Ўзбекистон | 16:26 / 04.09.2021
8324
4 дақиқада ўқилади

«Чақар»даги стадион можароси: Самарқанд шаҳар ҳокимлиги судда тадбиркорга ютқазди ва вилоят судига апелляция киритди

Ижтимоий тармоқларда «Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосарининг тоғаси ва синфдоши Самарқанд шаҳар ҳокими Облоқулов тадбиркор ва аҳолининг ерини тортиб олмоқда» сарлавҳали хабар тарқалган. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати мазкур хабар бўйича муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, Самарқанд шаҳар ҳокими томонидан 2015 йил 26 май куни 653-Қ-сонли қарор қабул қилинган. Унда «Чақар» МФЙга ўша ҳудудда жойлашган ташландиқ, қаровсиз ҳолдаги ер майдонида тадбиркорларнинг ташаббуси ва ёрдами билан, тасдиқланган замонавий архитектура лойиҳалари бўйича футбол майдончаси қуришга рухсат берилган. Аммо қурилиш ишлари амалга оширилмаган.

Шу сабабли шаҳар ҳокимининг 2018 йил 8 июндаги 1101-Қ-сонли қарори билан мазкур ер майдони «Mehr Al-Bizness» хусусий корхонасига шаҳарсозлик лойиҳа ҳужжатлари асосида маҳалла учун зарур бўлган болалар ўйингоҳи ҳамда футбол майдончаси қуришга рухсат бериш мақсадида шаҳар ҳокимининг 2015 йил 26 майдаги 653-Қ-сонли қарорига ўзгартириш киритилган.

Аммо бугунги кунгача ҳудуддаги футбол майдончасида «Mehr Al-Bizness» хусусий корхонаси томонидан қурилиш ишлари олиб борилишида аҳолининг розилиги олинмагани, улар билан келишилмагани ҳамда маҳалла фаоллари билан муҳокама қилинмагани учун «Устозлар» (собиқ «Чақар», халқ тилида «Лимонадний») МФЙ ҳамда ушбу маҳалла фуқаролари қурилиш ишлари олиб борилишига мутлақо норозилигини билдирган.

Қайд этилишича, маҳалла аҳли мазкур футбол майдончаси ҳашар йўли билан ободонлаштирилиб таъмирлангани, уни бузиб қайтадан ўрнида янги футбол майдончаси ҳамда болалар ўйингоҳи қуришга эҳтиёж йўқлигини инобатга олган ҳолда Самарқанд шаҳар ҳокимига 2018 йил 8 июндаги 1101-К-сонли қарорини бекор қилиш ва шаҳар ҳокимининг 2015 йил 26 майдаги 653-Қ-сонли қарорини ўз кучида қолдиришни сўраб мурожаат қилган.

Маҳалла аҳли мурожаатидан келиб чиқиб, халқ манфаатлари кўзланган ҳолда Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2019 йил 22 майдаги 1472-Қ-сонли қарори билан шаҳар ҳокимининг 2018 йил 8 июндаги 1101-Қ-сонли қарори бекор қилинган. Шундан сўнг «Mehr Al-Bizness» хусусий корхонаси томонидан шаҳар ҳокимининг 2019 йил 22 майдаги 1472-Қ-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида суд органларига мурожаат қилинган.

Охирги суд инстанцияси қарорига кўра, «Mehr Al-Bizness» хусусий корхонасининг талаби қаноатлантирилган. Бироқ фуқаролар йиғинига ер ажратиш тўғрисидаги қарорнинг бекор қилинишидан норози бўлган ҳокимлик белгиланган тартибга кўра, апелляция бериш имкониятидан фойдаланган ҳолда Самарқанд вилояти маъмурий судининг апелляция судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят киритган.

«Айни пайтда ушбу апелляция шикояти Самарқанд вилояти маъмурий суди томонидан кўриб чиқилмоқда. Эслатиб ўтиш ўринлики, суд мустақил орган ҳисобланади ва унинг дахлсизлиги қонун билан кафолатланган. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, хабарда «ер тадбиркорники», дея бир неча маротаба айтилди. Аслида унақа эмас ва тадбиркорга ерга нисбатан ҳеч қандай эгалик ҳуқуқи берилмаган», дейилади ҳокимлик баёнотида.

Ҳокимлик баёнотида ушбу стадион ўрни қаровсиз ер экани айтилган, бироқ Самарқанд шаҳри фуқаролари бу ерда доим яхши стадион бўлганини билади ва фақат охирги йилларда стадион ўрни қаровсиз бўлиб қолди. Google’нинг коинотдан туширилган ушбу суратларида стадион ҳатто 2015 йилгача яхши ҳолатда бўлгани кўринади.

2004
2009
2011
2015
2017
2021
Стадион шаҳар марказидаги жуда қулай ерда жойлашган

Стадион Самарқанд шаҳрининг марказий қисмида мини-турнирлар ўтказиш учун қулай жой бўлган ва у ерда кўплаб шундай мусобақалар ўтган. Футбол ихлосмандлари бу стадионни шаҳардаги майдони энг яхши стадионлардан бири сифатида эслашади.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид