Ўзбекистон | 10:13 / 10.09.2021
25688
2 дақиқада ўқилади

Навоий вилоятининг туризм қишлоғи – Сентобда нималарни кўриш мумкин?

Нурота тумани марказидан 120 км узоқда жойлашган Сентоб қишлоғи сўлим табиати билан сайёҳлар эътиборига тушган. Ўзининг қадим тарихини сақлаб қолган, тоғлар орасида жойлашган ушбу қишлоқда ҳайрат билан томоша қилиш мумкин бўлган жойлар кўп.

Сентоб Навоий вилоятининг туризм қишлоқларидан бири ҳисобланади. Бу ерда кейинги йилларда сайёҳлар учун меҳмон уйлари ташкил этилиб, ҳудуднинг диққатга сазовор жойларига туристик маршрутлар тузилди.

Баланд тоғлар, тик қоялар қишлоқнинг табиатига ўзгача гўзаллик бағишлаган. Мазкур қоя тошларда V-VI асрларга оид петроглифларни, XI-XVIII асрларга оид тошга ўйилган ёзувларни кўриш мумкин. Шунингдек, тоғ тепасида кўҳна қўрғон қолдиқлари бор. Маҳаллий аҳолининг айтишича, ушбу қўрғонда яқин йилларгача инсонлар истиқомат қилган.

3 минг нафарга яқин аҳоли яшайдиган қишлоқнинг асосий ичимлик сув манбаи “Ако” чашмаси ҳисобланади. Суви сира камаймайдиган ушбу чашма анча чуқурда жойлашган. Унга сўқмоқ йўл орқали тушиб борилади. Одамлар эшаклар ёрдамида чашмадан сув ташиб кетишади.

Кейинги йилларда қишлоғимизга Германия, Франция, Испания, Италия, Голландия, Австралия, Швейцария, Бельгия каби давлатлардан сайёҳлар оқими кўпайди. Улар тарихий жойларимизни кўриб, тоғ маршрутларига боришади. Ҳудудимизда қадимий жойларимиз кўп. Булоқларимиз, кўлларимиз, шаршараларимиз, тоғ тепасида қўрғон қишлоғимиз бор. Сайёҳлар асосан шуларни томоша қилишади”, — дейди “Guest House Mutabar’S” меҳмон уйи раҳбари Шодибой Бобоев.

Сентобнинг энг диққатга сазовор жойи денгиз сатҳидан 1 644 метр баландликда, тоғлар устида жойлашган Фозилмон кўлидир. Унинг узунлиги 300, кенглиги 150 метр.  

Навоий вилояти туризм ва спорт бошқармаси ахборот хизматига кўра, Сентобда яқин йилларда меҳмон уйларини кўпайтириш ва сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида қатор лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси — Жаҳонгир Алибоев. 

Мавзуга оид