Жамият | 16:38 / 13.09.2021
34081
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада икки гуруҳ иштирокидаги жанжал тўхтатиб қолинди. Воқеа жойида пичоқ ва қиличлар топилган

Фарғонада муаммони “кўча қонунлари” билан ҳал қилмоқчи бўлган 20 нафарга яқин ёшлар махсус кучлар томонидан қўлга олинди. Ички ишлар вазирлиги фуқаролар, айниқса, спортчиларни ўз кучларини кўчада кўрсатиш орқали қонунларни бузишдан тийилишга чақирди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Жорий йилнинг 18 июнь куни Фарғона шаҳрида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси икки машина эгаларининг катта жанжалига сабаб бўлган. Ички ишлар вазирлиги томонидан тайёрланган «Криминал» кўрсатувида маълум қилинишича, ЙТҲдан сўнг икки машина эгаларининг тарафдорларидан иборат 20 нафарга яқин ёш йигитлар Фарғона шаҳрида жойлашган «Тараққиёт 2021» корхонаси ҳовлисида тўпланган.

Жанжал бошланган вақтда барча иштирокчилар ИИВ, ДХХ ва Миллий гвардия органларнинг махсус кучлари томонидан қўлга олинади. Воқеа жойидан пичоқ ва қиличлар, тан жароҳати етказиши мумкин бўлган ўткир тиғли жисмлар ва гиёҳвандлик воситалари топилган.

Маълум қилинишича, ушбу жанжал иштирокчиларининг асосий қисми ёш ва бақувват йигитлар бўлган. Уларнинг 8 нафари процессуал тартибда ушланган, 9 нафари 15 суткалик маъмурий қамоққа олинган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Ички ишлар вазирлиги, шунингдек, спортчиларни ўз кучларини кўчада кўрсатиш орқали қонунларни бузишдан тийилишга чақирди.

ИИВ матбуот хизматининг маълум қилишича, 2021 йилнинг 7 ойида давомида ИИВ томонидан олиб борилган тадбирлар давомида совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида баҳоланиши мумкин бўлган 13 422 та пичоқ, 147 та кастет-сурикен, 281 та тўқмоқ-бита, 331 та бошқа хавфли буюмларни олиб юрган шахслар аниқланган.

Сўнгги вақтларда фуқаролар ўртасида муаммоларини «кўча қонунлари» асосида, куч билан ҳал қилиш ва самосуд ҳолатлари ҳақидаги хабарлар кўпаймоқда.

Хусусан, 12 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги «Малика» савдо мажмуаси яқинида пичоқбозлик содир бўлди. Натижада бир киши вафот этган, яна бир киши жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.

Жорий йилнинг 17 август куни Қарши шаҳри марказида спорт мураббийи Элбек Раҳимов бир гуруҳ фуқаролар томонидан калтакланиб, ўлдирилиб кетиши ҳам катта муҳокамаларга сабаб бўлди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид