Ўзбекистон | 15:11 / 03.09.2021
17031
1 дақиқада ўқилади

GM ва Ford’нинг қатор заводлари фаолиятини вақтинча тўхтатади

Аввалроқ яримўтказгичлар етишмовчилиги туфайли Япониянинг Toyota ва Nissan ҳамда Американинг Stellantis компаниялари фаолиятини тўхтатиши хабар қилинганди.

Фото: Reuters

АҚШнинг General Motors компанияси Шимолий Америкадаги саккизта заводи фаолияти икки ҳафтага тўхтатилишини маълум қилди.

Компания баёнотига кўра, 6 сентябрдан Форт-Уэйн (Индиана штати) ва Мексиканинг Силао шаҳридаги заводлари бир ҳафтага тўхтайди. Уэнтзвилл (Миссури штати) шаҳридаги пикап ва катта фургонлар ишлаб чиқарувчи завод икки ҳафтага ёпилади. Асосан йўлтанламаслар ишлаб чиқарилувчи бошқа заводлар ҳам икки ҳафта ёки ундан кўпроқ муддатга фаолиятини тўхтатади.

Баёнотда айтилишича, бунга яримўтказгичлар етказиб беришдаги муаммолар сабаб бўлган.

Яна бир йирик автомобил ишлаб чиқарувчи Ford Motor компанияси ҳам Канзасдаги заводи икки ҳафтага ёпилишини эълон қилди. Бундан ташқари, Дирборн (Мичиган штати) ва Луисвиллдаги (Кентукки штати) заводларда иш сменалари қисқартирилади.

Аввалроқ яримўтказгичлар етишмовчилиги туфайли Япониянинг Toyota ва Nissan ҳамда Американинг Stellantis компаниялари фаолиятини тўхтатиши хабар қилинганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид