Жамият | 17:38 / 11.09.2021
32607
4 дақиқада ўқилади

“Бизни алдаб қишлоққа кўчиришди” — Тошкентдан Қибрайга кўчирилган фуқаролар шикояти

Тошкент шаҳридан Дўрмон қишлоғига кўчирилган юздан ортиқ хонадон аҳли бир йилдан бери электр, газ, сув ва бошқа тармоқлар улаб берилмагани туфайли қийин шароитда яшашга мажбур бўлмоқда.

2020 йилда ҳукумат қарори билан Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Ўқитувчилар кўчасида жойлашган турар жой бинолари давлат эҳтиёжлари учун олиниши сабабли у ерда яшовчи аҳоли Тошкент вилояти Қибрай тумани Дўрмон қишлоғига кўчирилган.

Бироқ ҳудудга газ, электр энергияси, сув каби яшаш учун энг зарур тармоқлар улаб берилмаган. Орадан 1 йил ўтибдики, шаҳардан қишлоққа кўчган 100 дан ортиқ хонадон аҳли бирламчи шароитларсиз яшамоқда.

Фуқаролар тегишли ташкилотларга мурожаат қилгани, аммо натижа бўлмаганини айтишади. Бундан бир ой илгари эса аҳоли ҳолат юзасидан Олий Мажлис Сенатига шикоят қилади. Воқеага бефарқ бўлмаган сенаторлар жараённи ўрганиб, фуқаролар эътирози асосли эканини эътироф этишади.

9 сентябр куни Қибрай туман ҳокимлигида мазкур ҳудуддаги муаммолар ечими бўйича аҳоли ва тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирокида мулоқот ўтказилди.

“Оилам билан 5 йилдан бери квартирада яшайман. Ойига 500 доллар тўлаймиз. Дўрмондаги уйимиз тайёр, қуриб бўлинган. Лекин сув, газ бўлмаса, қандай кўчиб борамиз?! Шаҳардаги еримизни олиш учун бизни алдаб, буёққа кўчиришди”, – дейди фуқаро Шуҳрат Ушуров.

Мурожаатчиларга кўра, ўтган вақт мобайнида баъзилар ижарада яшаб келади, айримлар уй қурган бўлса-да, шароит йўқлигидан у ерда ҳаёт кечиролмаяпти. Афсус билан таъкидланганидек, ҳатто ҳудудга нималар қурилиши, уйлар ва кўчалар қандай жойлашиши бўйича бош режа ҳам мавжуд эмас. Шу сабабли ҳам тартибсиз қурилган уйлар бузилиши мумкинлигидан хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев ҳудуднинг қурилиш режаси бўлмаса, электр ҳам, газ ва сув ҳам улаб бўлмаслигини айтди.

Шерзод Хўжаев

“Электр ва газ таъминоти масаласини ечиш учун ҳукумат қарори қабул қилинган. Маблағ ҳам бор. Энг катта муаммо техник жиҳат билан боғлиқ. Бугунги кунга қадар массивнинг бош режаси йўқ. Қаердан кўча ўтади, қаерга ижтимоий соҳа объектлари қурилади, қуввати қанақа бўлади, деган тушунчага эга эмасмиз. Шунинг учун электр ва газ муаммоларини ҳал қилиш учун Тошкент вилояти ҳокимлиги тасдиқлаган бош режа керак. Ваъда бераман, бош режа тасдиқланса, узоғи 10 кун ичида лойиҳа ҳужжатларимизни ишлаб чиқамиз”, – деди вазирлик расмийси.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров ҳам бош режасиз иш қилиб бўлмаслигини айтди.

“Сув ва канализация муаммоларини ҳал қилиш учун ҳам бош режа керак. Тахминий ҳисоб-китобларимизга кўра, шу массивни сув ва канализация тармоғи билан таъминлаш учун 3,6 млрд сўм талаб этилади. У ерда умуман сув йўқлиги учун 7 километрга яқин қувур тортиб келиш зарур”, – деди у.

Олий Мажлис Сенати қўмита раиси Қутбиддин Бурҳоновнинг айтишича, Тошкент вилояти ҳокимлигига мазкур ҳудуд бош режасини ишлаб чиқиши учун 10 кун муҳлат берилди.

Қутбиддин Бурҳонов

“Мулоқотда қатнашган вазир ўринбосарлари бу ишлар ҳудуднинг бош режаси йўқлиги учун бажарилмаётганини айтишди. Тошкент вилояти ҳокимлигининг қурилиш ишлари бўйича котибияти мудирига бош режани 10 кун ичида тасдиқлатиш топшириғи берилди.

Ишлар якунига етганидан кейин масала батафсил ўрганилади ва Сенат томонидан ялпи мажлисда муҳокама қилинади. Айбдор шахсларга қонуний чоралар кўрилади”, – таъкидлади сенатор.

Мутасаддилар ҳудуд бош режаси тасдиқланиши билан барча тармоқларни улаш ва аҳолига зарур шароитларни яратиш ишлари бошлаб юборилишини ваъда қилишди.

Исломбек Умаралиев,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид