Жаҳон | 21:20 / 10.09.2021
8256
2 дақиқада ўқилади

Олимлар 15 миллиард йилда 1 сонияга адашувчи соат учун 3 миллион доллар мукофот олишди

Токио ва Колорадо университетлари олимлари Хидетоши Ятори ва Жун Е 15 млрд йилда 1 сонияга адашувчи соатни яратишдаги роллари учун фундаментал физика бўйича 3 млн долларлик мукофотни ютиб олишди. Бу ҳақда мукофот сайтида маълум қилинди.

Фото: C. Henze/NASA Ames Research Center

Мукофот ҳайъатининг таъкидлашича, олимлар “табиат қонунларини юқори аниқлик билан текширишга имкон берувчи оптик панжарали соатларни яратишда муҳим роль ўйнашган”. Уларнинг ушбу ихтироси вақтни мавжуд усуллардан минг марта аниқроқ ўлчаш имконини беради.

Оптик панжарали соатлар вақт атомлар ҳолатини ўлчаш ёрдамида ўлчанадиган анъанавий атом соатларининг эволюцион ишланмаси ҳисобланади. Атом соатларда бир сония 2та цезий-133 атоми ҳолати ўртасидаги ўтишда ҳосил бўлувчи электр магнит нурланишнинг 9 192 631 770 даврига тенг.

Дастлаб атом соатларда ушбу ўтишларни ҳосил қилиш учун микротўлқинли нурланиш қўлланган. Агар бунда оптик диапазондаги юқорироқ частотали нурланиш қўлланса, вақт ўлчови аниқлиги ортади. Бу ҳолатда частота генератори сифатида стронций атомлари хизмат қилади. Ятори ва Е ўлчов аниқлигини ошириш учун ушбу атомларни бир нуқтада ушлаб туриш усулини топишди. Улар бунинг учун лазер нурлари атомларни қопқонда ушлаб турувчи “оптик панжара”ни қўллашган.

Бундай технология қўлланган соатлар шунчалик аниқ бўладики, улар 15 млрд йил ишлагандан кейин вақтни ўлчашдаги хатолик 1 сониядан ошмайди. Таққослаш учун шуни келтириш мумкинки, олимларнинг баҳолашича, коинот ёши 14 млрд йилни, Қуёшники эса 5 млрд йилни ташкил қилади.

Янги ихтиро кўплаб соҳаларда – GPS аниқлигини оширишдан то вақтни гравитацион секинлаштиришни аниқ ўлчаш ва гравитацион тўлқинларни аниқлашгача қўлланиши мумкин.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид