Жаҳон | 22:35 / 12.09.2021
8248
1 дақиқада ўқилади

ШҲТ ва КХШТга аъзо давлатлар раҳбарлари Афғонистондаги вазиятни илк бор муҳокама қилади 

Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари Душанбеда илк бор Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилишади. Бу ҳақда Тожикистон ташқи ишлар вазирлигида маълум қилинди.

Фото: AFP / MARK RALSTON

“2021 йил 17 сентябрда Душанбеда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон раислигида ШҲТ ва КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтади. Учрашув давомида етакчилар Афғонистондаги вазият бўйича атрофлича фикр алмашишади”, деб айтилган хабарда.  

Айни вақтда ШҲТ таркибига Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Хитой ва Ҳиндистон киради. Унда Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон кузатувчи давлатлар, яна 6та давлат – Озарбойжон, Арманистон, Камбожа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка ҳамкорлар мақомига эга.

2021 йилда ШҲТга Тожикистон раислик қилмоқда.        

1992 йилда Тошкентда Коллектив хавфсизлик ҳақидаги шартнома имзоланган, 2002 йилда эса КХШТни ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилинган. Айни вақтда ташкилотга Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзо ҳисобланади. Ҳозирда КХШТда ҳам Тожикистон раислик қилмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид