Жамият | 16:38 / 17.09.2021
13170
3 дақиқада ўқилади

Божхоначилар томонидан Қўқон божхона постига йўналтирилган юк Тошкентда алмаштирилиб Ургутга йўллангани фош этилди

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Божхоначилар томонидан «Қўқон» ташқи иқтисодий фаолият божхона постига йўналтирилган 11,9 миллиард сўмлик импорт товарлари Тошкент шаҳри Бектемир туманида алмаштирилиб, Ургутга олиб кетилгани фош этилган. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Давлат божхона қўмитаси ва унинг Фарғона, Навоий, Наманган ва Самарқанд вилоятлари бўйича бошқармалари тезкор тузилмалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Ўзбекистонга импорт тарзида олиб кирилган товар-моддий бойликларини божхона расмийлаштирувига қадар алмаштириб қўйишга бўлган уринишларга чек қўйилган.

Қайд этилишича, Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтказилган тадбиркорлик субъектларидан бирининг номига хориждан келтирилган юк контейнеридаги косметика ва пардоз воситаларидан иборат товарлар белгиланган тартибда расмийлаштириш учун «Қўқон» ташқи иқтисодий фаолият божхона постига йўналтирилган.

Мазкур контейнердаги товарлар белгиланган тартибда кўздан кечирилганда юклар алмаштириб қўйилгани, косметика ва пардоз воситалари ўрнига салкам 1,5 тонна шиша идишлар ҳамда 21 тоннадан ошиқ кир ювиш кукунлари ортилгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилиб, зудлик билан ушбу омбор кўздан кечирилганда у ерга туширилган товарлар бошқа юк машинасига ортилиб, олиб чиқиб кетилгани маълум бўлган.

Тезкор ходимлар томонидан Бектемир туманидаги омбордан товарларни ортиб кетган юк машинаси зудлик билан топилган. Аниқланишича, ундаги юклар Самарқанд вилояти Ургут туманидаги тадбиркорлардан бирининг омборига туширилган.

Ургутдаги омбор белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, бу ерда 461 турдаги салкам 721 минг дона косметика ва пардоз воситалари, шунингдек шиша идишлар ҳамда кир ювиш кукунлари сақланаётгани аниқланган. Ушбу товарларнинг умумий қиймати эса 11 миллиард 881 миллион 700 минг сўмни ташкил этган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Божхона қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, йил бошидан буён божхоначилар томонидан аниқланган 7700 дан ортиқ божхона қонунбузилиши ҳолатларида 547 миллиард сўмлик товарларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Мавзуга оид