Ўзбекистон | 17:59 / 06.09.2021
1377
2 дақиқада ўқилади

Жиззах вилоятида жорий йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида содир бўлган ёнғинлар сони маълум қилинди

Жиззах вилоятида жорий йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида 253 та ёнғин содир бўлган. Бу ҳақда Kun.uz’га вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари капитан Фаррух Абдураҳмонов хабар берди.

Маълум қилинишича, олиб борилаётган профилактик тадбирларга қарамасдан 2021 йилнинг ўтган 8 ойи давомида Жиззах вилояти ҳудудида 253 та ёнғин қайд этилган. Ёнғинлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36 тага кўпайган. Натижада 14 миллиард 207 миллион сўмдан ортиқ моддий зарар кўрилган.

Қайд этилишича, содир бўлган ёнғинларнинг 78 фоиздан ортиғи аҳоли яшаш жойларига тўғри келмоқда. Жумладан, 2021 йил 27 август куни соат 13:46 ларда Жиззах шаҳар Сангзор маҳалласида жойлашган хонадонларнинг бирида электр ускунаси назоратсиз қолдирилиши оқибатида кучли ёнғин юзага келган. Оқибатда яшаш хонадонининг 120 метр квадрат майдонида уй жиҳозлари, шифт ва том қисми ёниб зарарланган. Мазкур ёнғинда хонадон эгалари 230 млн сўмлик моддий зарар кўрган.

Бундан ташқари, жорий йил 30 август куни соат 11:40 ларда Арнасой тумани «Олтин водий» МФЙ Чўлпон кўчасида жойлашган хонадонларнинг бирида ёнғин юзага келган. Оқибатда оғилхонанинг 18 метр квадрат майдондаги том ва шифт қисми ёниб, фуқаро 2 миллион сўмлик моддий зарар кўрган.

Шунингдек, жорий йил 30 август куни соат 17:11 ларда Ш.Рашидов тумани «Раваллиқ» МФЙ даги хонадонларнинг бирида электр симлари қисқа туташиб, ёнғин содир бўлган. Оқибатда оғилхонанинг 40 метр квадрат майдондаги том-шифт қисми ҳамда прессланган сомон ғарами ёниб кетган. Фуқаро 2 миллион сўмлик моддий зарар кўрган.

Таъкидланишича, Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан 2021 йилнинг ўтган 8 ойи давомида ўтказилган профилактик ишлар натижасида 1526 та бино ва иншоотларда ёнғин келиб чиқиш хавфининг олди олинган. Содир бўлган ёнғинларни ўчириш вақтида кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида 5 нафар инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинган. Шу билан бирга, 114 бош уй ҳайвони, 33 дона техника, 17 миллиард сўмлик бино ва иншоотлар қурилмалари ва 1,3 миллиард сўмлик моддий бойликлар ёниб кетишдан асраб қолинган.

 

Мавзуга оид