Жамият | 21:44 / 17.09.2021
14137
2 дақиқада ўқилади

Ёзувчи ва таржимон Олим Отахон вафот этди

Таниқли ёзувчи ва таржимон Олим Отахон 17 сентябрь куни 70 ёшида оламдан ўтди. Марҳум Тошкентдаги «Чиғатой» қабристонига дафн этилган.

Олим Отахон 1951 йили 12 апрелда Тошкентнинг Бешёғоч даҳасига қарашли Чақчимон маҳалласида туғилган. 1969–1974 йилларда ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факултетида таҳсил олган.

Олим Отахон иш фаолиятини ҳозирги «Туркистон» газетасида мусаҳҳиҳликдан бошлаган. У турли йилларда Тошкент вилояти кино прокатида реклама муҳаррири, Тошкент миллий чолғу асбоблари фабрикасида экспедитор, Ўзбекистон телерадио давлат қўмитасининг адабий-драматик эшиттиришлар бош таҳририятида муҳаррир ва Ўзбекистон телевидениеси дубляж студиясининг бош муҳаррири вазифаларида ишлаган.

Олим Отахоннинг «Кутиш» номли биринчи ҳикояси ўқувчилик йилларида «Тошкент оқшоми» газетасида босилиб чиққан эди. Шундан сўнг «Болалик каптарлари» (1981), «Оқшом хаёллари» (1986), «Озод қушлар ҳақида қўшиқ» (1988), «Адоқсиз кўчалар» номли ҳикоялар тўпламлари эълон қилинди.

Олим Отахоннинг жаҳон адабиётининг мумтоз адиблари ижодидан қилган таржималари эътиборга моликдир. Ясунари Кавабатанинг бир қатор ҳикоялари, Жек Лондоннинг «Аждодлар нидоси», «Оқ сўйлоқ» қиссалари, Уилям Фолкнернинг «Қирмизи япроқлар» қиссаси билан «Қуёш заволи» ҳикояси, Хулио Кортасар, Скотт Фитсжералд, Карлос Фуэнтесларнинг айрим ҳикоялари ўзбек ўқувчиларига унинг таржимасида маълумдир.

Олим Отахон адабий таржима ҳақида фикр юритиб, «таржимон фақат ўзига яқин асарни таржима қилиши керак. Ҳа, зўр ёзувчилар кўп, аммо ўзингники бўлганларини танлаб, умр бўйи улар билан шуғулланиш керак. Масалан, мен Кавабатага умримни бердим. Адабиёт ва ҳаёт орасидаги чегарани йўқотдим», – деганди.

Kun.uz марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.

Мавзуга оид