Ўзбекистон | 14:02 / 14.09.2021
3639
2 дақиқада ўқилади

Паралимпия чемпионига 2 хонали уй, мураббийига 50 миллион сўм пул мукофоти, ММА ўрта вазн тоифаси чемпионига Gentra автомобили — Андижонда спортчилар тақдирланди

Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли майдонда Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинлари иштирокчилари ва ғолибини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Токио паралимпиадаси ўйинларига Андижон вилоятидан 6 нафар спортчи йўлланма олган эди. Пара енгил атлетика мусобақасининг F41 классида ядро улоқтириш баҳсларида иштирок этган Бобуржон Омонов 14,06 метр натижани қайд этиб, олимпиада чемпионлигини қўлга киритди. Шу билан бирга, ядро улоқтириш бўйича паралимпия рекордини янгилади.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов томонидан Бобуржон Олимовга Андижон шаҳридан 2 хонали уй берилди. Шунингдек, унинг мураббийига 50 миллион сўм пул мукофоти топширилди.

Бундан ташқари, Open FC 10 турнирида иштирок этиб, ўрта вазн тоифаси чемпионига айланган Нурсултон Рўзибоевга Gentra автомобили топширилди.

Эслатиб ўтамиз, Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтган XVI Паралимпия ўйинларида 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалини қўлга киритиб, Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 160 дан зиёд давлат орасида 16-ўринни эгаллади.

Мавзуга оид