Ўзбекистон | 20:32 / 10.09.2021
14103
7 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги маҳалла стадиони можароси: шаҳар ҳокимлиги вилоят судида «камбэк» қилди

Самарқанддаги собиқ Чақар маҳалласи ҳудудида жойлашган стадион ҳудуди тадбиркорга шаҳар ҳокимлиги томонидан бериб юборилгани ортидан можаро юзага келган.

Халқ тилида «Лимонадний» деб аталадиган, айни пайтда Устозлар маҳалласи ҳудудидаги можаро бўйича қатор суд мажлислари ўтказилган. Kun.uz масалани ёритиш мақсадида аввал суд мажлисида бўлди. Кейинчалик норози фуқаролар ва тадбиркорга микрофон тутди.

Узоқ йиллар Самарқанд шаҳрида жойлашган бу стадион шаҳардаги футбол ихлосмандлари орасида машҳур бўлган. У ерда кўплаб футбол мусобақалари ўтказилган ва шаҳардаги кам сонли бепул ареналардан бири бўлган.

Унинг яқинидан канал ўтгани учун баҳор фаслида стадионга бир неча марта сув тошган ва бу майдон ҳолатига салбий таъсир кўрсатган. Оқибатда стадион маълум бир муддат қаровсиз қолган.

2018 йил 8 июнда бу стадион ҳудуди «Mehr Al-Biznes» хусусий корхонасига замонавий стадион қуриш учун Самарқанд шаҳри ҳокимининг қарори билан ажратиб берилган. 2019 йил 22 май куни эса шаҳар ҳокимлиги маҳалла аҳлининг норозилигини асос қилиб, ўзи чиқарган қарорни бекор қилган.

Қизиғи, 2019 йил 22 май Самарқанд шаҳри собиқ ҳокими Фурқат Раҳимовнинг бу лавозимдаги расман охирги иш куни бўлган. Эртасига у инвестиция вазирининг ўринбосари сифатида иш бошлаган. Яъни Раҳимов қарорни чиқаргани маълум, аммо уни бекор қилишда қанчалик қатнашгани аниқ эмас.

Тадбиркор ер ўзига тегишли эканини исботловчи ҳужжат бекор қилингач, судга мурожаат қилган. Олий судгача борган тортишувдан сўнг шаҳар ҳокимнинг 2018 йилги қарори қонуний чиқарилган, деган хулосага келинган. 2021 йил июн ойида Каттақўрғондаги туманлараро суд ҳам тадбиркор фойдасига қарор чиқарган.

«Mehr Al-Biznes» корхонаси раҳбари ўринбосари Шавкат Бозоров

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги эса суднинг бу қарори устидан апелляция аризаси киритган. 2021 йил 9 сентябр куни ўтказилган Самарқанд шаҳар маъмурий судидаги ишда энди ҳокимлик фойдасига қарор чиқарилди: олдинги суд қарори бекор қилиниб, бошқа таркибдаги судялар кўриши учун иш туманлараро маъмурий судга қайта юборилди.

Самарқанд вилоят маъмурий суди раиси Тоҳир Файзиев

Уч йилдан буён тўхтамаётган бу можаро ҳақида фикрини билиш учун Устозлар маҳалласи фуқароларига микрафон тутдик. Маҳалла фаоли ва судда номи кўп марта келтирилган Фурқат Мансуриённинг айтишича, маҳалла аҳли бу стадионни обод қилган, унда қурилиш ишлари бўлишига йўл қўймайди. Бу фикрни маҳалланинг бир қатор фуқаролари ҳам тасдиқлади.

Фурқат Мансурион. Маҳалла фаоли

Ўз навбатида тадбиркор Шавкат Бозоров ҳам бу борада ўз фикрини Kun.uz’га маълум қилди. Унинг айтишича, 2018 йил ўзига берилган ҳоким қарори қонуний бўлган ва буни Олий суд ҳам тасдиқлаган. «Mehr Al-Biznes» корхонаси раҳбарининг ўринбосари Шавкат Бозоров чиққан қонунга ҳамма бўйсуниши кераклиги, чиқарилган қарорлар бир гуруҳ фуқаролар сабаб бекор қилинмаслиги лозимлигини айтди. Тадбиркорга кўра, у стадион ҳудудида маҳалла учун битта бепул стадион ва қолган ҳудудда тижорий мақсадда пулли стадион, дўконлар, шунингдек, МФЙ учун ижтимоий объектлар қурмоқчи бўлган.

«Ерни қанчага сотиб олгансиз?» деган саволга жавобан Шавкат Бозоров у вақтда аукцион бўлмагани ва ерни ҳокимликдан бепул олганини маълум қилди. Ўз навбатида, тадбиркор бу ернинг қиймати 500 минг доллар экани ҳақидаги миш-мишлар ҳақида гапириб, ернинг қийматини билмаслигини айтди.

500 минг доллар ҳақида гаплар чиндан яхшигина шов-шувга айланган. Интернетда бу борада чиқишлар ҳам бўлди. Чиндан шаҳар марказида, Регистон майдонига яқин, университет хиёбонининг биқинидаги бу ҳудуд ҳозир аукционга қўйилса, ярим миллион долларга индамай кетиши мумкин. Чунки Самарқанднинг бу ҳудудида тадбиркорлик қилиш қанчалик фойдали эканини самарқандликлар яхши билади.

Суддаги тарафлардан бири бўлган тадбиркор бу ҳақда гапирмади, аммо интернетдаги юқорида айтилган чиқишларга кўра, ҳокимлик бу ерни гўёки бошқа бировга сотмоқчи ва бу ернинг баҳоси 500 минг доллар. Шу ўринда бир нарсани унутмаслик керак: биринчидан, расман қонун устуворлиги айтиладиган Ўзбекистонда ҳокимликнинг ҳам, ҳокимнинг ҳам, ундан каттасининг ер сотишга ҳаққи йўқ. Ер фақат аукционда сотилади. Иккинчидан, ҳокимлик бунча шов-шувдан кейин ерни қайтиб олса, уни яна бировга «пуллаш» ўз жонига қасд қилишга баробар эканини тушуниб турибди.

Шу ўринда суд жараёнида содир бўлган баъзи жиҳатлар ҳақида тўхталсак. Судда ҳокимлик манфаатларини ҳокимлик юристи ва прокуратура вакили ҳимоя қилди. Афтидан улар судга яхши тайёрланмаган кўринади, чунки тадбиркорнинг адвокати билан мунозараларда яхшигина оқсашди. Адвокат ўз ҳимоячисининг ҳуқуқий асосларини конкрет кўрсатган ҳолда ҳокимлик вакилларини қийин ҳолатга тушириб қўйди.

Хусусан, адвокат ҳоким қарори бекор қилинишига маҳалладаги далолатнома асос қилиб олингани, аммо бу далолатнома ноқонуний тарзда тузилгани, ундаги маҳалла раиси сифатида кўрсатилган инсон ўша вақтда маҳалла раиси бўлиб ишламаганини айтди. Самарқанд вилоят маъмурий суди раиси Тоҳир Файзиев суд қарорини ўқиб эшиттирар экан олдинги судда маҳалла вакиллари жалб қилинмагани сабаб уни қайта кўриб чиқишга юборилганини эълон қилди.

Хуллас, мана шунақа можаро.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш керак. Самарқандда охирги вақтларда деярли ижтимоий объектлар қурилмаяпти. Мавжудлари ҳам бузиб ташланяпти, боғлар тадбиркорлик субъектларига айланмоқда, шаҳарда салқинлаб ўтирадиган жой деярли қолмаган. Бир сўз билан айтганда, ижтимоий объектларга, жамоатчиликка мўлжалланган кенгликларга паст назар билан қаралмоқда.

Мана шу важдан, кўпчилик фойдаланаётган ерларни шунчаки бериб юбораётган раҳбарлар, аввало, инсонлар манфаатидан келиб чиқиши керак. Бошқа томондан, қонуний жиҳатдан ҳақ эканини айтаётган тадбиркорнинг ҳам ҳуқуқи бузилмаслиги шарт.

Ўткир Жалолхонов, Kun.uz мухбири.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Хотамов

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид