Жамият | 19:25 / 10.09.2021
15084
3 дақиқада ўқилади

Риштон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи блогерларни ҳақоратлагани акс этган аудио тарқалди

Риштон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи тумандаги эмлаш жараёнида юзага келган навбатлар акс этган суратларни тарқатган блогерга таҳдид қилган аудио тарқалди. Ҳолат ССВ назоратига олинди

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Риштон туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Усмонжон Мамадалиевнинг журналист ва блогерларни ҳақорат қилиб, уларга босим ўтказгани ҳақида аудиохабар тарқалди.

Маълум бўлишича, “Риштон ТВ” саҳифаси орқали тумандаги эмлаш жараёнидаги навбатлар ҳақида танқидий суратлар эълон қилинган. Бундан ғазабланган тиббиёт бирлашмаси бошлиғи телефон орқали суҳбат вақтида  блогерларни ҳақоратлаган, уларга зарар етказиш билан таҳдид қилган.

Аудиода бирлашма бошлиғи Қодиржон исмли шахс билан гаплашиб, “Риштон ТВ” саҳифаси кимга тегишли эканини сўрайди. Кимники бўлса ҳам “қисиб” юриши кераклигини, акс ҳолда ёмон аҳволга солишини айтади.

“Бугун Риштонни менман дегани Элибоевнинг энасини кўрсатиб, оёғимни ялатдим. “Риштон ТВ” ҳам кимники бўлса, энасиникига тиқиб қўяман. Қисиб юрсин одамни расмга олиб юрмасдан.

Олтиариқда эмлаш ишларини пикка олиб чиқмагани учун мана шунақа навбатсиз пайтда ҳеч ким йўқ, эмлагани қўрқади. Биз провокация қилиб, халққа чиқдик. Эмлашни қанақа бўлишини тушунтиргандик, улар (эмланувчилар) кўпайиб кетди. Ифлосларга айтиб қўйинг, ернинг тагидан бўлса ҳам топиб бир нарса қилиб қўяман. Элибоевнинг кунига тушади. Ҳазиллашмасин, танишингиз экан, айтиб қўйинг, уйига бориб бўлса ҳам тиқиб келаман. Менинг ишимни бир пул қилмасин. Қисиб юрсин. Бир оғиз айтиб қўйинг. Расмни кўрсангиз 16та одам турибди. Бўлиб-бўлиб ташлаган. Агар шунақа қилса, судга бераман. Кейин юради ялиниб, бир нималар қилиб", дейилади аудиода.

Kun.uz мухбири риштонлик Баҳодирхон Элибоев билан телефон орқали суҳбатлашди. Блогернинг айтишича, туман тиббиёт бирлашмасида Covid 19га қарши вакцина олиш жараёнида узундан навбатлар ҳосил бўлганида бунга эътироз билдириб, вакцина олиш учун қўшимча хона қилишни сўраган, ижтимоий масофа сақлаш борасида иш ташкиллаштирилмаганини танқид қилган. Бу эса Риштон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғига ёқмаган. Элибоевнинг қўшимча қилишича, у аҳолини вакцина олишга ўз саҳифаси орқали тарғиб қилиб келган, фақат вакцинация жараёнида ижтимоий масофа сақлаш кераклигини эслатган.

Усмонжон Мамадалиев Элибоевнинг телеграм каналида жойланган постга раддия беришни талаб қилган, блогер эса бундан бош тортган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати мазкур ҳолатга муносабат билдириб, аудиохабар назоратга олинганини маълум қилди.

“Айни пайтда аудиохабарда келтирилган маълумотлар юзасидан атрофлича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда ва ушбу ҳолат нима сабабдан юз бергани аниқлаштирилиб, шунга кўра тегишли чоралар кўрилиши таъминланади. Ўрганишлар натижалари ҳақида қўшимча маълумот берилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги журналистлар ва блогерларнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қиладиган ҳар қандай ҳолатларни кескин қоралайди”, – дейилади вазирлик ахборотида.

Мавзуга оид