Ўзбекистон | 12:22 / 18.09.2021
1227
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳрида хонадонлардан бири ёниб кетди

Самарқанд шаҳрида жойлашган хонадонлардан бирида ёнғин содир бўлган. Оқибатда хонадоннинг 150 метр квадрат қисми тўлиқ ёниб зарарланган. Бу ҳақда Kun.uz’га вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2021 йил17 сентябрь куни соат 1:59 ларда Самарқанд шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчилик қисмига шаҳарнинг «Азизон» маҳалласи Чорбоғ кўчаси 1-йўлак 3-уйда яшовчи, 1957 йилда туғилган фуқаро С.Т.нинг яшаш уйида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида тезкор хабар келиб тушган.

Шундан сўнг соат 2:11 да воқеа жойига Самарқанд шаҳар ФВБ Ёнғинга қарши курашиш бўлинмасидан 4 та ёнғин ўчириш машинаси ва 1 та Камаз етиб борган. Ёнғин соат 3:15 да тўлиқ бартараф этилган. Ёнғин ўчирувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғин қўшни хонадонларга ўтиб кетишининг олди олинган.   

Қайд этилишича, ёнғин оқибатида мазкур хонадон яшаш уйининг 150 метр квадрат майдонида уйнинг том қисми ва жиҳозлари тўлиқ ёниб кетган.

Таъкидланишича, мазкур ёнғинда ҳеч ким жабрланмаган ва ҳалок бўлмаган. Ҳозирда ёнғин сабабини аниқлаш юзасидан суриштирув олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид