Ўзбекистон | 17:34 / 04.09.2021
3356
2 дақиқада ўқилади

ИТБ Ўзбекистонда онкологик хизматларни ривожлантириш учун 80 миллион доллар ажратади

Ислом тараққиёт банки онкологик хизматларни ривожлантириш учун 80 миллион доллар, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ҳузурида Ислом тараққиётининг ақлли синфини ташкил этиш учун 51,5 миллион доллар маблағ ажратади. Шунингдек, Ўзбекистондаги 4та хусусий банкнинг ҳар бирига 10 миллион доллар миқдорида пул ажратилиши бўйича келишув имзоланди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати

Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонда онкологик хизматларни ривожлантириш лойиҳасини қўллаб-қувватлаш учун 80 миллион доллар ажратади. Келишув бугун, 4 сентябр куни Тошкентда якунланаётган ИТБ бошқарувчилар кенгаши йиғилиши доирасида имзоланди.

Лойиҳанинг мақсади – онкология марказларини қуриш/қайта тиклаш ва жиҳозлаш, институционал ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, кўрсатмалар ва баённомаларни ишлаб чиқиш ва янгилаш, тегишли тиббиёт касбларини яратиш ва янгилаш орқали хавфсиз ва юқори сифатли онкология хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдир.

Шу жумладан, ўқув дастурлари, академик таълим, клиник тайёргарлик, радиациядан ҳимоя ва хавфсизликнинг юқори даражасини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ҳузурида Ислом тараққиётининг ақлли синфини ташкил этиш учун 51,5 миллион доллар ёрдам гранти тақдим қилинади. Икки томонлама шартнома Халқаро ислом Академияси ректори Баҳром Мамадиев ва ИТБ Мамлакат дастурлари бўйича вице-президенти Мансур Мухтор ўртасида имзоланди.

Шунингдек, Ўзбекистондаги 4та хусусий банк: Kapitalbank, Trastbank, Orient Finans Bank ва InFinBank билан ҳар бирига 10 миллион доллар миқдорида пул ажратилиши бўйича келишув имзоланди. Бу маблағлар банклар томонидан соғлиқни сақлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, шариатга мувофиқ Ўзбекистондаги COVID-19 пандемиясидан зарар кўрган, хусусий сектор ва тадбиркорлик субъектларининг мудофаа, сайёҳлик, ҳордиқ чиқаришга ўхшаш фаолият турларидан ташқари барча иқтисодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун сарфланиши белгиланди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид