Жамият | 16:31 / 10.09.2021
28218
8 дақиқада ўқилади

Катта шаҳарларда транспорт масаласи: Тошкентдаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича таклифлар

Сўнгги йилларда пойтахт аҳолиси нафақат ишга бориш ва қайтиш вақтида, балки куннинг бошқа пайтларида ҳам тирбандлик, жамоат транспортининг сифатсиз хизмати, беҳуда вақт сарфи каби бир қатор муаммоларга дуч келмоқда. Қуйида соҳага оид замонавий тадқиқотлар асосида шаҳар транспорт тизими билан боғлиқ муаммоларни бартараф қилишга қаратилган бир неча ечимлар келтирилмоқда.

Транспорт тизими – замонавий дунё ҳаракатланиш тизимининг ажралмас қисмидир. Бу тизимнинг энг асосий элементи – инсонлардир. Мавжуд шароитда инсонсиз транспортни тасаввур қилиб бўлмагани каби йўловчиларни ҳисобга олмай туриб, транспорт тизимини режалаштириш ҳам мумкин эмас.

Тан олиш керак, бугун нафақат Тошкент шаҳри, балки республикамизнинг деярли барча вилоятларидаги транспорт тизимининг аҳволи қониқарли эмас.

Айниқса, шахсий автомобиллар сони ва аҳоли сони тобора ортиб бораётгани боис транспорт масаласи Тошкент шаҳрининг энг оғриқли муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Сўнгги 10 йилда пойтахтда автомобиллар сони икки баравардан зиёдроққа ошгани, боз устига, жамоат транспорти йўналиш тармоқлари ўтган асрнинг 80-йилларида тузилгани, аммо шу вақтга қадар мукаммал тарзда қайта кўриб чиқилмагани, оқибатда шаҳар жамоат транспорти тизимида жиддий муаммолар йиғилиб қолгани мавжуд вазиятни тобора мураккаблаштирмоқда.

Бу эса масала юзасидан жиддий бош қотириш лозимлигини тақозо этмоқда. Хўш, нима қилмоқ керак?

Велосипед йўлаклари ва пиёдалар учун қулайликлар яратиш

Экологик тоза транспорт турларидан бири, шубҳасиз, велосипедлардир. Аммо аксар хорижий мамлакатларда велосипеддан фойдаланиш амалиёти ва бунинг учун зарурий шарт-шароитларни яратиш анча йиллар аввал бошланган бўлса-да, мамлакатимизда бу борадаги ишларга асосан сўнгги йилларда эътибор қаратила бошлади. Аммо бу эътибор ҳали етарли эмас. Чунки истироҳат боғлари, айрим анҳор ва канал соҳиллари, баъзи ҳудудлардаги йўлаклар (айримлари шунчаки хўжакўрсинга қилинганини сезиш қийин эмас)ни истисно қилганда, пойтахтнинг қолган аксар ҳудудларида бундай йўллар ва майдонларни учратиш қийин.

Таъкидлаш жоизки, велосипед йўлаклари тармоғини бутун шаҳар бўйлаб кенгайтириш трафик юкини камайтириш нуқтайи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилиши керак бўлган тизимлардан бири – пиёда тугмалари тизимидир. Бу тизим, одатда, чорраҳаларда, пиёдалар ўтиш жойларининг чорраҳасиз кириш ва чиқиш жойларида доимий ёки куннинг маълум вақтларида пиёдаларнинг хавфсиз ўтишини таъминлаш мақсадида ўрнатилади. Албатта, чорраҳаларнинг сигнализация тизимини транспорт зичлиги ва ундан фойдаланиш нисбатига кўра жорий этиш керак.

Муқобил йўлларни кўпайтириш

Тирбандликларнинг энг асосий сабабларидан бири муқобил йўллар мавжуд эмаслигидир. Автомобиллар шаҳарнинг энг гавжум нуқталарига муқобил маршрутлар орқали кела олиши ва ҳудудни яна алтернатив йўналишларда тарк эта олиши лозим. Бу – транспорт муҳандислиги томонидан тавсия қилинадиган ечимлардан бири.

Қолаверса, фалокат ва уруш пайтларида шаҳар аҳолиси тўпланадиган фавқулодда вазиятлар ҳудуди ва бу ҳудудларга олиб борувчи муқобил йўллар шаҳарнинг бош режасида ҳисобга олиниши керак.

Йўлларни кенгайтириш ва эстакадалар қуриш

Тор ва кейинчалик торайган йўллар, шунингдек, чорраҳалар энг юқори даражадаги тирбандлик кузатилувчи жойлардир. Айниқса, маълум бир нуқтадан кейин қаторларининг сони камайиб, торайиб борувчи йўлларда тирбандлик юзага келиши муқаррар. Шунинг учун йўл режаларини тузишда мана шундай тор оғизли йўллардан иложи борича қочишга уринилгани маъқул.

Асосий йўлларимизнинг автомобил зичлигини кўтара оладиган даражада кенг эмаслиги ҳам яна бир муаммодир. Бундай тор йўлларда кўрилиши лозим бўлган муҳим эҳтиёт чораларидан бири – транспорт воситалари йўл четига қўйиб кетилишининг олдини олиш ва буни назорат қилишдир.

Чорраҳаларимизнинг турли йўналишлардан келадиган автомобиллар оқимига жавоб бера олмаслиги ҳам жиддий ноқулайлик туғдиради. Шу боис, чорраҳаларга ерости йўллари ёки эстакада (транспорт воситалари ва пиёдалар учун мўлжалланган йўллар ер сиртидан маълум баландликда ўтказиладиган иншоот; кўприк – таҳр.) қуриш орқали турли маршрутлардаги автомобил йўллари кесишишининг олдини олиш мумкин.

Автомобиллар турар жойларини кўпайтириш. Park and Ride тизимини рағбатлантириш

Катта шаҳарларда, хусусан, пойтахтда автотранспортлар сони кўпайиши автомобил тўхташ жойларининг ортиши билан параллел эмас. Табиийки, «стоянка»ларнинг етарли эмаслиги йўлларда ноқонуний тўхтаб туриш ҳолатлари кўпайишига олиб келади. Бу ҳолат ўз навбатида, транспорт билан боғлиқ муаммолар янада мураккаблашишига сабаб бўлади. 

Аксар мамлакатларда, масалан, Англияда, шунингдек, Туркиянинг Истанбул шаҳрида Park and Ride тизими орқали бу муаммога ечим топишга ва бу билан одамларни жамоат транспортига йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Park and Ride тизимига кўра, шаҳар марказига машинада борадиган инсонлар автомобилларини жамоат транспорти станцияларида жойлашган бепул ёки чегирмали автотураргоҳларда қолдириб, йўлнинг қолган қисмини жамоат транспортида давом эттиришади. Албатта, бу тизимдан фойдаланиш орқали йўллардаги тирбандликни камайтириш мумкин.

Қолаверса, кўп қаватли ёки ерости автотураргоҳлар иншо этиш, шунингдек, янги турар жойларда автотураргоҳлар қурилишини мажбурий ҳолга келтириш мавжуд эҳтиёжларни қондириш билан бир қаторда келгусида автотранспортлар сонининг кўпайишига жавоб берувчи инфратузилма яратилиши учун асос бўлади.

Жамоат транспортини ривожлантириш

Бу – энг оғриқли нуқталаримиздан бири. Бу борада пойтахтдаги умумий манзаранинг нақадар аянчли эканини сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видео ва суратлардан ҳам пайқаш қийин эмас.

Йўллар тирбандлигидаги асосий «улуш»ни шахсий транспорт воситалари ташкил қилади. Бунинг олдини олиш йўлларидан бири – жамоат транспорти сонини кўпайтириш ва жамоат транспортидан фойдаланиш фоизини орттиришдир.

Бу жараёнда, албатта, аҳолининг менталитети, ўзига хослиги каби баъзи омиллар ҳисобга олиниши лозим. Масалан, ижтимоий одатлар ўрганилган бир тадқиқотда жамоат транспортини афзал кўриш сабаблари орасида қуйидаги параметрлар олдинги планга чиқиши айтилади:

  • автобус йўналишида нарх;
  • микроавтобус йўналишида чиқиш ва тушиш нуқтаси орасидаги яқинлик;
  • темир йўл транспортида тезлик ва нарх;
  • таксида тезлик ва қулайлик.

Жамоат транспорти билан боғлиқ муаммоларни камайтиришда қуйидагиларни амалга ошириш муҳим ўрин тутади:

  • жамоат транспорти сонини кўпайтириш;
  • жамоат транспорти воситаларини энг гавжум соатлар – ишга бориш ва ишдан қайтиш вақтида кўпайтириш;
  • темир йўл транспорти, хусусан, метро линияларини жамоат транспорти етарли бўлмаган ҳудудларга қадар узайтириш;
  • шаҳарнинг ички автобус йўналишларини, уларнинг қатнов оралиқларини ва масофаларини аҳолининг зичлик даражаси ва эҳтиёжига кўра қайтадан режалаштириб чиқиш.

Шаҳар ичида турли марказларни ташкил этиш

Ягона марказли шаҳарларда аҳолининг катта қисми иш, уй, жамоат ишлари, транспорт алмашинуви каби бир қатор сабаблар туфайли марказ томон оқади. Бундай вазиятда шаҳар маркази одамлар ва транспорт воситаларининг жиддий босими остида қолади. Шаҳарнинг бош режаси тузилаётганда ушбу босимни камайтириш мақсадида бошқа ҳудудларда ҳам барча турдаги қулайликларга эга, давлат муассасалари, янги бинолар, олий ўқув юртлари ва шу кабиларни ўзида жамлаган кичик марказларни яратиш ва  шу орқали шаҳар марказидаги тирбандликни камайтириб, шаҳарни кўп марказли ҳудудга айлантириш мумкин.

Йўлларни янги уй-жойларга мувофиқ тартибга солиш

Айниқса, кейинги йилларда кўп қаватли, ўз ижтимоий объектларига эга бўлган ҳашаматли уй-жойлар қурилиши натижасида пойтахтимизнинг қиёфа-тузилиши тубдан ўзгариб бормоқда.

Айтиш лозимки, бу уй-жой лойиҳалари катта зичликни ҳисобга олмаган ҳолда режалаштирилган, келажак тугул бугуноқ тирбандликдан тобора бўғилиб бораётган йўлларимизга жиддий автомобил юкланишини туғдиради. Шу боис шаҳар инфратузилмаси ердан режали фойдаланишни мувофиқлаштирган тарзда ишлаб чиқилиши керак. Агар шаҳарни режалаштиришда узоқ истиқболни ўйлаган ҳолда янги йўллар қурилишига, талабга жавоб бермайдиган йўлларни қайта кўриб чиқишга эътибор қаратилса, муаммоларни ҳал қилиш мумкин.

Отабек Тиллаев,
Кun.uz мухбири.

Мавзуга оид