Ўзбекистон | 16:28 / 31.08.2021
15365
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ТИВ «Толибон» Афғонистонда ўзбек тилини мактаб дастуридан чиқариб ташлагани ҳақидаги хабарларни рад этди

Турли ижтимоий тармоқларда "Толибон" ҳаракати Афғонистонда ўзбек тилини ўрганишни мактаб дастуридан чиқариб ташлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу маълумот юзасидан расмий баёнот берди.

“Шу кунларда “таҳлилчи” Анвар Назир ижтимоий тармоқларда “Толибон” ҳаракати гўёки Афғонистон ҳудудида мактаб дастуридан ўзбек тилини олиб ташлагани ҳақидаги янгиликни жойлаштирди.

Бундан келиб чиққан ҳолда, ушбу шахс Афғонистонда Амир Темур, Шайбонийхон, Бобораҳим Машраб, Маҳмуд Ғазнавий, Абу Райҳон Беруний меросининг ўрганилиши ҳамда навоийшуносликнинг ҳам тақиқлангани ҳақида хулоса қилади.

Шуни маълум қиламанки, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг “Толибон” ҳаракати расмий раҳбарияти билан бўлиб ўтган суҳбати чоғида ушбу ахборотнинг ҳақиқатга зидлиги таъкидланди”, деб маълум қилди Ўзбекистон ТИВ расмий вакили Юсуф Қобулжонов.

Билдирилишича, “Толибон” вакили ўзбек тили, пушту ва дарий тиллари билан бир қаторда, бундан буён ҳам Афғонистоннинг расмий тилларидан бири бўлиб қолишини тасдиқлаган. 

“Ўзбек тилини ўрганиш ва ривожлантиришга, толиблар расмий вакилининг маълумотига кўра, мамлакат янги раҳбарияти алоҳида эътибор қаратади.

Баъзи билимсиз “таҳлилчи” ва журналистларнинг шубҳали шов-шувлар ва “қайноқ факт”лар илинжида очиқдан очиқ бузиб кўрсатилган ва ёлғон ахборотларни тарқатаётгани эса афсусланарли ҳолатдир”, дейилади ТИВ баёнотида.

Бундан олдин, ТИВ Ўзбекистон қочқинлар учун чегарани очиши ҳақида тарқалган хабарни рад этганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид