Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Афғонистоннинг беҳисоб бойликлари. Толиблар даврида мис, олтин ва литий кимга насиб этади?
Афғонистон замини табиий ресурсларга бой бўлиб, бу бутун дунёдаги инвесторларнинг иштаҳасини қўзғайди - олтин ва бошқа қимматбаҳо тошлардан мис ва дефицит бўлган литийгача. Мамлакатда ҳокимият ўзгаргач, қиймати камида 1 триллион доллардан ошиқни ташкил этувчи ер ости бойликларига ким эга чиқади?
20 йил мобайнида Афғонистонда ҳарбийларини сақлаб турган америкаликлар кетишга қарор қилгач, толиблар ҳокимиятни эгаллади. Ўн йиллаб давом этган урушлар оқибатида вайронага айланган мамлакатда режим ўзгариши янги ҳукумат табиий бойликлар, инсон капитали ва сайёранинг энг кўп аҳоли яшайдиган давлатлари ўртасидаги савдо йўллари чорраҳасидаги географик жойлашувдан қанчалар омилкорлик билан фойдаланиши ҳақида саволни ўртага чиқарди.
Советлар ва Америка геологлари Афғонистондаги кўкнори плантациялари ҳамда пиёдаларга қарши миналар билан қопланган тоғлари ва даралари бағрида ўн миллионлаб тонна мис ва боксит (алюминий рудаси), миллиардлаб тонна темир рудалари, шунингдек, олтин, мармар ва бошқа қимматбаҳо минерал бойликлар яширин экани ҳақида хулоса қилишган.
Аммо шу вақтгача Афғонистонда бу мўл-кўл бойликларни қазиб олиш ва сотишга, бу орқали аҳоли турмуш тарзини оширишга, тиббиёт, таълим ва фанни ривожлантиришга, ёки ҳеч бўлмаганда давлатни бойитишга муваффақ бўлинмаган.
Ҳиндистонлик, британиялик, канадалик ва хитойлик инвесторлар келишувлар имзолашган, аммо уларнинг ҳеч бири мамлакатда фойдали қазилма конлари фаолиятини бошлай олмаган, чунки мамлакат ҳатто НАТО найзалари остида ҳам «фантастик даражада коррупцияга ботган» давлат бўлиб қолаверган (беш йил муқаддам Британия бош вазири Дэвид Кэмерон қиролича Елизавета II га берган ҳисоботида Афғонистонга шундай таъриф берганди).
Жаҳон банки мамлакатларда бизнес юритиш учун яратилган шароитлар баҳоланадиган Doing Business рейтингида Афғонистонни 190 мамлакат орасида 173-ўринга жойлаштирган. Transparency International коррупцияга қарши курашиш халқаро нодавлат ташкилоти рейтингида эса бу мамлакат 180дан 165-ўринни эгаллаган.
«Хусусий бизнес тараққиётига хавфсизлик ва хусусий мулк ҳимояси борасидаги муаммолар, сиёсий беқарорлик, кучсиз давлат институтлари, инфратузилмалар етарли даражада эмаслиги ва коррупция гуллаб-яшнагани тўсиқ бўлиб келади. Мамлакатдаги ишлаб чиқариш, экспорт ва бандликнинг катта улуши соядаги иқтисодиётга тўғри келади: гиёҳвандлик моддалари савдоси, контрабанда ва фойдали қазилмалар ноқонуний йўл билан қазиб олиниши», дейилади Жаҳон банкининг афғон инвестиция иқлими бўйича хулосасида.
Америкаликлар кетиши ва толибларнинг ҳокимиятга қайтиши Афғонистоннинг бундай муаммоларини ҳал қилиши даргумон.
Инвесторлар пулга сотиладиган амалдорлар билан ишлай олишган ва ҳатто баъзида шуни афзал кўришган, дунёнинг кўплаб мамлакатларида террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҳарбийлашган гуруҳ билан ишлаш эса мураккаброқ, айниқса гап дастлабки даромад бир неча йил, баъзида ўн йилгача кутиладиган, кўп муддат давомида харажат қилиш талаб этиладиган лойиҳалар ҳақида кетганда.
Янги ҳукумат хориж капиталисиз узоққа бора олмайди. 90-йиллардаги толибларнинг тоғ рудаларини ўзлаштиришдаги ютуқлари маҳаллий кончилар иштирокида қимматбаҳо тошларни қўлбола усулларда қазиб олиш билан чекланганди. Агар ҳозир ҳокимиятга келган толиблар халқаро бизнес вакилларини ўз кафолатлари остида миллиардлаб маблағларни сарфлаш учун таваккал қилишга ишонтира олмаса, Aфғонистоннинг ер ости бойликлари бундан кейин ҳам шундайлигича тегилмаган ҳолда қолиб кетади.
Хариталар бор, шахталар йўқ
Қаерларни қазиш кераклиги аллақачон маълум бўлган эди.
Фойдали қазилмаларнинг жойлашуви бўйича илк хариталар 1960-йиллардаёқ совет геологлари томонидан тузилган. Бу хариталар ярим аср давомида чанг остида қолди, бу вақтда афғонлар аввалига ўзаро, кейин СССР армиясига қарши ва кейин яна ўзаро жанглар олиб боришди. Сўнгги йигирма йиллик эса АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қарши кураш билан кечди.
Иш шахталар ва комбинатлар қурилишигача етиб келмаган. Мис ва темир рудалари айрим жойларда ер юзасига ҳам чиқиб қолган, бу эса тоғларда қизил ва яшил ранг аралаш чиройли пейзаж ҳосил қилади.
Фақат ложувард (лазурит), зумрад ва ёқут хонаки усулларда қазиб олинади, олтинли қумлар қўлда ювилади. Бундай ишлар асосан ҳукумат назорати суст бўлган ҳудудларда толиблар томонидан амалга оширилган ва қазилма бойликлар контрабанда орқали Покистонга олиб кетилган.
Ўтган йилларда Афғонистон иқтисодиётининг асосий таянчи минерал ресурслар эмас, опиум (афюн) хомашёси бўлган.
БМТ баҳоларига кўра, мамлакатдаги иқтисодий фаолликнинг 10 фоизлик қисми опиумчиларга тўғри келади, уларнинг ишлаб чиқариш, экспорт қилиш ва истеъмол ҳажми Афғонистондаги бошқа барча маҳсулотлар расмий экспорти ҳажмидан икки баробар кўпроқдир.
Натижада мамлакат табиий ресурсларга бой бўлса ҳам, жаҳон бозорига мис ёки литий етказиб беришда ҳеч қандай ўринга эга эмас, аммо жаҳон бўйлаб истеъмол қилинадиган гиёҳвандлик моддаларининг 85 фоизини етказиб беради.
Америкаликлар 20 йиллик оккупация даврида тоғ-руда саноатини ривожлантириш учун шароит яратишга уринди. Улар советлар давридаги хариталарни очишди ва уларнинг асосида ўзлари янги хариталарни тузишга киришди.
Ўн йил давомида АҚШ Геология хизмати (USGS) 40 терабайт ҳажмдаги маълумотларни тўплади ва афғонларни улар билан ишлашга ўргатди. Aфғонистон ҳудуди гиперсектрал тасвир ёрдамида деярли 100 фоиз зондланган дунёдаги илк мамлакат бўлди, унинг натижаларига кўра америкаликлар 60та супер замонавий харита чиқарган. Қазийдиган одам эса топилмаган.
Шу билан бирга, хариталар фақат ресурсларни баҳолайди, аммо фойдали қазилмаларнинг тижорий захирасини аниқ кўрсатиб бера олмайди. Бунинг учун, кредитга олинган пуллар билан чинакам ўрганиш ва қазиш ишлари олиб борилиши, қазилмалар хавфсиз йўллар орқали ташилиши ва жаҳон бозорида сотилиши керак. Потенциал даромадни ҳисоблаш учун тонналаб қазилмалар Лондон металл биржасида долларга чақилиши керак бўлади.

Тоғ-кончилик ишининг амалий томони кўпроқ банкирлар ва бизнесменларни қизиқтиради. Геологлар, айниқса ҳарбийлар ер ости бойликларига дрон учиш баландлигидан гиперсектрал съёмкалар орқали қарашади.
Улар юқоридан қараб Афғонистон эртакнамо тарзда бой деб айтишади. 2010 йилда USGS ва Пентагон шундай эълон қилишганди: Афғонистон замини қарийб 1 триллион долларлик минерал ресурсларни ўзида сақламоқда.
Кўпроқ бўлиши ҳам мумкин, чунки баҳолаш ишлари ўша вақтдаги бозор нархлари бўйича берилган, у вақтда жаҳонда молиявий инқироз ҳукм сураётган, қолаверса, бунда нефть, газ ва электромобиллар батареялари учун ноёб металл ҳисобланган ва бугунги кунда бозорда ўз ўрнига эга бўлган литий ҳисобга олинмаган.
Ўша йилларда литийга қизиқиш эндигина пайдо бўлганди ва америкаликлар ҳисобот учун Афғонистондаги литийнинг аниқ захираларини ҳисоблашга улгуришмаган. Аммо ўшандаёқ америкаликлар дастлабки ҳисоб-китобларнинг ўзи бу мамлакатда саноат миқёсида литий қазиб олиш истиқболлари юқори эканини кўрсатаётганини айтишган.
АҚШ Мудофаа вазирлигининг ҳужжатларидан бирида Афғонистонни «Литийнинг Саудия Арабистони» деб ҳам аташган - Саудия Арабистони нефть захираларига қанчалар бой бўлса, Афғонистонда литий шунча кўплигига урғу берилган.
Ҳиндлар ва хитойликларнинг муваффақиятсизлиги
Литий захиралари ва бошқа нодир металлар ҳам ҳисобга олинса, Афғонистондаги минерал хомашё захиралари баҳоси 3 трлн долларгача етади. Лекин аниқланган захираларни қазиб олиш ва сотиш учун пул, технология, инфратузилма ва хавфсизлик керак.
Буларнинг бари афғонлар учун қийин иш.
Америка оккупацияси даврида воситалар пайдо бўлди - мамлакат халқаро донорлар томонидан фаол равишда қўллаб-қувватлана бошлади. Аммо улар пулларни асосан давлат қуриш, мамлакатдаги инфратузилмалар тикланиши, йўллар, энергетика ирригация тармоқлари қурилиши, шунингдек, замонавий иқтисодиётдаги энг қадрлиси бўлган инсон капиталини ривожлантириш учун йўналтирилди.
Масалан, Жаҳон банки соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий тенгликни ривожлантириш, хусусий инвесторлар ва тадбиркорларни рағбатлантириш учун 5 млрд доллардан ортиқ маблағ ажратган.
Афғон ҳукумати ер ости бойликлари билан ишлаш учун керакли маблағларни ёки хазинадан олиши ёки йирик хорижий инвесторларни жалб этиши керак эди. Айримларни жалб этишга ҳам муваффақ бўлинади. Уларнинг барчаси қудратли қўшнилар эди.
Хитой ва Ҳиндистон иқтисодийдан кўра сиёсий сабабларга кўра сармоя киритишга шошилади.
Ҳиндистон 11 миллиард долларлик инвестиция ваъда қилинган келишувларни имзолаган, шундан уч миллиард доллар сарфланган - энди эса азалий рақиби, толиблар ҳомийси Покистонни хурсанд қилган ҳолда мамлакатдан ҳеч нарсасиз чиқиб кетди.
Steel Authority of India (SAIL) бошчилигидаги ҳинд консорциуми металлургия комбинати қурмоқчи эди. Аввалига темир рудаси сифати борасида, кейин эса хавфсизлик борасида муаммолар юзага келди. Энди эса ҳокимият Ҳиндистон раҳбарияти келишиши имконсиз бўлган кучлар қўлига ўтиб кетди.
Хитойнинг толиблар билан мафкуравий жиҳатдан тафовутлари камроқ, аммо Хитой бизнеси фуқаролар уруши шароитларида таваккалчилик қилиб миллиардларни сарфлашга тайёр эмас.
2008 йилдаёқ Хитой давлат компанияларидан бири Кобулдан узоқ бўлмаган ҳудудда, дунёдаги энг йирик мис конлари жойлашган «Мес Айнак»да ўзлаштириш ишларини олиб бориш учун концессия (кондан фойдаланиш бўйича давлат ва капиталист фирма ўртасида тузиладиган шартнома) олади. Бу ҳудудда Афғонистон мис захираларининг учдан бир қисми - 11 млн тонна мис ЮНЕСКО томонидан Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган будда ёдгорликлари остида жойлашган.
Аммо 12 йил ўтди, будда ҳайкаллари жойида, рудалар ер остида қолмоқда. Хитойликларнинг ўтган вақт ичида толиблар билан муносабати фақат икки эпизод билан чекланган.
2016 йилда толиблар бўлажак шахтани ўз ҳимоялари остига олишларини эълон қилишди (Кобулдаги америкапараст ҳукумат буни радикал кучларнинг ребрендинги доирасидаги валдираш деб атади). Икки йил олдин толиблар очиқ коннинг бошланиш қисмидаги объектларга ҳужум қилиб, хитойликлар томонидан ёлланган саккиз ишчини ўлдиришди.
Америкаликлар кетиши ортидан Хитойдаги Global Times таблоиди (ҳукуматпараст нашр) ушбу мамлакатдаги инвестицияларга масъул бўлган амалдорга таянган ҳолда хитойликларнинг Афғонистондаги шу ва бошқа лойиҳалари «ижтимоий беқарорлик!» туфайли ҳамон тўхтаб тургани ҳақида ёзди.
Хитой миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) эса Амударё ҳавзасида амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳани бутунлай тўхтатган, Reuters агентлиги Хитой компанияси вакилига асосланиб ёзишича, бунга нафақат Туркманистонда қазиб олинган нефтни қайта ишлаш бўйича келишувга эришилмагани, балки конларга бир неча қуролли ҳужумлар уюштирилгани ҳам сабаб бўлган.
Хитойликлар қайтишдан умид узишмаган, шу билан бирга режим ўзгаришини хурсандчилик қилишга ҳам шошилишмайди.
Jiangxi Copper Company билан бирга «Мес Айнак» конларидан фойдаланиш бўйича концессияни қўлга киритган China Metallurgical Group компанияси қазиш ишларини тиклаш ҳақида ўйламоқда. Фақат икки шарт билан.
«Биз вазият барқарорлашиб, толиблар режими халқаро миқёсда, шу жумладан Хитой ҳукумати томонидан тан олинганидан кейин ишни тиклаш имкониятини кўриб чиқишга тайёрмиз», дея хабар берган Хитой давлат нашри давлат компаниясидаги манбадан иқтибос келтирган ҳолда.
Қабристон сукунати
«Империялар қабристони» деб ҳам аталадиган Афғонистонда беҳисоб миқдорда табиий бойликлар кўмилган. Мамлакатда беқарорлик сақланиб қолар экан, уларга ҳеч ким дахл қилмайди. Сўнгги ўн йилликларда бу ерда маъдан эмас, фақат империялар учун янги гўрлар қазилган.
Адоқсиз урушлар Афғонистонни нафақат фойдали қазилмалар келтирадиган фаровонликдан (балки тавқи лаънатдан) бебаҳра қилган, балки транзит давлат сифатидаги улушлардан ҳам маҳрум этган - бу мамлакат кўп вақтлардан буён Каспий ҳавзасида қазиб олинган нефть ва газни Осиё жануби-шарқига етказишда транзит йўлаги сифатида кўриб келинади, аммо хавфсизлик бўйича муаммолар туфайли режалар қоғозда қолиб кетган.
Афғонистон иқтисодиётида истиқболли деб кўрилган бошқа соҳалар ҳам - туризмдан қишлоқ хўжалигигача, қуёш энергетикасидан савдогача - барчаси уруш оловида қоврилди.
Сўнгги йигирма йилликда Афғонистон асосан донорлар ҳисобига, толиблар эса наркотик моддалар ва хомашё савдоси, шунингдек, маълум миқдордаги донорлик маблағлари эвазига яшади.
Афғонистонда ҳукм сурган режимларнинг ҳеч бири шу вақтгача фойдали қазилма бойликларини ўзлаштиришга йирик инвестицияларни жалб этиш учун талаб этиладиган барқарор ва жозибали муҳит ярата олмади.
Мавзуга оид
21:58 / 21.05.2025
АҚШ «Толибон»нинг террорчи ташкилот мақомини қайта кўриб чиқади
15:06 / 15.05.2025
Ўзбекистон Афғонистондан чорва молларини импорт қилиши мумкин
17:22 / 14.05.2025
Афғонистон Ўзбекистонга Ҳирот оқ мармарини совға қилди
17:47 / 12.05.2025