Ўзбекистон | 13:26 / 16.09.2021
3727
3 дақиқада ўқилади

Наргиза Парпиева: “Туберкулёз давосиз касаллик эмас, тўғри даволанса бемор бутунлай соғаяди”

 

Тошкентда Марказий Осиёда туберкулёзни  интеграциялашган назорат қилиш бўйича 5-халқаро конференция бўлиб ўтмоқда. Тадбир Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан, AҚШ халқаро тараққиёт агентлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси техник кўмаги ва Германия KFW тараққиёт банки молиявий ёрдамида ташкил этилди.

Ўзбекистонда Туберкулёзга қарши тадбирларни амалга ошириш ЖССТ томонидан тавсия этилган “Туберкулёзга барҳам бериш” стратегиясига мувофиқ амалга ошириляпти. Ушбу стратегияни амалга ошириш натижасида туберкулёзга чалинган беморлар стандарт диагностика ва клиник хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлиб, халқаро стандартларга жавоб берадиган даво олмоқдалар.

ССВ бош фтизиатри, фтизиатрия ва пульмонология маркази раҳбари, профессор Наргиза Парпиева Kun.uz мухбири билан суҳбатда қуйидагиларни айтди:

“Аввало бир нарсани таъкидламоқчиман – туберкулёз давосиз касаллик эмас, тўғри даволанса бемор албатта бутунлай соғаяди. Шунингдек, бу касалликни даволаш билан боғлиқ барча дори-дармонлар давлат томонидан бепул таъминланиши кафолатланган. Ўзбекистон сўнгги йилларда туберкулёзни ташхислаш ва даволашда катта тажриба тўплади, маълум муваффақиятларга эришди. Олдин бу касалликни якуний ташхислаш учун 3 ой вақт сарфлаган бўлсак, ҳозир 70 дақиқа кифоя. Бу ютуқ касалликни эрта аниқлаш, тезкор ва самарали даволашда жуда муҳим. Шунингдек, бутун дунё бўйлаб туберкулёзни даволаш давомийлиги ўртача 24 ойни ташкил қилса, Ўзбекистон тажрибаси орқали бу муддатни аввал 9 ойга туширдик. Ҳозирги кунда эса 6 ойда тўлиқ даволаш бўйича дастлабки натижаларни таҳлил қиляпмиз. Муддатни қисқартириш жуда муҳим, сабаби – бу касалликнинг психологик жиҳатлари ҳам бор. Узоқ вақт даволаниш бемор ва яқинларининг руҳиятига салбий таъсир қилади”.

Шунингдек, профессор халқ орасида “сил касаллиги” деб номланувчи бу касалликнинг расмий ва тўғри номи “туберкулёз касаллиги” эканлиги ҳам билдириб ўтди.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид