Ўзбекистон | 09:32 / 11.09.2021
876
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда қарздор ота фарзандлари учун 175 миллион сўм алимент тўлади

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида қарздор ота фарзандлари вояга етгунча бўлган муддатни ҳисоблаб 175 миллион сўм алимент тўлаган. Бу ҳақда МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2020 йил 12 августдаги қарорига асосан қарздор А.Э.дан ундирувчи Р.У.га икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун даромаднинг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Суд қарорига асосан МИБ Каттақўрғон туман бўлими томонидан ижро иши юритилган.

Қайд этилишича, қарздорнинг мол-мулкларини аниқлаш мақсадида «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 21, 87-моддаларига асосан тегишли ташкилотларга сўровномалар юборилган. Улардан олинган маълумотларга асосан қарздор отанинг барча мол-мулкларига тақиқ қўйилган. 

Муқим даромади бўлмаган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини инобатга олган ҳолда МИБ ходимлари қарздор А.Э. билан суҳбат ўтказган. Унга фарзандларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир отанинг бурчи экани тушунтирилган.

Бундай маслаҳат ва суҳбатдан тўғри хулоса чиқарган қарздор ота шу куни фарзандларининг таъминотини ўйлаб, улар вояга етгунигача ҳисоблаб, 175 миллион 75 минг сўм алимент пулларини тўлаб берган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид