Ўзбекистон | 08:12 / 17.09.2021
10925
7 дақиқада ўқилади

«Ўтин ёқсакми ёки газ баллон?» – Андижон марказидаги «дом»да яшовчилар бу қишни ҳам газсиз ўтказишдан хавотирда

Қиш яқинлашгани сари одамлар уйни иситиш ҳақида ўйлай бошлайди. Айниқса, кўп қаватли уйларда истиқомат қиладиганларга қийин. Табиий газ тармоғига уланган хонадонларда ҳаво кескин совиши билан газ босими ҳам пасайиб кетади. Кўпқаватли уйда кўмир билан иситиладиган печкалардан, газ баллонлардан фойдаланиш хавфли. Электр билан иситиш қимматга тушади, етмаганига чироқ ҳам қишда паст бўлади. Қисқаси қиш «дом»да яшовчилар учун муаммолар фасли.

Андижон шаҳри, Ўрикзор маҳалласи, 3-кичик даҳа 40, 21, 21«А» ва 44-уйларда яшовчи юздан зиёд хонадон эгалари беш йилдан бери ана шундай муаммолар ичида яшаб келмоқда. Газ умуман йўқлиги туфайли барча идораларга мурожаат қилган фуқароларга Андижон шаҳар «Ҳудудгазтаъминот» ходимлари келиб, «дом»лар ҳудуди «тупик» жойда экани, уларга асосий линиядаги газ тақсимлаш иншоотидан янги тармоқ тортиш учун 36 миллион сўмга 800 метр қувур сотиб олишлари кераклигини билдиришган. Одамлар эса бу пулни йиға олмаган. Қиш олдидан боши қотган одамлар таҳририятга мурожаат қилди. Биз муаммоларни ўргангани борган 7 сентябр куни ҳам кўп қаватли уйларда табий газ йўқ эди.

«Мана, 5 йилдан бери биз жуда қийналяпмиз. Атрофимизда 5 та «дом», 200 та хонадон бор. Ногиронлар, чақалоқларимиз бор. Қандай қилиб уй иситишни билмаймиз. Мен 4-қаватда турганим билан газ пил-пиллаб, ҳаттоки ҳафталаб газ бўлмади. Ҳокимиятдан, шаҳаргаздан вакиллар келди. Ҳисоблагичлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади. Фақат, ҳаво келади. Ҳаво келади, ҳисоблагич айланади, шу билан одамларнинг уйида 1 миллиондан қарздорлик хати боради.

Кўмир олиб ёқай десак, бўлмайди. Ахир «дом» бўлса бу. Қўлингизни иссиқ сувда юволмайсиз, электр қуввати паст, чироқ хира, ҳатто музлаткични ўчириб яшадик. Иситгич қўямиз десак, қайси бирини қўямиз?

Ҳозир нариги домда, биринчи подъездимизда Зуҳриддинова деган аёл 90 га яқинлашиб боряпти. Ўзи врач, эри ҳам профессор бўлган, ҳаттоки ўша аёл печкага ўтин ёқди. «Дом» олдидаги дарахт шохларидан кесиб олиб кирди, пулга ҳам сотиб олди. Пенсионер.

Мана, куз келди, яқинда қиш оралаяпти. Президентимиз биз учун ҳаракат қиляпти, ҳаммаси халқ учун, дейиляпти. Нимага бизнинг газ ходимлари қулоқ солмайди? Ҳокимиятга хатлар ёзиляпти, улар қулоқ солмайди. Кимга бориб мурожаат қиламиз? Телефон қилганимизда мана шу ерга ҳаммаси ёпирилиб келди. Газ ходимлари, ишлайдиганлари, текширадиганлари. Шаҳар ҳокими ўз оғзи билан айтди, газ ҳисоблагичларни олиб ташланглар, деди. Одамлар ҳақиқатда тўполон қилди. Январ эди, ҳаммамиз ноилож кўчага чиқдик.

Мурожаатлардан сўнг иккита газ ходими келди. Улар газни бошқа линиядан тортиб келиш учун 800 метр қувур кетади, дейишди. Аввалига қувурга 60 миллион сўм пул йиғасизлар, деганди. Сўнг 36 миллион етади, деб шарт қўйишди. Бу қанақаси, уйимизда 500 минг пенсия оладиган қариялар яшаса», дейди Муҳаббат Зокирова.

Шу уйда яшовчи фахрий устоз Ҳанифа Раҳимова хонадонига кирдик. Кузнинг иссиқ илк кунлари бўлса-да қувурда табиий газ йўқ эди. Опа минг гугурт чақиб газни ёқишга бефойда уринди. Хонадонда қиш олдидан электр билан исийдиган ускуналарни тайёрлаб қўйишибди.

«Ҳозирданоқ қалтираб, қишда нима қиламиз деб ўйлаяпмиз. Яна кимникига кўчамиз? Ўтган йили ўртоғимнинг уйида қишладик. Бу йил Тошкентда ижарага уй олиб қишласакми деяпмиз. Шунга мажбурмиз. Чунки кичкина болалар, неваралар бор. Мана, электроплита ишлатяпмиз. Ҳозир ток бор, лекин қишдачи? Чойни мана шу электроплитада қайнатамиз. Газ ёнмади, кўрдингиз. Манави электроплитани қўйиб, чой қайнатиб, кейин овқат пишираман. Қишда эса мана унда димлама 10 соатда пишади, шўрва 10 соатда қайнайди.

Шунинг учун мажбурмиз ҳаммамиз чиқиб кетишга. «Дом»да бўлсак ҳам газ баллон қўйиш ҳақида ўйлаяпман. Қишда ҳеч бўлмаса овқат пишириш мумкин. Электр иситгичнинг аҳволи мана, у ҳам суст ишлайди, чунки ток йўқ, свет помидордек ёнади қишда», дейди Ҳанифа Раҳимова.

Светлана Акобжанова газ таъминотидаги муаммолар бўйича бир даста мурожаатлар ва уларга жавобларни кўрсатди. Ярим соат натижасизликдан энди нима қилишга боши қотган аёлнинг сўзларини тингладик. Светлана опа қувур тортиш учун газ идораси томонидан айтилган 36 миллион сўм пул йиғилиша аҳоли қаршилигини билдирди.

Яна бир хонадон эгаси Татьяна Цой эса ўтган йили қишда совуқда газсизликдан, электр узилишидан қийналиб, ҳатта автомобил йўлини тўсишга чиқишганини айтиб берди.

Биз ўтган йил 28-29 декабр кунлари электросетга кириб, шартномаларни кўрсатишларини талаб қилдик. Уларни ким имзолаган, бунга қандай ҳуқуқи бор? Улар уланиб олганда газ йўқ, лекин свет бор эди, шу боис индамай тургандик, лекин электр куйишни бошлагач, кўчага чиқишга мажбур бўлдик. Шунда шаҳар ҳокими келди. У ҳисоблагичларни олиб ташлашни айтди. Газ йўқ эди, лекин ҳисоблагичдан газ ҳиди келиб турарди. Ҳоким ҳисоблагичларни олиб ташлаб, ўртача миқдорда пул тўлаш кераклигини айтиб, газ бўлади, деди. Шундай деб кетганидан бери газ йўқ, уйимизга кириб кўришингиз мумкин», дейди Татьяна Цой.

85 ёшли онахон Маҳбуба Низомиддинова, Анатилий Баранников Луиза Язиковаларнинг ҳам дардини тингладик.

Улар шаҳар ва «Ҳудудгаз» мутасаддилари ўтган йилги қишдаги муаммолардан хулоса чиқармай куз-қиш мавсумига тайёргарлик қилмаётганидан хавотирда. Ҳа, қиш яқин, одамлар эса қишни фақат мурожаат билан ўтгазишдан тўйган.

Таажжубки, Андижон шаҳар «Ҳудудгазтаъминот» корхонаси етказиб берувчи сифатида тўртта кўпқаватли уйга 800 метр қувур мижозлар маблағидан эмас, балки ўз маблағидан тортилишини унутиб қўйган кўринади. Умуман олганда шаҳар ҳокимлиги ва «Ҳудудгаз» мутасаддилари ҳар йили қиш фаслида юзага келадигани муаммолардан хулоса чиқарса бўларди. Икки йил олдин шаҳардаги кичик даҳаларда мавжуд «дом»ларга марказлашган иситиш тизими ўрнатилиши режалаштирилаётгани айтилган эди, лекин амалга ошмади.

Бизга мурожаат қилган тўртта кўпқаватли уйнинг юз хонадони эса муаммо ечимини кутмоқда. Улар ҳам Ўзбекистон фуқароси эканини, шу мамлакатдан қазиб олинаётган газни сотиб олиб (!) ёқишга ҳаққи борлигини унутманг, ҳурматли ўзбекистонликларга газ беришга масъул каттаконлар!

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов.

Мавзуга оид