Жаҳон | 11:25 / 29.08.2021
54544
12 дақиқада ўқилади

Толибларни муртадлар деб билади. Кобулдаги терактни зиммасига олган гуруҳ ҳақида нималар маълум?

«ИШИД-Хуросон» Афғонистонда бугунга қадар пайдо бўлган энг қонли ва радикал жиҳодчи гуруҳ сифатида танилган.

Пайшанба куни Кобул аэропортидаги портлаш оқибатида камида 170 киши (шундан 13 нафари америкалик ҳарбий хизматчи) ҳалок бўлди. Бу теракт учун жавобгарликни «ИШИД-Хуросон» гуруҳи ўз зиммасига олди. Шанба куни америкалик ҳарбийлар Нангарҳор вилоятида ўтказилган амалиётда ушбу гуруҳнинг икки етакчисини ўлдирди, Пентагон маълумотига кўра, улар янги террорчилик амалиётларини тайёрлаш билан шуғулланишган. Америка ҳарбийлари Кобул аэропортида хавфсизликка янги таҳдидлар юзага келганидан огоҳлантирган.

«ИШИД-Хуросон» гуруҳи – «Ал-Қоида»нинг Ироқдаги бўлинмасидан 2013 йилда ажралиб чиққан ИШИДнинг Покистон-Афғонистон минтақасидаги бўлинмасига берилган номдир. 2015 йил январида пайдо бўлган ушбу гуруҳ Хуросон сўзи инглизчада «К» ҳарфи билан (Khorasan) ёзилгани учун ISIS-K (The Islamic State Khorasan Province) деб номланган.

ИШИД 2013 йил апрелда Ироқда ташкил этилгач, 2014 йилда Раққа ва Мўсулни тезда қўлга киритиб, кучайиб боради. 2015 йил январида у қудрат чўққисига кўтарилади, Покистон ва Афғонистондан Ироқ ёки Сурияга бориб, ташкилотга қўшилишни истаган жангариларни ушбу минтақада тўплайди. Покистон толиблари сафини тарк этган жангариларни ўз сафига қўшади ва «ИШИД-Хуросон» ташкил этилганини эълон қилади.

Кўп ўтмай, АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция ИШИДнинг Ироқ ва Суриядаги кучини деярли йўқ қилади. 2017 йилда эса ташкилот бутунлай мағлуб этилгани эълон қилинади.

Маълумотларга кўра, «Толибон»ни «етарлича қаттиққўл деб билмаган жангарилар уни тарк этиб, ИШИД сафига қўшилган. ИШИД «Толибон»ни АҚШ билан музокара қилишга тайёрлиги учун муртад ва хоин деб ҳисоблайди.

Хуросон – форслар минтақада ҳукмронлик қилган пайтда – бугунги Афғонистон, шарқий Эрон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Покистоннинг бир қисмини ўз ичига олган империянинг шарқий қисмига берилган ном эди. Хуросон форс тилида «қуёш чиқадиган жой» деган маънони англатади.

Ташкилотга кўплаб мамлакатлардан жангарилар келиб қўшилди

ИШИД Ироқ ва Сурияда кучини йўқотгач, Афғонистонга қочишга муваффақ бўлган жангарилар, шунингдек, баъзи араб давлатларидан, Тожикистон, Ўзбекистон, Чеченистон, Ҳиндистон, Бангладеш ва Хитойдан келган жангарилар билан ташкилот сафи кенгаяди.

2018 йилдан бошлаб Европанинг баъзи мамлакатлари ва АҚШда ISIS-K аъзоси сифатида 10дан ортиқ гумонланувчи ҳибсга олинади ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинади.

2019 йил «ИШИД-Хуросон» гуруҳининг Афғонистонга ҳужумлари кучайган бир пайтда АҚШ «Толибон» билан музокараларни бошлайди. Америка расмийларига асосланган хабарларда айтилишича, бу даврда ISIS-К’нинг Европа ва АҚШга уюштирадиган ҳужумлари кенгайиши мумкинлигидан қўрқиб, АҚШ ИШИДга қарши курашда ҳамкорлик қилиш учун «Толибон»  билан музокара олиб борган.

Бу жараёнда «Толибон» аъзоларининг ушбу ташкилотни тарк этиб, ИШИД сафига қўшилиши ва уни кенгайтириши мумкинлигидан хавотирлар юзага келади.

«Толибон» махсус бўлинма тузиб, ISIS-К’га қарши уруш эълон қилди

ISIS-К асосан Афғонистон шарқида, Эрон чегарасидаги шиа аҳолисига қаратилган қонли ҳужумларни уюштирaди. Экспертлар фикрича, «Толибон» ўзига таҳдид бўлмаса, ISIS-К’га қарши курашмаган.

Аммо мамлакат шимоли ва шарқида «Толибон» ва ISIS-К ўртасида тўқнашувлар содир бўлиб туради.

2015 йил январ ойида эса бу икки ташкилот бир-бирига уруш эълон қилади.

ИШИД жавобгарликни ўз зиммасига олган илк ҳужум 2015 йил май ойида Нангарҳор вилоятининг Кот шаҳрида амалга оширилади ва ҳужум натижасида «Толибон» аъзолари ўлдирилади.

Кейинчалик ИШИД «Толибон»  билан ҳамкорлик қилаётган қабилаларга қарши қирғин уюштиради, шунингдек, минтақадаги толибларнинг амалдаги раҳбарларининг бошини олади.

«Толибон» ИШИД раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийга йўллаган очиқ хатида «ўз ютуқларини ҳимоя қилишга мажбур бўлиши»ни айтиб, уни огоҳлантиради.

Ташкилот ташкил этилган йил охирида – 2015 йил октябрь ойида «Толибон» минг кишидан иборат махсус бўлинма тузади.

Ушбу махсус бўлинмага жанговар қобилияти ва тажрибаси юқори бўлган жангчилар синчковлик билан танлаб олинади, улар ИШИД аъзолари ҳаракатланадиган ҳудудлар – Нангарҳор, Фараҳ, Ҳилманд ва Забул каби вилоятларга юборилади.

АҚШ ИШИДнинг бу бўлинмасини ўта жиддий таҳдид деб ҳисоблаган, 2020 йилда АҚШ ҳарбийлари Кунар вилоятида махсус операция ўтказган ва «ИШИД-Хуросон» позицияларига ҳужум қилган «Толибон»ни ҳаво ракеталари ва дронлар билан қўллаб-қувватлаган.

Бундан ташқари, 2017 йилда Трамп буйруғи билан «ИШИД-Хуросон»нинг Нангарҳор вилоятидаги позициясига «барча бомбаларнинг онаси» деган норасмий ном олган, ядровий бўлмаган дунёдаги энг кучли «МОАБ» бомбаси ташланган.

Кейинги йилларда икки ташкилот ўртасидаги тўқнашувларда икки томондан ҳам ўнлаб кишилар ҳалок бўлади.

ISIS-К Покистондан гиёҳванд моддалар ва одамлар ноқонуний олиб ўтиладиган Нангарҳор вилоятида жойлашган.

Юзлаб шиалар ўлдирилган

2018 йил апрелида ҳам Кобулдаги сайловчиларни рўйхатга олиш маркази яқинида «ИШИД-Хуросон» аъзоси бўлган худкуш террорчи томонидан содир этилган теракт оқибатида 69 киши ҳалок бўлган.

2019 йил Афғонистон армияси ISIS-К мағлуб бўлганини, лекин улар пана-пастқамлардан туриб ҳужум уюштиришда давом этиши мумкинлигини айтади.

2020 йил май ойида пойтахт Кобулда шиалар яшовчи ҳудуддаги туғруқхонага қилинган ҳужумда 25 киши ўлдирилади. Қурбонларнинг аксари ҳомиладор ёки эндигина кўзи ёриган аёллар ва чақалоқлар эди.

Бу даврда шиалар ибодат қиладиган жойлар, мактаблар, касалхоналар, АҚШ армияси ва Афғонистон ҳукумат кучларига қарши олиб бориладиган операциялар кучаяди. Бу ҳужумларда юзлаб тинч аҳоли вакиллари ва афғон аскарлари, шунингдек, ўнлаб хорижий ҳарбийлар ва амалдорлар ҳалок бўлади.

Гуруҳ аъзолари 2019 йилда Кобулдаги тўйхонада ҳужум қилиши сўнгги йиллардаги энг қонли терактлардан бири бўлганди

Касалхонага ҳужумдан бир ой олдин – 2020 йил апрель ойида ИШИДнинг Хуросон бўлинмаси раҳбари Абдулла Оракзай Афғонистон жанубида қўлга олинганди. Бироз вақт ўтгач, Кобулда ушбу ташкилотга қарши ўтказилган операцияда ISIS-К’нинг беш аъзоси ўлдирилади.

БМТнинг Афғонистондаги ваколатхонаси (UNAMA) 2021 йилнинг биринчи тўрт ойида содир этилган ва улар учун ИШИД жавобгарликни ўз зиммасига олган 77 та терактни ҳисоблаб чиққан.

«ИШИД-Хуросон»нинг олдинги раҳбари Абдул Ҳасип 2017 йилнинг апрелида, ундан олдинги раҳбари Ҳофиз Сайид эса 2016 йил августда АҚШ ва Афғонистон қўшинларининг қўшма операциясида ўлдирилган.

ISIS-K 2016 йил АҚШнинг «террорчилик ташкилотлари» рўйхатига киритилган

14 январ куни АҚШ Давлат департаменти берган ёзма баёнотда «Афғонистон ва Покистон толибларининг собиқ аъзолари томонидан ташкил этилгани айтилувчи ИШИД-Хуросон ташкилоти хорижий террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритилгани» эълон қилинади.

2001 йилдан бери Афғонистонда бўлган АҚШ бу мамлакатда фақат «Толибон»  ва «Ал-Қоида» билан курашиш ҳуқуқига эга эди. ИШИДга қарши курашиш ваколати эса Сурия ва Ироқ билан чегараланган эди.

14 январдаги қарордан бир неча кун ўтгач, АҚШ Мудофаа вазирлиги АҚШ маъмурияти томонидан ISIS-К’га ҳам қарши курашиш учун қонуний ваколат олади.

Бу орада ташкилот шиаларга, БМТ ходимларига, АҚШ кучларига, журналистларга ва Афғонистондаги элчихоналарга қарши кўплаб ҳужумлар уюштиради.

ISIS-K 2016 йил охирида ҳам бир қатор ҳужумлар бўйича жавобгарликни ўз зиммасига олиб, тарғибот видеоларини эълон қилиш орқали ўз кучини исботлашга уринади.

Гуруҳ қай даражада радикал?

Яқин Шарқда ИШИДнинг таъсири деярли тугаган бўлса-да, ISIS-К, айниқса, сўнгги йилларда Афғонистонда қонли ва оммавий ҳужумларни уюштирди.

Ташкилот қизлар борадиган мактаблар, туғруқхоналар, шунингдек, аёллар даволанадиган шифохоналарга ҳужум уюштиради ва асосан, ҳомиладор аёллар ҳамда уларга ғамхўрлик қилаётган ҳамшираларни ўлдиради.

«Толибон»нинг мақсади Афғонистонда ҳукмронлик қилиш билан чекланган. Аммо ISIS-K ҳам минтақада кенг миқёсли ҳужумларни режалаштирмоқда, ҳам халқаро ИШИД тармоғининг бир қисми сифатида Европага қарши қаратилган ҳужумларни амалга оширишни кўзламоқда. Ҳатто имкон туғилганда ушбу ҳужумларни амалга оширмоқда.

Уларнинг базаси қаерда?

ISIS-К Афғонистон шарқида жойлашган, маркази Жалолобод шаҳри бўлган Нангарҳор вилоятида қўним топган. Бу вилоят Покистон чегараси орқали наркотик ва одам савдоси нисбатан осон амалга оширилувчи ҳудудда жойлашган.

Энг кучга тўлган даврида гуруҳнинг 3 минг жангчиси мавжуд эди. Бироқ кейин унинг кўплаб жангчилари АҚШ ва Афғонистон армияси ҳамда «Толибон»  билан кечган урушларда ҳалок бўлган.

Гуруҳнинг «Толибон» билан алоқаси борми?

Айтиш мумкинки, ISIS-К «Толибон» билан учинчи томон – «Ҳаққоний тармоғи» орқали билвосита боғланган.

«Толибон» раҳбарининг қўл остидаги маъмуриятда энг нуфузли уч ўринбосардан бири бўлган Сирожиддин Ҳаққоний «Ал-Қоида» билан ҳам яқин алоқада бўлган «Ҳаққоний тармоғи»нинг раҳбаридир.

Шуни ёдда тутиш керакки, ИШИДга «Ал-Қоида»нинг Ироқдаги бўлими раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий асос солган. Тадқиқотчиларга кўра, ISIS-K ва «Ҳаққоний тармоғи» ўртасида кучли алоқалар ўрнатилган. Бу ҳам мазкур ташкилотнинг «Толибон»  билан алоқаси борлиги ҳақидаги хулосага олиб келади.

АҚШнинг мамлакатдан чиқиб кетиш жараёнида – 15 август куни «Толибон» Кобул назоратини ўз қўлига олганда ҳам ушбу шаҳар хавфсизлиги учун масъул сифатида Сирожиддин Ҳаққонийнинг яқин қариндоши Халил Ҳаққоний тайинланди. Қайд этиш жоиз, Халил Ҳаққонийнинг боши учун АҚШ томонидан 5 миллион доллар мукофот қўйилган.

Афғонистон собиқ вице-президенти Амрулла Солиҳ ҳам «Толибон» ва «Ҳаққоний тармоғи» ўртасидаги боғлиқлик ҳақида гапирган.

Осиё-Тинч океани жамғармаси вакили доктор Сажжан Гоҳел кўп йиллар давомида Афғонистондаги жангари тармоқларни ўрганган. Унинг сўзларига кўра, «2019-2021 йиллар орасида Афғонистонда уюштирилган кўплаб йирик ҳужумлар ортида ISIS-К, «Ҳаққоний тармоғи» ва Покистонда жойлашган баъзи кичик террорчилик ташкилотларининг ҳамкорлиги турибди».

«Толибон» 15 августда Кобулга кирганида Пул-и-Чарки қамоқхонасида ётган кўп сонли маҳбусларни қўйиб юборди. Уларнинг аксарияти ИШИД ва «Ал-Қоида» аъзоси сифатида айбланиб қамалганди. Маҳкумлар орасида тўққиз киши жойида қатл қилинган. Ўлдирилганлардан бири Абу Умар Хуросоний тахаллуси билан танилган киши эди, у илгари ИШИДнинг Афғонистондаги бўлинмаси етакчиларидан бири бўлган.

«ИШИД-Хуросон» ва «Толибон» ўртасида жиддий фарқлар мавжуд. ISIS-К «Толибон»ни жиҳоднинг мақсадидан четлашишда, Қатар пойтахти Доҳадаги «ҳашаматли ва кўркам меҳмонхоналар»да америкаликлар билан бир столда ўтириш учун курашдан воз кечишда айблайди.

Эндиликда ИШИД жангарилари «Толибон» томонидан тузиладиган ҳукуматга жиддий хавф туғдирмоқда. Бу эса «Толибон» ва Ғарбни ИШИД масаласида бир томонга йўналтирмоқда. 

Отабек Тиллаев
Тайёрлаган Отабек Тиллаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид