чиқариш мумкин, дегани.

Шу боис хорижий инвесторлар жалб этилиб, кўплаб қуёш электр станциялари қурилмоқда. Кармана туманидаги станция улардан биринчисидир», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Мазкур мажмуа қурилиши ўтган йили бошланганди. 110 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 300 мингта қуёш панеллари ўрнатилди. Унинг қуввати 100 мегаВатт.

«Ушбу станция янги Ўзбекистон энергетика тизимида биринчи улкан қадам,  таъбир жоиз бўлса, “биринчи қалдирғоч” бўлиб, соҳа ривожида мутлақо янги даврни  бошлаб бермоқда. Бу ерда йилига 252 миллион килоВатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бунинг ҳисобидан 80 миллион куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 160 минг тонна буғланувчи газлар чиқишининг олди олинади», деди Шавкат Мирзиёев.

«Nur Navoiy solar» номли ушбу лойиҳа Бирлашган Араб Амирлигининг «Масдар» компанияси томонидан амалга оширилди. Президент мазкур давлат билан ўзаро ҳамкорлик йилдан йилга ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Биргина энергетика соҳасида умумий қиймати қарийб 1,5 миллиард доллар бўлган 1 минг 700 мегаВаттли 6та лойиҳа амалга оширилмоқда. Жумладан, Навоий вилоятининг ўзида 2023 йилда «Масдар» компанияси билан ҳамкорликда 500 мегаВаттли шамол станцияси ва «Фанес групп» иштирокида 200 мегаВаттли қуёш станцияси барпо этилади.

Давлат раҳбари фотоэлектр станцияси қурилишида иштирок этган хорижий инвесторлар, барча қурувчи ва мутахассисларга миннатдорлик билдирди.

Бу станциянинг аҳамияти шундаки, аҳоли ва саноатнинг ўсиб бораётган эҳтиёжини барқарор энергия билан таъминлайди. Нархи ҳам арзон - 1 килоВатт соат учун 2,67 АҚШ центи.

Яна бир муҳим жиҳати, бундай лойиҳалар туфайли юртимизда янги ишлаб чиқариш йўналишлари, замонавий технологиялар пайдо бўлмоқда.

Хусусан, мазкур станция қурилиши учун «Ўзэлектроаппарат» корхонасидан электротехника жиҳозлари, «Ўзбеккабель», «Эйч-Пи-Си системс» корхоналаридан кабеллар, Бектемир металл конструкциялари заводидан таянч устунлар келтирилган.

Умуман, бундай йирик лойиҳалар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун йилига камида 1 миллиард долларлик янги бозор, электротехника кластери ташкил этиш учун пухта замин яратади.

Ушбу кластерда қуёш панеллари, кабель маҳсулотлари, трансформаторлар, аккумуляторлар, электр двигателлар, шамол электр станцияси учун генератор ва таянч ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш мумкин. Бу минглаб янги иш жойлари деганидир.

Мамлакат иқтисодиёти жадал ривожланиб, унинг таркибида саноат улуши ортиб бормоқда. Аҳоли турмуш даражаси ўсиб, электр техникаларидан фойдаланиш кўпаймоқда. Хусусан, сўнгги 5 йилда электр энергияси истеъмолчиси бўлган тадбиркорлар сони 25 фоизга, уларнинг истеъмол ҳажми эса 30 фоизга кўпайган.

Президент иқтисодиёт, жумладан, энергетикани ривожлантиришга қаратилган режаларни ҳам айтиб ўтди.

«Келгуси 5 йилда иқтисодиётимиз ўсишини 1,5 баробарга ошириб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини камида 100 миллиард долларга етказишни режа қилганмиз. Бу борада ўрта ва йирик шаклдаги минглаб янги саноат корхоналари ишга туширилиб, электр энергиясига эҳтиёж 100 миллиард килоВатт соатга етади. Бу рақам – ҳозиргидан 30 миллиард килоВатт соатга кўп дегани.

Шунинг учун, электр энергияси соҳасида янги ислоҳот ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича жуда катта режаларни белгилаб олганмиз. Жумладан, келгуси 5 йилда қиймати 6,5 миллиард доллар бўлган 19 та лойиҳа ҳисобидан қўшимча равишда 11 минг 500 мегаВатт янги қувватлар ишга туширилади. 2030 йилга бориб, электр энергияси ишлаб чиқариш таркибида қайта тикланувчи манбалар улуши 30 фоиздан ортади. Электр энергиясини ҳудудларга етказиш учун 500 ва 220 киловольтли 3 минг километр янги электр тармоқлари барпо этилади», - деди давлат раҳбари.

Шу билан бирга, бугунги кунда паст кучланишли тармоқларнинг 66 фоизи, подстанцияларнинг 74 фоизи ва трансформатор пунктларининг 50 фоиздан кўпроғи эскирган. Шу боис келгуси беш йилда жами 70 минг километр паст кучланишли электр тармоқлари, 22 минг дона трансформатор ва 100 дан ортиқ подстанциялар янгиланиши қайд этилди.

Марказий Осиё мамлакатлари ягона энергетика занжирини ташкил этиш ва бу соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича иш олиб бормоқда. Шу мақсадда, электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилиши, минтақа энергия тизимини ўзаро боғлайдиган қўшимча магистрал тармоқлар қурилиши маълум қилинди.

Шундан сўнг президент Шавкат Мирзиёев рамзий дастакни ҳаракатга келтириб, қуёш фотоэлектр станциясини ишга туширди.

Тадбирда иштирок этган муҳандис ва қурувчилар, навоийлик нуронийлар ва ёшлар, шунингдек, хорижий инвесторлар сўзга чиқиб, янги станциянинг аҳамияти ҳақида гапирди.

Мавзуга оид