Жаҳон | 18:59 / 16.09.2021
27653
18 дақиқада ўқилади

Кобулдаги хаос ва умидсизлик. Бир ой аввал қулаган ҳукуматнинг сўнгги соатлари қандай кечганди?

20 йиллик қувғинликдан кейин толиблар Кобулга қайтишди ва янги ҳукумат тузилганини эълон қилишди. Муваққат ҳукуматда ўз вақтида таълим олган, хорижий инвестиция нималигини ҳис қилган ва бу орқали келажаги демократия асосига қурилишига умид боғлаган авлодга ишониб бўлмайди, деб ҳисоблашган кўринади. Аввалги ҳукумат нега бу қадар тез қулади ва бу қандай содир бўлди?

2021 йил 15 август. Толибон Жалолободда.
Фото: Getty Images

Толиблар мамлакатдаги илк йирик шаҳарни эгаллашидан Кобул дарвозаларигача етиб бориши учун ўн кун кифоя қилди.

Аммо ўша паллаларда пойтахтдаги вазият бутунлай бошқача кечадигандек эди. Таҳлилчиларнинг кўпчилиги Кобул қандайдир тинчлик келишуви тузилгунча туриб бера олишига ишонч билдирганди. Аммо 15 август куни барчаси ўзгариб кетди. Бир неча соат ичида президент ва олий мартабали амалдорлар мамлакатдан қочиб кетишди. Афғон армиясининг қолган қисми ва полициячилар формаларини ечиб, яшириниш пайига тушишди.

Ғарб мададига таяниб яшаб келган афғон ҳукумати том маънода тарқалиб кетди – сарфланган триллионлаб долларлар, ҳарбий ёрдамлар ва йигирма йил мобайнида хорижлик мутахассислар томонидан берилган сабоқларга қарамай.

Бу воқеалар иштирокчилари билан суҳбатлашган BBC журналистлари афғон ҳукумати қандай қилиб бир неча соат ичида мавжудлигини йўқотгани, ҳаммаёқни хаос ва умидсизлик қамрагани картинасини тузишди.

14 август, шанба

Юқори мартабали манбалардан бирининг BBC’га маълум қилишича, президент Ашраф Ғани атрофидаги доираларда ташвишли муҳит юзага келган, аммо ҳеч қандай ваҳима йўқ эди. Пойтахтни ҳимоя қилиш режаси ишлаб чиқилган ва унинг деталлари Афғонистон армияси бош штаби бошлиғи, генерал Ҳайбатуллоҳ Ализай ҳамда мамлакатдаги энг нуфузли америкалик қўмондон Питер Вейсли томонидан муҳокама қилинган. Режанинг асосий элементи толибларнинг юришини Кобул остонасида тўхтатиш бўйича музокаралар ўтказиш эди.

14 август куни президент Ашраф Ғани ва мудофаа вазири Бисмилла Хон Муҳаммадий Кобулдаги қўшинларни кўздан кечирди.
Фото: Reuters

Кобул хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги ишчи гуруҳ раҳбарлигига афғон армиясининг мамлакатдаги энг йирик вилоят бўлган Ҳилманддаги кучларининг собиқ қўмондони Сами Саодат таклиф этилади. Режа зарурат туғилганда ҳарбий ҳаракатларга киришишни, аммо идеал ҳолатда «Толибон» билан тинчлик келишувини тузишни назарда тутар эди. Сулҳ тузишга эришилмаса ҳам Кобулдаги маъмуриятда эвакуация учун вақтдан ютиш имкони бўларди.

Аммо генерал-лейтенант Саодат раҳбарият билан учрашув ўтказаётганида толиблар Афғонистон шимолидаги энг йирик шаҳар бўлмиш Мозори Шарифни эгаллади ва шарққа – Жалолобод томон юриш қилди. Бу икки шаҳар ҳам деярли жангсиз таслим бўлди.

Эндиликда сўнгги йирик шаҳар – Кобул қолмоқда эди.

Собиқ иқтисодчи олим, Жаҳон банки ходими бўлган Ашраф Ғани Афғонистон президентлиги лавозимини 2014 йил сентябридан буён эгаллаб келаётганди. Унинг сиёсатидан норози бўлган президент маъмуриятининг собиқ ходимлари BBC’га толибларнинг сўнгги ҳафталардаги юришлари вақтида Ғани улар томонидан келаётган хавфни соғлом ақл билан баҳолай олмаганини айтишди.

Аммо ҳеч қандай шубҳа йўқки, Ғани Афғонистоннинг собиқ президенти Муҳаммад Нажибулланинг қисматини ёддан чиқармаган. У ҳатто кейинроқ мамлакатни тарк этишига изоҳ бераётиб ҳам унинг куни қандай тугаганини эслатиб ўтди.

1996 йилда Кобулга кириб келган толиблар Нажибуллани тутиб олишганди. Ўшанда жангарилар уни БМТ ваколатхонаси биносидан олиб чиқиб, жон бергунича қийноққа солишган, кейин унинг танасини президентлик саройи қаршисидаги светофорга осишганди.

15 август, якшанба тонги

15 август. Банклар олдида узун навбатлар пайдо бўлди.
Фото: Getty Images

Тонгда Кобул аҳолиси орасида хавотир кучая бошлайди. Шаҳар бўйлаб жангарилар пойтахт деворлари остида тўплангани ҳақида хабарлар тарқалади. Банклар олдида нақд пул олиш учун узун навбатлар юзага келади, одамлар аэропортга ошиқа бошлайди. Аммо президент Ғанининг атрофидагилар ҳамон шаҳар бир неча соатдан кейин толиблар назоратига ўтиши ҳақида ўйламасди.

Президент аппарати ходимлари одатдагидек XIX асрда қурилган муҳташам Арк саройидаги президент қароргоҳига ишга чиқишади.

Улардаги ишончни мустаҳкамлаган омил бир кун аввал президент маслаҳатчиси Салом Раҳимий воситачилигида эришилган битим эди. Ғанига яқин бўлган манба маълумотига кўра, Раҳимий толиблар билан махфий музокараларда қатнашган ва улар билан ҳокимиятни вақтинча ўзаро тақсимлаш эвазига шаҳарга ҳужум қилмаслик бўйича келишув тузганди.

Бундай келишув хорижликлар ва толиблар ҳокимиятга келишидан хавфсираган афғонларни аэропорт орқали режа бўйича эвакуация қилишни давом эттиришга имкон берарди. Шунингдек, Қатардаги музокараларда тилга олинган миллий бирлик ҳукумати тузиш ҳақидаги музокараларни якунлаш учун вақтдан ютиш имкони бўларди.

Ашраф Ғани "Facebook" орқали фуқароларга мурожаат қилди.
Фото: Facebook

Кобул аҳлини хотиржам қилишга уриниб Ғанининг администрацияси якшанба куни президентнинг фейсбукдаги расмий саҳифасида президент ички ишлар вазири ҳамда бошқа куч ишлатар тузилмалар раҳбарлари билан шаҳарни ҳимоя қилиш чораларини муҳокама қилгани акс этган видеони жойлаштирди. Ўз кабинетида, ёғочдан ишланган стулида ўтирган Ғани вазир билан телефон карнайини ёқиб қўйган ҳолда гаплашади. Видеоёзувдан шундай хулосага келиш мумкин эдики, толиблар билан, албатта, келишувга эришилади ҳамда Кобулда ҳарбий ҳаракатлар олиб борилмайди.

Аммо афтидан, бу ҳукуматнинг барча аъзоларини ҳам ишонтириш учун етарли бўлмаган. BBC маълумотига кўра, президент ўшанда бошқа юқори мартабали вазирлар билан боғлана олмаган. Масалан, вице-президент Амрулла Солиҳ бу вақтда Кобулдан ўнлаб километр узоқдаги Панжшер водийсига кетганди. Мудофаа вазири Бисмилла Хонни ҳам топиб бўлмай қолади. Ва барча режа чиппакка чиқа бошлайди.

***

Бу вақтда ўнга яқин юқори мартабали афғон сиёсатчиларидан иборат гуруҳ одатий йўловчи рейс орқали Исломободга учиб кетиш учун аэропортга йўл олганди. Бу гуруҳда парламент қуйи палатаси спикери Мир Раҳмон Раҳмоний ва собиқ вице-президент Карим Халилий ҳам бор эди.

Делегация аъзоларидан бири, қишлоқ хўжалиги вазирлиги ходими Шаҳиб Шарифий кейинроқ ОАВнинг бу сафар аслида ниқобланган эвакуация бўлгани ҳақидаги хабарига раддия берди. «Бизнинг олдимизда Покистон ҳукуматини Афғонистонда қон тўкилишидан қочиш учун воситачи бўлишга кўндириш вазифаси қўйилганди», – дейди у.

Аммо президент Ғани бу ташрифга қарши бўлган. «У биз Покистон ёрдамида унинг ҳокимиятдан четлатилишига олиб келадиган келишувга эришишимиздан қўрқарди. У бизнинг сафаримизга қатъиян қарши эди», – деган Шарифий.

Кузатувчиларнинг тахмин қилишича, президент парламент спикери мамлакатни тарк этиши жамоатчиликда янада кўпроқ ваҳима уйғотишидан чўчиган бўлиши ҳам мумкин.

Шарифий аэропортгача бўлган йўл давомида кузатганлари асосида шаҳардаги ваҳимали вазиятни тасвирлайди.

Толибон Кобулга яқинлашганида бутун шаҳарда тирбандлик юзага келди.
Фото: Getty Images

«Биз толиблар дарвоза ортида турганини эшитдик, аммо улар бу қадар тезлик билан шаҳарга киришини ўйламагандик. Аввалги тун ҳаддан ташқари нотинч ўтганди, биз том маънода қўлимиздан қуролни қўймасдан ухлагандик. Банкларда навбатлар ҳосил бўлган, одамлар нақд долларларни ечиб олишга шошиларди. Аэропортга киришда ҳам навбатлар юзага келганди. Ҳаммаёқда мисли кўрилмаган тирбандликлар эди», – дея хотирлайди у.

Йўллар шу қадар тиқилинч бўлганки, аэропортга гуруҳнинг бошқа аъзоларидан алоҳида йўл олган собиқ вице-президент Халилий йўлда машинани қолдириб, рейсга улгуриш учун қолган ўн дақиқа давомида пиёда ҳаракатланишига тўғри келган.

Аэропортдалигида делегация вакилларига дақиқа сайин толибларнинг ҳаракатлари тўғрисида сўнгги маълумотлар келиб турган. «Ҳар дақиқада бизга улар шаҳардаги муҳим жойларни эгаллагани тўғрисида янгидан янги хабарлар келарди. Бу жуда қўрқинчли эди», – дейди у.

Аэропорт ичкарисида хаос ҳукмрон эди.

Кобул аэропортида тартибсизлик бошланади

BBC журналисти одамлар мунтазам рейсларга сўнгги чипталарни қўлга киритиш учун қандай кураш олиб боришганига гувоҳ бўлган. Қўлида чиптаси бўлган айрим йўловчилар навбат охирида қолиб кетган, чунки уларнинг ўрнини аэропортга келган парламент аъзолари, қўшиқчилар ва бошқа VIP-шахсларга бериб юборишган.

Кўп ўтмай аэропорт ва чегара хизмати ходимлари ўз иш жойларидан йўқолиб қола бошлаган, одамларни текшириш тўхтаган. Натижада одамлар оқими учиш майдонига ёпирилган.

Делегация ниҳоят Покистон халқаро авиалиниялари рейсига чиққан. Аммо авиадиспетчерлар экипажга учишга рухсат бермаган ва кейинги кўрсатма – кутиш бўйича кўрсатма берилган.

«Биз жангарилар исталган дақиқада аэропортни эгаллаб олиши мумкинлигини ўйлардик. Агар толиблар кутилмаганда самолётга кириб келса, қандай ҳимояланишни ҳам муҳокама қилдик. Менинг қўлимдаги энг оғир буюм лэптоп батарейкаси эди», – дея эслайди Шаҳиб Шарифий.

Якшанба – кун ярми

Бу вақтда президентлик саройидаги вазият ҳам ёмонлашиб борарди. Ғани ҳамон ўз ҳукумати ҳарбий бошлиқлари билан боғланишга уринар, аммо бу бесамар кетарди.

«Шундай тасаввур уйғондики, ҳукумат механизми шунчаки ишлашдан тўхтади, одамлар, шу жумладан, энг муҳим лавозимлардаги одамлар алоҳида гуруҳларга ажралиб кетганди. Ва бу гуруҳлар бир-бири ҳақида ҳеч нарса билмасди. Биз саройдан қандайдир кўрсатма кутардик, аммо бундай кўрсатма келмади», – дейди BBC билан суҳбатда Ғани ҳукуматидаги лавозимлардан бирини эгаллаган манба.

Ғанининг атрофидаги одамлар камая бошлади ва улар ташқи дунёдан иҳоталаниб қолди. Бир неча манбаларнинг айтишича, ўша вақтда муҳим қарорларни қабул қилиши мумкин бўлган уч киши қолганди: унинг ўзидан ташқари президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳамдулла Моҳиб ва президент аппарати раҳбари Фозил Фазлий.

Ғани 38 ёшли Моҳибга ҳаммадан кўпроқ ишонган. У Ғарбда таълим олган, ўтмишда Афғонистоннинг АҚШдаги элчиси бўлиб ишлаган; мудофаа ва хавфсизлик соҳасида тажрибаси йўқлигига қарамай, Ғани 2018 йилда уни ҳарбий масалалардаги энг муҳим қарорлар учун масъул бўлган маслаҳатчиси этиб тайинлаганди.

Саройдаги манбаларнинг ҳикоя қилишича, тушга яқин Моҳиб эвакуация жараёнини бошлашга киришади. Бундан бироз олдинроқ қароргоҳ яқинида отишма овози эшитилганди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Ғани саройни тарк этишни истамаган. Аммо Моҳиб президентни гап унинг ҳаётига таҳдид ҳақида кетаётганига ишонтирган. «Моҳиб Ғанига толиблар шу ерга келаётгани, улар уни қўлга олиб ўлдирмоқчилигини айтди. У жуда ташвишда эди», – дейди манба.

Бу вақтда бутун Кобул бўйлаб мавҳумлик олдидаги қўрқув ҳолати юзага келганди.

15 август. Толиблар Лағмон вилоятида.
Фото: Getty Images

«Мен офисда эдим ва тахминан соат 14:00 ларда ижтимоий тармоқлар шаҳар кўчаларидаги толибларнинг суратлари билан тўлиб-тошганди. Ҳамкасблар нарсаларни йиғиштириб, уй-уйига тарқала бошлади. Бир-биримиз билан гаплашмасдик. Мен офисдан чиққанимда, кўчаларни одам босиб кетганди. Дўконлар ёпилганди. Мен отишма овозларини эшитдим. Қаршимдан чиққан ҳар бир одамни толиб деб гумон қилардим», – дейди BBC билан суҳбатда Кобулда яшовчилардан бири.

Кўплаб манбаларнинг сўзларига кўра, президент тансоқчиларининг аксар қисми у саройдан кетишига қарши бўлган. Ғани, унинг оиласи ва маслаҳатчилари учун уч вертолёт келтирилганида, хавфсизлик хизмати ходимлари ва қароргоҳни тарк этаётганлар ўртасида зиддият келиб чиққан: улар бир-бирига бақира бошлаган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, вертолётга чиқиш жараёнида кетаётганлар пастга бир неча сумка ташлаган. Айрим манбалар уларда қўриқчиларни тинчлантириш учун нақд пуллар солинган бўлганини тахмин қилишди, аммо бу маълумотни текшириш имконсиз. Кейинроқ Бирлашган Араб Амирликларида туриб қилган видеомурожаатида Ғани Афғонистондан сумкаларга солинган йирик миқдордаги пулларни олиб кетгани ҳақидаги маълумотларни рад этди.

Соат 15:30 атрофида президент Ғани ва унинг яқинлари, шу жумладан, Моҳиб ва Фазлий ҳам вертолётлар орқали президент саройини тарк этишади.

Улар аввалига Термизга, кейин БААга учади. Бир неча соат вақт ўтиб бутун дунё нашрларида бир неча соат олдин Ашраф Ғани ўтирган стол атрофида президент саройига кириб келган толиблар тургани акс этган сурат тарқалди.

Толибон Ашраф Ғанининг президент саройидаги кабинетида.
Фото: AP

Ғанининг иш столида ҳамон у эрталабки мажлис вақтида қолдирган китоб ўша саҳифаси очилган ҳолда ётарди. Аммо «Толибон» янги саҳифани ёзишни бошлаганди.

***

Бу вақтда аэропортда бўлган ҳукуматнинг бошқа юқори мартабали вакиллари янгиликларни кутиб туришарди. Ғани қочиб кетгани ҳақидаги хабар ҳали уларга етиб келмаганди.

«Мен ўндан ортиқ вазирлар ва бошқа мансабдорларни санадим. Улар учиш-қўниш йўлаги атрофида турар ва кутарди. Улар бир-биридан Ғани қаердалигини сўрашарди, аммо ҳеч ким бу ҳақда ҳеч нарса билмасди», – дея ҳикоя қилади ҳукуматнинг собиқ аъзоси.

Учиш майдонида Покистон ҳаво йўлларининг PK6250 рейсини амалга ошираётган самолёти турарди. Шарифий ва делегациянинг бошқа аъзолари бортда ўтирганига тўрт ярим соат вақт бўлганди. Авиадиспетчерлар жим эди.

 Самолёт учувчилари зудлик билан қарор қабул қилиши талаб этиларди.

 Аэродромнинг ҳарбий қисмида доимий равишда «Чинук» вертолётлари ва АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари учиб турарди.

Шунда пилот Мақсуд Байроний диспетчерлар рухсатисиз учиб кетишга қарор қилди, кейинроқ унинг бу қарори Покистонда қаҳрамонлик сифатида қабул қилинди. Журналистлар билан суҳбатда у шунчаки икки ҳарбий борт ортидан учиш йўлагига чиққанини айтиб берди.

Шарифийнинг сўзларига кўра, афғон делегацияси шундан кейин енгил тин олган. «Биз ниҳоят учишни бошлаганимиздан бахтиёр эдик, аммо шу билан бирга қайтганимизда нима бўлишини билмасликдан қайғуда эдик», – дейди у.

Улар бу вақтда президент мамлакатдан қочиб кетганидан хабардор эмасди.

***

Бир неча кун ўтиб президент Ғани БААда туриб Фейсбук орқали эфирда пайдо бўлди – бу ерда унга «инсонпарварлик юзасидан» қолишга рухсат берилганди.

У мамлакатни оғир дамларда ташлаб кетганини изоҳлашга уринди.

«Кобулни тарк этиш қарорини мен эмас, шахсий тансоқчиларим қабул қилди, агар мен қолганимда бу қон тўкилишига олиб келган бўларди. Афғонистонда 25 йил муқаддам рўй берган воқеалар такрорланарди. Мени афғон халқи кўз ўнгида осардилар ва бу ҳам тарихимиздаги яна бир фалокатга айланарди», – дейди Ғани.

***

Ўша якшанбада Кобулда кўпчилик бу қадар тезлик билан қўлга киритганидан ажабланган бўлиши мумкин, лекин мамлакатнинг қолган қисмидагилар буни яхши тушунарди.

BBC ихтиёрига жанубдаги вилоятлардан бири толибларга топширилиши билан якунланган музокаралар ҳақида маълумот келиб тушган.

Покистон билан чегарадаги Зобул вилоятидаги толиблардан бирининг сўзларига кўра, бу ҳудуддан 2014 йилда америкалик ҳарбийларнинг олиб кетилиши оқибатида афғон армияси моддий қўллаб-қувватловдан маҳрум бўлган. «Америкаликлар Зобулга келиб, бу ерда профессионал блок-постлар ва базалар қуришган, аммо улар кетишгач, афғон армияси буларнинг барчасини сақлаб тура олмай қолган. Толиблар уларнинг таъминот линияларини тўсиб қўйишди ва уларнинг ишлашига имкон бермади», – дейди музокараларда иштирок этган толиблардан бири.

Қишлоқ ҳудудларнинг катта қисмини назоратига олиб бўлган «Толибон» аста-секин блок-постларни ҳам эгаллаб ола бошлади ва афғон ҳарбийларини казармаларга қамалишга мажбур қилди. 2021 йил июнида Зобулдаги вазият «Толибон» фойдасига ўзгара бошлаганди.

«Биз маҳаллий қабилалар кенгаши орқали ўз анъаналаримизга мувофиқ тарзда музокаралар ўтказишга қарор қилдик», – деган манба.

15 июнь куни икки томондан ўнлаб кишилар иштирокида музокаралар бошланди ва икки кун давом этди. Музокарачилар делегацияларига толибларнинг маҳаллий бўлими қўмондони Мухлис ҳамда Зобул губернатори ўринбосари Иноятуллоҳ Хотак раҳбарлик қилди. Икки асосий масала муҳокама қилинган: афғон ҳарбийлари хавфсизлиги кафолати ҳамда толиблар ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги қурол тақсимоти.

Кейинги куни улар келишишди. Оқсоқоллар қуролларни толибларга топширишга рози бўлишади, шунингдек, ҳарбийлар вилоят маркази Қалот шаҳрига хавфсиз ўтиши таъминланади. Ҳар бир ҳарбий хизматчига 5 минг афғоний (тахминан 55 доллар) ҳамда ўз хавфсизлиги учун битта енгил қурол берилади. Ҳарбийларга эвакуация учун етарли миқдорда техника ҳам қолдирилади. 16 июнь куни юзлаб ҳарбий хизматчилар толиблар кузатуви остида Қалотга кета бошлайди.

Зобулдаги манбаларнинг айтишича, вилоятнинг бошқа қисмларидаги ҳарбийлар ҳам толиблар билан хавфсиз йўлак бўйича келишувлар тузишган.

Бу вақтда Кобул қулашига бир неча ҳафта қолганди.

***

Афғонистонда кўпчилик учун 15 август – умидлар кўмилган ва умидсиз ҳаёт бошланган қора кун бўлди.

Афғонистонликлардан бири ўша куни кеч тушгач ҳаёт бутунлай ўзгарганини англагани ҳақида гапирганди: «Дераза ортида зулмат ва сукунат. Бу тарихдаги энг қайғули кун эди. Кобул хўрсиниб нафас оларди».

Мавзуга оид