Жамият | 14:42 / 30.08.2021
12460
2 дақиқада ўқилади

Қуйи Чирчиқда тадбиркор Ғофур Раҳимов ҳомийлиги остида STEM фанларига ихтисослашган мактаб очилди

Бугун, 30 август куни Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида 2021-2022 ўқув йили олдидан яна бир мактабнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, ўзбекистонлик таниқли тадбиркор Ғофур Раҳимов маблағи ҳисобидан қурилган муассаса республикадаги илк STEM фанларига ихтисослашган мактаб ҳисобланади.

«Мактабнинг очилиш маросимида ҳукумат, Халқ таълими вазирлиги ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Очилиш маросимдан олдин мактабни тўлиқ қуриб ва жиҳозлаб берган ҳомий Ғофур Раҳимов ҳамда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов томонидан муассаса ҳовлисига рамзий маънода кўчатлар экилди.

Қувонарли жиҳати ҳудудларда мактабларнинг шаклини ўзгартириш учун саховатли тадбиркорлар ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бугун мана шундай тадбиркорлардан бири Ғофур Раҳимов маблағлари эвазига 45-мактабнинг эски биноси ўрнида замонавий таълим маскани қад ростлади.

Мактабда ўқувчиларнинг замонавий таълим олиши учун барча имкониятлар мавжуд. 600 ўринга мўлжаллаб қурилган таълим муассасасида 634 нафар ўқувчига 43 нафар педагог таълим беради. Мактаб энг замонавий жиҳозлар ва сўнгги ахборот технологиялари билан жиҳозланган. STEM фанларига ихтисослашган таянч мактабида математика, чет тили, ахборот технология ва кимё-биология фанлари чуқурлаштирган ҳолда ўқитилади.

Ҳомийлик асосида тўлиқ жиҳозланиб, қуриб берилган мактаб Қуйи Чирчиқ аҳолиси, шу билан бирга ёшлар учун Мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги байрамига муносиб совға бўлди», – дейилади вазирлик хабарида.

Қўшимча қилинишича, Тошкент вилоятида сўнгги 3 йил давомида 268 та мактаб инвестиция ва бошқа дастурлар асосида таъмирланиб, бунинг учун 380 млрд сўм маблағ сарфланган. 

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид