Спорт | 17:02 / 06.09.2021
40823
15 дақиқада ўқилади

Беш савол. Швецияга қарши ўйиндан кейинги ўйлар

Швецияга қарши ўйинда миллий жамоамизда навбатдаги мураббий дебют қилди.

Фото: ЎФА

Сречко Катанец Қосимов, Купер, Абрамовдан сўнг навбатдаги халоскор сифатида намоён бўлса-да, аллақачон бир нарсани тушуниб етган бўлишимиз керак: қандайдир натижа ёки бирор мағлубиятда мураббийнинг аниқ хатолари сабаб бўлиши мумкин, лекин ягона ва балки асосий муаммо мураббий эмас. Агар биз халқаро футболда қандайдир дадил қатнашиш ниятида эканмиз, мураббийни ўзгартиришнинг ўзи билан муаммолар ечилиб қолмайди.

Ҳа, қайсидир мағлубият ёки истеъфоси пишиб турган мураббий даврида қандайдир лойиҳалар, болалар футболи ёки кўп муддатли режалар ҳақида гапириш ноўрин бўларди, аммо ҳозир шундай пайтки, биз циклни одатдагидан эртароқ тугатдик, демак, вазиятга кенгроқ қараш, ўрганиш ва базавий муаммолар устида бош қотириш учун айни палла. Шу ўринда эътиборни қаратиш лозим бўлган икки нуқта устида тўхталмоқчиман.

Маҳоратли рақибларга қандай қаршилик қилиш мумкин?

Швеция билан ўйин кўрсатди, жуда кўп етакчи футболчиларсиз ҳаракат қилган рақиб кўп жабҳада биздан устунлигини намойиш қилди. Осиёнинг етакчи жамоалари Швециянинг биринчи жамоаси билан ҳам тенг ўйнай олади, ҳатто ғалаба қозонишлари ҳам мумкин, буни кўрганмиз.

Бир нарсани тан олиш керак – футболимиз ЖЧга чиқишда бизга рақиб бўладиган Япония, Австралия, Корея, Эрон каби мамлакатларникидан ортда. Буни нафақат ўзаро ўйинлар, балки таркибларни солиштириш орқали ҳам билиш мумкин. Бу жамоалар сафида Европанинг кучли лигаларида тўп сурадиган 1-2 эмас, 7-8 нафардан футболчи майдонга тушади. Яъни аввал бошиданоқ бизнинг мураббийлар оғирроқ ҳолатда курашни бошлайди, кўпроқ меҳнат, кўпроқ илм, кўпроқ омад талаб қилинади. Хўш, мана шундай нотенг пойгада мураббийларимиз имкониятини яқинлаштириш учун нималар қилиш керак?

Футбол оламида бир гап бор: услуб маҳоратни енгади. Яъни футбол жамоавий ўйин, алоҳида олганда кучсизроқ ижрочилардан йиғилган таркиб агар маълум бир услуб, стратегия ва тартибга амал қилиб ўйнаса, анча маҳоратлироқ футболчилардан тузилган рақибни енгиш эҳтимоли ошади. Биз фақат шу йўл билан Япония ёки Жанубий Кореяга тенг қаршилик кўрсата олишимиз мумкин. Энди янги савол туғилади, қандай қилиб?

Биласизми, кўпинча ЎФАнинг вазифалари ҳақида гап кетганида, миллий жамоага бош мураббийни олиб келиб, унинг режаси бўйича барча шароитни яратиш, дейиш билан чекланамиз. Журналистлар доимо чет эллик мураббий таклиф қилишни талаб қилганида ҳам шу фактор рол ўйнаган – ўзимизнинг мураббийларга шароит йўқ, шояд чет эллик мураббий келса-ю, миллий жамоага бўлган эътиборни бир поғона кўтарса деб. Аммо аслида, бу етарли эмас, ЎФА мураббий талаб қилган шароит, спарринг рақиблар, молия ва дастакни таъминлашдан ташқари, ўша мураббий келишидан аввал қилинадиган жуда кўп, муҳимроқ ишлар билан ҳам шуғулланиши керак.

Мисол учун, бир неча йил олдин миллий жамоани бошқариши мумкин бўлган чет эллик мураббийлар руйхатини кўриб ҳайрон қолгандим. У ерда Купердан ташқари, Кейруш ҳам, Билич ҳам, яна бир қатор эсимдан чиққан исмлар бор эди. Энг қизиғи, бу мураббийларнинг умумий жиҳатини топиш қийин. Катанец келишидан олдин ҳам, ЎФА Кейрушга таклиф билан чиққани қанчалик рост билмадим-у, номзодлар орасидаги фарқ чиндан ҳам баъзи саволлар туғдиради.

Хўш, ЎФАда миллий жамоалар билан шуғулланадиган илмий бўлим борми ва у нима иш қилади?

Ҳа, клуб ҳақида гап кетганида, тушуниш мумкин, клуб бир мураббийни олиб келади ва унинг услубига мос бўлган футболчиларни сотиб олиш имконияти бор. Аммо миллий жамоада бироз фарқли: одатда миллий жамоага номзодлар у қадар ўзгармайди, янги ижрочилар қўшиш имкони ҳам чекланган. Иккинчидан, маълум бир миллат ёки мамлакатга хос бўлган устунликлар ва камчиликлар бўлади. Айтайлик, ўзбеклар бошқаларга нисбатан бўй жиҳатидан пастроқ ва тана тузилиши жиҳатидан ихчамроқ бўлиши мумкин. У ҳолда атлетик футболни тарғиб қилувчи мураббийни олиб келиш ақлсизлик бўлади. Ёки тўп билан ўйнашни яхши кўрадиган арабларга қуйи блокда, қарши ҳужумларда муваффақият қозонган мураббийни таклиф қилиш катта эҳтимол билан хато.

Бу йўналишда икки хил стратегияга амал қилиш мумкин.

Биринчиси, ўзбекларнинг хусусиятларидан келиб чиқиб, илмий равишда, қандай услуб, қандай футбол ва қандай мураббий мос келиши ҳақида ҳисобот тайёрлаш. Бу жуда узоқ муддатда ҳам иш бериши мумкин ва Ўзбекистон миллий жамоасининг танилиб турадиган ўз услуби, йўналиши бўлади.

Иккинчиси, қисқароқ стратегия, аммо амал қилса бўлади, яъни айнан жорий даврдаги футболчиларимиз имкониятлари чуқур ўрганилиб, мана шу ижрочиларга мос бўлган жорий услуб устида бош қотирилади. Жорий устунликларимизни юзага чиқариш ва камчиликларимизни ёпиш учун қайси мураббий мос келади? Келаётган мураббийнинг аввалги жамоаларида айтайлик, Шомуродов услубидаги футболчи қандай ўйнаган?

Мана шу йўл билан мураббийликка номзодлар сафини қисқартириб, музокараларга киришиш мақсадга мувофиқ. Табиийки, музокаралар чоғида мураббийга айнан нима учун у танлангани, ундан нималар кутилаётгани аниқ, дастур ва стратегиялар тушунтириладики, у ҳам вазиятдан тўлиқ хабардор бўлсин, жараён икки томонлама фикр алмашувлар тарзида давом этсин, мураббий тайинланганда лойиҳанинг скелети, ундан айнан нима хоҳланаётгани маълум бўлсин.

Хўш, шунча муваффақиятсизликдан сўнг, янги циклга қадам қўяётган ЎФА бунинг устида бош қотирдими? Мураббийни тайинлаб, унга ўртоқлик учрашувлари ташкил қилиб бериш ишнинг юзаки қисми, аммо ҳар тўрт йилда мағлубиятга учраб, “нима қилайлик, бор имкониятни ишга солдик, Япония ва Корея ҳар томонлама биздан катта давлат, футболчилари фалон фалон даражада ўйнайди, нимаям қила олардик, битта гол қолди” дейиш ростан ҳам Куперга ёки йиғинларга пулни исроф қилиш билан баробар эмасми? Футболга илмий ёндашиш, йўқ имкониятларни қидириб топиш, мавжуд устунликларимиздан максимал фойдаланиш орқали топ-жамоалар билан фарқни қисқартириш – мана бу оқилона сиёсат.

Англия доим кучли ижрочиларга, кучли лигага эга бўлиб келган, лекин сўнгги йилларга келибгина, терма жамоа чинданам жиддий кучга айланди, сўнгги икки йирик турнирда яримфинал ва финалгача борди. Сабаби, у ерда футболга тубдан илмий ёндаша бошладилар, болалар футболидан тортиб, миллий чемпионат ва терма жамоага бўлган муносабат ўзгартирилди.

Яқинда Англия футболида амалга оширилган сўнгги ўн йилликдаги ислоҳотлар ҳақида материал берилганди.

Унда айниқса, турли ёшдаги терма жамоаларга бўлган муносабат алоҳида эътиборга молик. АФА асосий беш саволни қўйган, ҳамда мақсад ва вазифаларни мана шу беш саволга жавоб шаклида таснифлаган.  

  1. Биз киммиз? (Инглиз футболчиларида Англия миллий жамоасида ўйнашга эҳтирос уйғотиш)
  2. Қандай ўйнаймиз? (Барча жамоалар амал қиладиган ўйин услуби)
  3. Англия миллий жамоасининг бўлажак футболчиси қандай бўлиши керак? (Янги ўйин моделига мос бўлган футболчиларни излаш)
  4. Қандай шуғулланамиз? (барча ёш тоифалар машғулотлари учун умумий фалсафа ўрнатиш)
  5. Жамоани қандай қувватлаймиз? (спорт илми ва тиббиётни ривожлантириш).

Дунёнинг энг кучли лигасига эга бўлган мамлакатки, халқаро миқёсда натижага эришиш учун мана шундай қўшимча тадбирларга қўл уришга мажбур бўлаётган экан, ўша биринчи савол – биз киммиз?

Жисмоний тайёргарлик

Гарчи рақиб иккинчи таркибда ўйнаган бўлса-да, Швецияга қарши ўйин шахсан менга ёқди. Ҳар ҳолда футболчиларимиз ҳаракатлари ҳимоядаги яққол “тешиклар”ни инобатга олмаганда, айниқса, тўпни назорат қилишда яхши таассурот қолдирди.

Аммо доим, бошқа мураббийлар даврида ҳам кузатилган умумий жиҳат бор – футболчиларнинг жисмоний тайёргарлиги. Дастлабки 60 дақиқа ва ўйиннинг охирги қисми ўртасида катта фарқ бор. Тактика қанчалик тўғри танланмасин, ўйин охиригача унга амал қилиш маълум даражада юклама талаб қилади. Футболчилар жисмонан чарчаб қолгач эса, мураббий кўрсатмаларига амал қилиш сусайиб кетади. Корея бўладими, Эронми, Саудия Арабистоними ёки Европа жамоаларига қарши ўртоқлик ўйинларими, эсласангиз, вакилларимиз дастлабки бўлимда анча мазмунли ҳаракат қилган, лекин ўйин охирида чарчаб қолган бўлишади.

Кучли жамоаларга қарши сўнгги пайтлардаги ўйинларимиз ичида ОЧ-2019да Австралияга қарши ўйинимизни ижобий маънода эслаш мумкин. Ўшанда ўйин 120 дақиқа давом этган бўлса-да, қўшимча бўлимларда ҳам футболчиларимиз рақибдан жисмонан паст кўринмаганди. Шу ерда муаммо айнан ЖЧ саралашларида намоён бўлиш сабаби ўртага чиқади. БАА-2019га тайёрланиш учун Куперда етарли вақт бўлган, бир ойдан кўпроқ вақт мобайнида футболчилар керакли юкламалар остида, одатдагидан кўпроқ машғулотлар ўтказишган. Купернинг айнан жисмоний тайёргарликка урғу бериши баъзи футболчиларни қийнаб юборгани ҳақида ҳам хабарлар чиққанди.

Осиё чемпионати каби турнирларга бундай тайёрланиш имконияти доим мавжуд, Катанецда ҳам муаммо бўлмаслиги керак. Аммо ЖЧ саралаши бошқа форматда ўтади, футболчилар жамоа ихтиёрига 3-4 кун аввал етиб келишади, холос. Шомуродов муаммо туғдирмаслиги мумкин, лекин Ўзбекистон чемпионатида тўп сурадиган футболчиларни қисқа вақтда керакли кондицияга чиқаришнинг иложи йўқ.

Тасаввур қилинг, ЖЧ-2026 саралашида Япония билан ўйнаяпмиз. Японлар 2 кун олдин Европадан келиб, керакли тактик кўрсатмаларни олиб, Ўзбекистонга қарши бемалол тўп сура олади. Чунки футболчилар ўйнайдиган Бундеслига ёки АПЛдаги рақиблар Ўзбекистондан кучли. Тезлик, прессинг даражаси, тезланишлар частотаси, жисмоний кураш – ҳар томонлама юқорироқ юкламалар остида, ҳар ҳафта ўйнаб юрган футболчи Ўзбекистон билан қийналмай ўйнайди. Терма жамоамиз футболчилари эса, одатий миллий чемпионат ўйинларида дуч келмаган босим ва юкламага қарши туришлари керак. Мураббий 2-3 кунда ўша даражага чиқара оладими? Йўқ. Табиийки, футболчиларимизнинг иккинчи бўлимдаги ўйини биринчи бўлимдагидан кескин фарқ қилаверади.

Очиғи, бу муаммони тўлиқ ечиш йўлини билмайман. Бир пайтлар олий лига клубларидан турли норматив имтиҳонлар талаб қилинган, футболчиларни маълум жисмоний даражада ушлаб туришга уринишлар бўлганди. Бу ечим бироз кулгили, нотўғри бўлгани туфайли, керакли самарани олиб келмади. Суперлиганинг умумий савиясидан устунроқ бўлган даражани талаб қилиш имконсиз.

Айтайлик, замонавий футболда жисмоний талаблар қайси йўналишларда қўйилади?

  1. Тезланишларнинг максимал миқдори (10-25 метргача)
  2. Улар орасида футболчининг тикланиш вақти (10 секунддан кам бўлиши керак)
  3. Тикланиш ёки тезланиш пайтида тўп билан ишлаш.

Жисмоний тайёргарлик деганда юз метрга тез етиб бориш ёки кўп югуриш эмас, маълум даражадаги темпни ва интенсивликни ушлашдир.

Назаримда, бу вазиятга миллий жамоа миқёсдан туриб баҳо бериш наф бериши мумкин. Масалан, Катанец штаби ёки ЎФАдаги қандайдир илмий бўлим биз иштирок этадиган халқаро мусобақалардаги юкламалар даражасини аниқлаб, жисмоний тарафдан бу даражага чиқа оладиган футболчиларга кўпроқ эътибор қаратиши лозим бўларди. Масалан, Фалончиев “Пахтакор”да ўйнайди, маҳоратли, номдор, тажрибаси бор, лекин “Насаф”даги Пистончиев талаб этиладиган юкламаларга 90 дақиқа чидай олади. Мураббий учун бир бўлим маҳорат кўрсатадиган эмас, бутун ўйин давомида кўрсатмаларга амал қилиш учун жисмоний имкониятга эга бўлган футболчи муҳимроқ эмасми?

Маҳоратли ва юлдуз футболчилар эса миллий жамоада ўйнашни истаса, ўша инглизлар қўйган биринчи саволга қайтадилар: миллий жамоада ўйнаш истаги шу қадар юқори бўлиши керакки, футболчи Суперлигамиздаги юкламалардан юқорироқ талабни ўзига қўя олсин, керак бўлса, қўшимча мураббий ва машқлар олсин. Ишонинг, вазиятга шу томондан қараган футболчининг кучли лигаларга ўтиб кетиши кўп куттирмайди.

Эсингизда бўлса, бир неча йил олдин А Серия савияси анча тушиб, италиялик юлдузлар камайиб кетганди. Бу шароитда миллий жамоанинг Франция, Испания, Англия каби рақибларга тенг қаршилик қила олишини кутиш ҳам мантиқсиздек туюлган. Бош мураббий Антонио Конте вазиятга ўзгача ёндашади, Евро-2016 олдидан 60дан зиёд футболчи йиғинларда иштирок этади. Конте бу футболчиларни клубдан, телевизордан ёки аввалги ўйинларига қараб сараласа бўларди, лекин у ҳаммасини амалда синаб кўрди, номларга эътибор бермади, муҳими футболчининг кутилаётган даража ва босимни кўтара олиши, мураббий кўрсатмаларини юқори темпда бажара олиши эди. Италия таркибда бир қатор “нотаниш” футболчилар билан Испания ва Бельгияни енгди, Германияга фақат пенальтилар сериясидагина ютқазди.

Аслида агар тизим тўлиқ ишласа, бу муаммо ҳам ечилиб кетавериши керак. Юқорида турли ёшдаги терма жамоаларнинг боғлиқлиги, бир хил фалсафа асосида тўп суриши лозимлиги айтилди. Худди шу йўналишда масалан, Катанец Кападзега “Менга икки йилда чап қанот ҳимоясида Сайфиевга ўринбосар керак, мана бу, мана бу устунликлари, кўрсаткичлари бўлиши керак” деб тавсия беради. Кападзе эса, ўша ўлчовларга мос келадиган ёш футболчини топиб, унинг маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратишни бошлайди.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, алоҳида бирор ўйинлардаги вазият, қуръада рақиблар ким бўлиши, жаҳон чемпионатига йўлланмалар сони, кимнидир жароҳат олиши ёки яна қайси футболчимиз Европага трансфер бўлиши каби қўшимча факторлардан қатъи назар, янги, эски, кейинги мураббийларимиз ва албатта ЎФА олдида жуда муҳим асосий вазифа бор: рақибларимиз билан ўртадаги маҳорат, тажриба ва жисмоний тайёргарлик бўйича фарқларни камайтириш.

Ёки тушунарлироқ қилиб айтганда, инглизлар ўзлари учун қўйган беш саволга жавоб излаш.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид