Ўзбекистон | 12:51 / 09.09.2021
5640
2 дақиқада ўқилади

Келгуси йилдан давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкларини декларация қилиш босқичма-босқич жорий этилади – президент

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси съездида иштирок этаётган Шавкат Мирзиёев кўпчиликни ўйлантирган декларация масаласи бўйича режаларни билдирди.

“Мамлакатимизда олиб борилаётган либераллаштириш сиёсатининг мантиқий давоми сифатида ўз аҳамиятини йўқотган 10 га яқин қилмишлар жиноят тоифасидан чиқарилади ва жазони енгиллаштирадиган ҳолатлар сони амалдаги 9 тадан 15 тагача кўпайтирилади.  

Гумон билан ушлаб турилган шахсларни ҳисобга олиш бўйича ягона электрон реестр ишга туширилади.

Энг муҳими, реестрга маълумотларни киритмаслик гумонланувчи шахсларни ушлаб туришни ноқонуний деб топишга асос бўлади.

Тараққиётимиз йўлида жиддий тўсиқ ва ғов бўлаётган коррупцияга қарши курашишда давлат ва жамиятнинг барча куч ва воситаларини сафарбар этамиз.

Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкларини декларация қилиш тизими келгуси йилдан босқичма-босқич жорий этилади. Давлат харидлари, давлат мулкини сотиш жараёнлари очиқ-ошкора ташкил этилади ва бунга жамоатчилик кенг жалб қилинади.

Коррупцияга йўл қўйган ҳар қандай мансабдор шахс, лавозими ва мавқейидан қатъи назар, сўзсиз қонуний жавобгарликка тортилади. Бундай шахсларнинг очиқ реестри юритилиб, уларнинг давлат хизматига кириши, масъул лавозимларга номзоди кўрсатилиши чекланади. Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими янада кенгайтирилади.

Энди, давлат ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга бепул юридик ёрдам нафақат жиноят ишлари бўйича, балки фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам кўрсатилади. 

Шу орқали камида 100 минг нафар аҳолини ҳуқуқий ҳимоя билан қамраб олиш имкони туғилади. 

Яна бир масала – мамлакатимизда адвокатлар сонининг етишмаслиги билан боғлиқ.

Шунинг учун, соҳага ёш кадрларни жалб қилиш мақсадида юридик стаж ҳақидаги талаб бекор қилиниб, олий юридик маълумотли шахсларга 3 ойлик стажировкадан кейин адвокатлик им́тиҳонини топшириш имконияти яратилади” – деди президент съезд иштирокчиларига қарата.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид