Жамият | 16:32 / 14.09.2021
82360
8 дақиқада ўқилади

Вазир Шерматов ҳақ бўлиб чиқди: мактаб ходимлари ўртасидаги «саботаж» сабаб таълим қурбон бўлмоқда

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги 39-умумтаълим мактаби ўқувчилари янги ўқув йилида партасиз синф полида ўтириб дарсда қатнашгани ҳақида тасвирлар тарқалиб, мунозараларга сабаб бўлди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бу ҳолатдан очиқдан очиқ оғринганини яширмади. Ушбу ҳолатни вилоят прокуратураси назоратга олгани айтилди.

Kun.uz мухбирлари асл ҳолатни ўрганиш мақсадида Яккабоғ туманида бўлди ва қурилиш ишлари кечикиб кетганми, деган саволга ҳам жавоб излашди. 

Маълум бўлишича, чиндан ҳам ўтган йили халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бу мактабни ўзи ўрганган. Натижада, мактаб давлат дастури асосида капитал реконструкция қилиниши белгиланган. Вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси билан «AVANGARD GIDRO EKSPRESS» МЧЖ ўртасида шартнома тузилиб, таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.

Директор Шуҳрат Қосимовнинг айтишича, мактаб 1975 йилда қурилган ва узоқ йиллар давомида таъмирталаб бўлиб келган.

Ш.Қосимовга кўра, мактаб ҳали расман қабул қилиб олинмаган, лекин бино ичидаги таъмирлаш ишлари деярли тугагани учун янги ўқув йилини бошлашган. Мактабда етарли даражада эски парта-стуллар мавжуд. Марказдан янги парталар олиб келиш кўзда тутилган ва бу ҳақда директор Қашқадарё вилояти ХТБга 2 сентябр куни хат чиқарган.

Тармоқларда ўқувчиларнинг ерда ўтириб дарс тинглаётгани тасвирлари тарқалгач, янги парталар мактабга зудлик билан етказиб берилган. Айни пайтда мактаб мебеллари шу ерда йиғилиб, синфхоналарга жойлаштирилмоқда.

Шуҳрат Қосимов ҳолатни тасвирга олиб тарқатган ўқитувчи — Наргиза Суюновани нохолис дея таъкидлади. Сабаби, Суюнованинг акаси, янгаси ҳам шу мактабда чет тили фанларидан дарс беришади ва директор билан ёмон муносабатда. «Суюнова мана шу йўл билан менинг ишлашимга тўсқинлик қилмоқчи», дея ҳисоблайди директор.

«Менинг ўзимни қаерда чиқарса, камчилигимни айтса розиман. Лекин ўқувчилардан фойдаланишига қаршиман. Ўқитувчи мактабда дарс ўтиш мумкин бўлган бошқа синфхоналар бўла туриб, айнан ўша партасиз хонага кириб дарс ўтган ва ҳолатни тасвирга олган», — деди директор.

Ўша куни синф полида ўтирганлар — 5-«а» синф ўқувчилари экан. Наргиза Суюнова уларга она тили ва адабиёт фанидан дарс беради. Ўқитувчининг айтишича, 6-7 сентябр кунлари синфда парталар бўлмаган. Ўқувчиларнинг оёғи толгани учун дарс чоғида полга ўтириб олишларига рухсат берган. Видеони эса 7 сентябр куни тушириб, ижтимоий тармоқларга жойлаштириш учун блогерга ташлаб берган.

Наргиза Суюнова ҳақиқатан ҳам акаси ва янгаси шу мактабда ишлаши, улар директор билан зиддиятга бориб қолганидан хабардорлигини айтди. Суюновага кўра, ҳолатни тасвирга олиб тармоқларга жойлашидан акаси Обид Суюновнинг хабари бўлмаган.

«6 сентябр куни хонада парталар йўқлигини синф раҳбарига билдирдим. 7 сентябр куни яна 5-«а» синфга дарсим бор эди. Кирсам, парталар ҳалиям йўқ экан. Директорни излаб тополмадим. Кейин тасвирга олишга мажбур бўлдим. Очиғи, мактабимизга шунчалик эътибор берилиб, чиройли таъмирланганидан жуда қувондим. Аммо бу ҳолатдан жуда хафа бўлдим.

Мен аввал ҳам директорнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида туман прокуратураси, халқ таълими бўлими, Президент қабулхонасига мурожаат қилганман. Аммо мурожаатларим юзасидан қониқарли жавоб олмаганман», — деди Наргиза Суюнова.

Суюнованинг маълум қилишича, директор Ш.Қосимов март ойидаги умумхалқ ҳашарида қилинган ҳашар учун июн ойида ойлик маошдан ушлаб қолиш бўйича ўқитувчилардан розилик хати ёзишларини талаб қилган. Ўша вақтда ҳам Суюнованинг эътирози сабаб бу ҳаракат охирига етмаган. Бундан ташқари, Мустақиллик байрами муносабати билан таътил эълон қилинган бўлса-да, директор 4 сентябр куни педагогик кенгаш ўтказиш учун ўқитувчиларни мактабга чақирган. Келмаганларга қонуний чора кўришини маълум қилган.

Суюнова мактабда айрим ўқитувчилар бўёқ ҳидидан заҳарланиб ҳушидан кетиб қолгани, натижада қишлоқ поликлиникасида ётишига тўғри келганини қўшимча қилди. Умуман, олганда шу каби ҳолатлар сабаб директорни ўз ишига номуносиб, дея ҳисоблашини билдирди.

Бу гап қанчалик ростлигини билиш мақсадида ҳудуддаги оилавий поликлиникада ҳам бўлдик. Поликлиника катта ҳамшираси Муқаддас Раупова мактабдан бирор ўқувчи ёки ўқитувчи бўёқ ҳидидан соғлиги ёмонлашиб мурожаат қилмаганини айтиб ўтди.

Мактабнинг ота-оналар кенгаши раиси Самадулла Эшмуродов полда дарс олаётган ўқувчиларнинг тасвири интернет тармоқларида тарқалгани, Шуҳрат Қосимовнинг қай тарзда директор этиб тайинлангани бўйича ўз муносабатини билдирди. Эшмуродов директорни ота-оналар сайлагани, вакил сифатида унинг фаолиятидан қониқишини билдирди. Аксинча, ўқувчиларнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоси кўпчиликни норози қилганини айтиб ўтди.

Ўша куни видеотасвирга тушиб қолган ўқувчилардан бири ва унинг онаси билан ҳам суҳбатлашишга муваффақ бўлдик.

«Ўқитувчимиз бизни видеога олмаслиги керак эди. Ҳамма жойга чиқиб кетдик, Россияларгача етиб борган. Тоғамлар видеони жўнатяпти. Озгина сабр қилганда мана, парталарга эга бўлардик, дарс ҳам ўтардик», — деди 5-«а» синф ўқувчиси Муштарий Холбоева.

Муштарийнинг онаси Насиба Олтиева ҳам қизи мактабга келишдан безиб қолганини билдирмоқда.

Хўш, капитал таъмирга тушган мазкур мактабга нега парталар ўз вақтида етказиб берилмади?

«AVANGARD GIDRO EKSPRESS» МЧЖ бош муҳандиси Тошпўлат Эшқувватовнинг айтишича, 3 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиб, айни вақтда мактабнинг ички қисмида деярли таъмирлаш ишлари якунланган. Мактабни тўлиқ топшириш шартнома бўйича жорий йилнинг 6 октябрига белгиланган ва ҳали уларда муддат бор. Яъни, янги парталарни етказиб бериш учун уларда ҳали муддат бўлган. Мактаб биноси ичини тўлиқ таъмирлаб бўлган уста-қурувчилар ҳозир асосан мактаб ҳовлиси ва ташқи қисмида ишини давом эттиришмоқда.

Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Жавоҳир Рустамов билан телефон орқали боғланиб, нега мактабга янги парталарни етказиб бериш кечиккани, умуман, янгидан таъмирланган мактабларга жиҳозлар қай тартибда, ким томонидан етказиб берилиши кераклигини сўрадик. Афсуски, Рустамов бу саволимизга жавоб бера олмади.

Очиғи, шундоқ ҳам соғлом муҳит бўлмаган бир жамоа ҳақида якдил хулоса қилиб бўлмайди. Шуниси аниқки, бугун қайсидир ўқитувчига ёқмаган директорни раҳбарликдан бўшатиб юбориш оддий жараён эмас. Директорни бирор мансабдор, мудир ёки ҳоким ҳам тайинламайди. Номзодни ота-оналар кенгаши муҳокама этади, халқ депутатлари туман кенгаши тасдиқлайди. Кенгашнинг тасдиқлаши ҳам хўжакўрсинга эмас, номзод ўз дастурини тақдим этиши керак. Агар берилган ваъдалар бажарилмаган тақдирда, раҳбарликда қолиш-қолмаслиги кун тартибига чиқади.

Яккабоғдаги ҳолат эса бир-бирини тан олмаслик, ҳамжиҳат бўлиб ишламасликдан бошқа нарса эмас. Ўртада ўқувчилар изза, ота-оналар норози.

Исомиддин ПЎЛАТОВ, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин ҲОТАМОВ.

Мавзуга оид