Ҳисобчиликдан — пайвандчиликкача: ҳаёт синовларини енгиб ўтган ногирон спортчи ҳикояси
Халқимиз орасида матонатли инсонлар жуда кўп. Бугунги қаҳрамонимиз пайвандчилик қилиб рўзғор тебратаётган, жисмоний имкониятлари чекланган Азизбек Усмонов. У 35 ёшда.
У Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида яшайди. II гуруҳ ногирони бўлган Азизбекнинг айни пайтдаги касби пайвандловчи мутахассис, лекин у спорт мураббийи ҳам, бўш вақтларида эса ҳайдовчилик ҳам қилади.
Азизбекни замонамизнинг чинакам қаҳрамони дейиш мумкин. Ҳаёт уни жиддий синовларга рўбару қилган бўлса-да, у курашдан тўхтамаган. Айни пайтда Азизбек ўзининг пайвандлаш устахонасида турли буюмлар ясаб сотади.
Бир ярим ёшлигида машъум воқеа рўй берган. Азизбек у кунларни эслай ҳам олмайди.
«Қиш фаслида сандал ўти янгиланган, мен ухлаб ётган пайтимда нохос унинг ичига думалаб тушиб кетганман. Жиддий куйиш бўлгани сабабли оёқларимни кесиб ташлашган экан. Ўшандан буён II гуруҳ ногирониман. Одатда протез тақиб юраман.
Махсус ногиронлар мактабига бормаганман. Маҳалладаги тенгқурларим билан мактабга қатнаганман. 1-синфдан бошлаб тумандаги 25-мактабда таҳсил олдим. Бу ерда 6-синфгача ўқигач, 7-9-синфлар учун иқтидорли болалар лицейида ўқишни давом эттирдим.
Шундан сўнг Марғилон иқтисодиёт коллежида ўқидим. Отам раҳматли «сени бухгалтерия соҳасида ўқитаман», дерди. Отамнинг раъйига қарши бормай, бухгалтерия соҳасини тамомладим.
Бухгалтерия соҳасида ишлашимга кўзим етмади. Шундай қилиб бошқа касбга ўзимни йўналтириб кўрдим. Қарангки, бу касб пайвандловчилик бўлди.
Раҳматли отам иссиқхона қурган вақтда уйимизга усталар келганди. Уларнинг иссиқхона қуриш жараёнини кузатиб туриб, пайвандлаш ишига қизиқиб қолдим», дейди у.
Спорт соҳасидаги ютуқлари
Азизбек ядро, диск, найза улоқтириш, армрестлинг, пауэрлифтинг (тош кўтариш), тўппончадан ўқ узиш каби спорт турлари билан шуғулланади. Халқаро мусобақалар совриндори бўлган. Ҳозир ўзи мусобақаларда қатнашиш билан бирга, мураббийлик ҳам қилмоқда.
«Ногирон бўлсам-да соғлом дўстларимиз билан футбол ўйнаб, спорт тўгаракларига борганим учун ҳам ҳар жабҳада етти мучаси соғ болалардан ўзимни кам деб билмаганман.
2010 йил Кувайтда бўлиб ўтган Осиё гран-присида ядро улоқтириш бўйича 3-ўринни қўлга киритдим. Армрестлинг йўналиши бўйича 2011 йил жаҳон чемпионатида 5-ўринни эгаллаганман. Осиё чемпионатида бу йўналишда 2 марта 2-ўринни қўлга киритганман. Пауэрлифтинг йўналиши бўйича Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 2 марта фахрли 1-ўринни қўлга киритдим.
Оғир атлетика йўналишида 57 кг вазнда Ўзбекистонда бўлиб ўтган мусобақада 2-ўринни қайд этганман. Пистолетдан ўқ отишда ҳам 2-ўринни олганман. Ядро, диск, найза улоқтириш бўйича бир неча марта Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Ҳозирда спортнинг турли йўналишларида шогирдларни тайёрлаб келяпман. 2023 йилда бўлиб ўтадиган Осиё параўйинларига насиб этса ҳам мураббий, ҳам спортчи сифатида бормоқчиман», дейди қаҳрамонимиз.
Велосипед ва машина
Оёқлари протез бўлишига қарамасдан, у велосипед ҳайдашни яхши кўради.
«Ҳар бир бола ёшлигида ўзининг велосипеди бўлишини орзу қилади. Раҳматли отам ёшлигимда кичкина велосипедча олиб берган пайтда ўзлари минишни ўргатган. Велосипед ҳайдашни энди-энди бошлаган пайтда кўп марта йиқилганман. Лекин Яратганга шукр, ҳозир қийналмасдан велосипед ҳайдайман», дейди Азизбек.
У машина бир кун келиб коримга яраб қолар, дея 2008 йилда ҳайдовчиликка ўқиб, ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам олган. Ҳозирда ижарага «Матиз» автомобилини олиб ҳайдаяпти.
«Кўпчилик ҳайрон бўлиб сўрашади. Педалларни қўлга олиб машина ҳайдаяпсанми, қийналмаяпсанми деб. Ҳозирча ногиронлар учун чиқарилган махсус машина минганимча йўқ. Педалга протез оёқларимни теккизиб ҳамма қатори машина ҳайдайман.
Илк марта машина бошқарганимда қийналгандим. Спидометр нечида кетаётганлигига қараб газни босаётганлигимни ҳис қилдим. Оёғим педал босаётганимни ҳис қилмади. Моторнинг овозидан газ берилаётганини ҳис қилиб турдим. Энди эса бемалол машина бошқаряпман. Ҳатто «сварка» ишидан чарчаганимда таксичилик билан шуғулланяпман», дейди Азизбек.
* * *
Азизбек билан суҳбатимиз қизигандан қизиб қош қорайганини сезмай қолибмиз. У устахонасидаги анжомларни саранжомлаб йиғиштирди-да, ҳовлида донлаб юрган ўрдакларини катакка қамаб, машинасини ўт олдириб, биз билан хайрлашди. У таксичилар турадиган «питак»ка ошиқарди...
Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири,
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
15:53 / 01.10.2024
“Дарс ўтган онлар, ўқувчиларимни тушларимда кўраман” – 87 ёшли устоз Муҳаммадали ота
10:47 / 07.09.2024
Жонзотлар сўйилишини аввалдан сезишади – тошлоқлик қассоб ҳикояси
16:35 / 21.07.2024
Иси пайкални тутган обиноввотлар: қовун даласидан репортаж
10:00 / 18.07.2024