Ўзбекистон | 16:26 / 15.09.2021
9881
2 дақиқада ўқилади

Чироқчида калтакланган ўқитувчи айбдорларга енгил жазо белгиланганини айтмоқда

Жорий йил 6 апрель куни Чироқчи тумани ХТБга қарашли 134-мактаб ўқитувчиси Шоҳнур Оққўзиев 2 баҳо қўйгани учун ўқувчининг акаси ва бошқа қариндошлари уни дўппослашган. Август ойида бўлиб ўтган суд мажлисида айбдорларга жазо тайинланган. Аммо ўқитувчи айбдорларга етарли жазо берилмади деб ҳисобламоқда.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқовнинг маълум қилишича, Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судининг 2021 йил 6 августдаги ҳукмига кўра Шоҳнур Оққўзиевни калтаклаган Б. Ҳ. Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Шунингдек, ушбу ҳолат юзасидан маъмурий ҳуқуқбузар, деб топилган фуқаролар Н. О. ва Ж. О.га оид маъмурий иш 2021 йил 12 август куни Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судида кўриб чиқилган. Н. О. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси ва 52-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган, деб топилиб, унга нисбатан ушбу кодекснинг 34-моддаси 2-қисмига асосан узил-кесил БҲМнинг 3 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган. Ж.О. эса ушбу кодекснинг 52-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган, деб топилиб, унга нисбатан мазкур кодекснинг 52-моддаси 2-қисми билан БҲМнинг 2 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, Шоҳнур Оққўзиев калтаклангандан сўнг, Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев калтакланган ўқитувчи билан онлайн мулоқот қилиб, вазиятни шахсан назоратига олганини маълум қилганди.

Мавзуга оид