Ўзбекистон | 20:12 / 30.08.2021
5654
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ ва ЮНИСEФ пандемия шароитида мактабларни ёпмасликка чақирди

Мактабларнинг узлуксиз ишлаши ва хавфсиз ўқиш муҳитини таъминлаш мақсадида ЖССТ, ЮНИСEФ ва ЮНEСКО Европа техник маслаҳат гуруҳи томонидан тайёрланган тавсияларни маъқуллади.

Фото: Getty Images

ЖССТнинг Европадаги минтақавий бюроси ва БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) коронавирус пандемияси шароитида мактабларни ёпмасликка ва вирус тарқалишини минималлаштириш чораларини кўриш орқали мактаблардаги хавфсизликни таъминлашга чақирди.

Бу чоралар ўқитувчилар ва мактаблардаги бошқа ходимлар ҳамда аҳолининг заиф қатламининг коронавирусга қарши эмланишини таъминлашни ўз ичига олади. Қайд этилишича, COVID-19 оғир кечиши мумкин бўлган, саломатлигида муаммолар бўлган 12 ёшдан ошган болалар ҳам эмланиши лозим. 

“Пандемия ҳали енгилмади, лекин болаларнинг ўқиши  учун хавфсиз муҳитни таъминлаш устувор вазифамиз бўлиши керак. Фарзандларимизни имкониятлардан маҳрум қилишга ҳаққимиз йўқ. Барча мамлакатларни мактабларнинг ёпилишига йўл қўймасликка ҳамда мактабларни COVID-19 хавфини ва вирус тарқалишини камайтирадиган чоралар кўришга чақирамиз”, – деди  ЖССТнинг Европадаги минтақавий директори Ҳанс Клюге.

Мактабларнинг узлуксиз ишлаши ва хавфсиз ўқиш муҳитини таъминлаш мақсадида ЖССТ, ЮНИСEФ ва ЮНEСКО Европа техник маслаҳат гуруҳи томонидан тайёрланган қуйидаги тавсияларини маъқуллади:

  • Мактаблар ёпилишини энг сўнгги чора сифатида кўриш: энг охирги навбатда мактаблар ёпилиши ва биринчи навбатда очилиши;
  • тестлар ўтказиш бўйича стратегияларнинг бажарилишини таъминлаш;
  • хавфларни камайтиришнинг самарали чораларини кўриш;
  • болаларнинг руҳий ва ижтимоий фаровонлигини ҳимоясини таъминлаш;
  • оғир вазиятга тушиб қолган болалар ҳимоясини таъминлаш;
  • мактаб муҳитида ижобий ўзгаришларни таъминлаш;
  • қарор қабул қилиш жараёнида болалар ва ўсмирлар иштирокини таъминлаш;
  • мактаб ёпилишининг олдини олиш учун эмлаш стратегиялари бажарилишини таъминлаш.

Мавзуга оид