Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Шаҳзодалар шаҳри Манисада яшайман” – Туркияда ишловчи ўзбек шифокори билан суҳбат
Хорижда яшаб фаолият юритувчи ўзбекистонлик шифокорларга оид туркум мақолаларимизни давом эттирамиз. Уларнинг ҳар бирининг ўзига хос тақдири, синовлардан иборат ҳаёт йўли ва тавсиялари бор. Навбатдаги меҳмонимиз Туркиянинг Маниса шаҳрида ишловчи оилавий шифокор Малика Саидаҳмедова.
“Тиббиёт институтини 2002 йилда тугатганимдан кейин маълум муддат давлат шифохонасида, тиббий ёрдамда ишладим. Ишдан ташқари инглиз тилини ўргандим, ёшлар ташкилотида фаолият олиб бордим. Хорижга қизиқишим ўша пайтларда жиддийлашган бўлса ажабмас”, – дейди Малика биз билан суҳбат бошида.
– Туркияга бориб қолишингиз тарихини сўзлаб берсангиз?
– Ўзбекистонда ишлаган пайтимдаги даврларни энтикиш билан эслайман. Сабаби, ана шундай синовлар инсонни тобларкан, неъматлар қадрига етишга ўргатаркан. Туркияга келишим тарихи аслида ишим билан боғлиқ эмас. Аксинча, Туркияга келганимдан сўнггина шифокорликка киришганман. 2003 йилда турк миллатига мансуб инсонга турмушга чиқдим ва эрим билан Туркияга кўчиб келдим.
Кўпчилик Туркия деганда Истанбул, Анқара, Измир ва Анталия каби шаҳарларни тушунади. Лекин бу давлатнинг 81та вилояти бор. Биз яшайдиган Маниса шаҳри ҳам жуда қадимий ва гўзал. Кўпчилик уни валиаҳд шаҳзодалар санжаги сифатида яхши билади. Султон Сулаймоннинг ўғли Мустафо айнан шу ерда яшаган. Мен ҳам оилам, икки ўғил ва икки қизим билан Манисада яшайман ҳамда оилавий шифокор бўлиб ишлайман.
– Ўзбекистон дипломи билан ишга киришингизда муаммо бўлмаганми?
– Бўлган, бизнинг дипломимиз, умуман хорижий дипломлар Туркияда нострификация қилиниши зарур. Нострификациясиз на давлат, на хусусий шифохоналар ишга олишади. Буни шу ерга келиб билдим. Анчагина мураккаб бўлган икки босқичли имтиҳонлар бор ва улар пойтахт Анқарада ўтказилади.
Ўзбекистондан келган кўп шифокорлар қандай қилиб нострификациядан ўтганимни сўрашади, қўлимдан келганича тушунтираман. Биринчисида фундаментал фанлардан топширилса, иккинчиси бевосита тиббиёт билан боғлиқ. Имтиҳонни биринчи уринишда топшира олмаганман. Чунки ҳали бу давлатга мослашиш жараёнида эдим, ёш болам бор эди. Кейинчалик қаттиқ тайёрланиб имтиҳондан ўтганман ва оилавий шифокор лицензиясини қўлга киритганман. Дастлаб ишимни Чаноққалъа шаҳрида тез тиббий ёрдам бўлимида бошлагандим.
Шу ўринда бир нарсани айтган бўлардим – Ўзбекистонда бизга берилган билимлар бу ерда ҳам асқатган. Яъни ёшларга шуни айтаман – яхши ўқисангиз барибир фойдаси тегади.

– Анъанавий савол – икки давлат тиббиётини солиштирсак, қандай ўхшашлик ва тафовутлар кўрилади?
– Туркияда тиббиёт уч босқичга асосланган. Биринчи босқич “халқ соғлигини қўриш” деб номланади ва унда асосан касалликлар профилактикасига эътибор берилади. Бу тизимга оила соғлик марказлари, сил касалликлари диспансерлари кабилар киради. Иккинчи босқич тиббиёт тизими ҳар бир ҳудуд марказидаги шифохоналар фаолиятига асосланган. Бу шифохоналарда тез тиббий ёрдам ходимлари ҳамда тор мутахассислар ишлашади. Умуман, Туркия тиббиёти асосан мана шу иккинчи босқичдаги тизимга суянади.
Ҳар бир ҳудудда яшовчи аҳоли сонидан келиб чиқиб ўринлар (койка) ажратилади. Масалан, мен яшайдиган шаҳарда 120 минг аҳоли бўлса, шифохонада 350 ўрин бор.
Учинчи босқич тиббий тизим эса энг якуний тизимдир. Бу университетлар қошидаги йирик клиникалар, йирик илмий тадқиқот марказлари, кўп тармоқли ёки ихтисослашган шифохоналардан иборат. Шу билан бирга жуда йирик нодавлат клиникалар ҳам учинчи босқич тизимида фаолият юритади.
Туркияда нодавлат тиббиёт кучли ривожланган. Катта клиникаларга жуда кўп давлатлардан беморлар келиб даволаниб кетишади.
Жиддий фарқлардан бири бу Туркияда барча ишловчи барча фуқаролар маошидан тиббий суғурта учун бадал ушлаб қолинади ва фуқаро касалланса, шу суғуртаси орқали давлат тиббий тизимининг барча босқичларида даволаниши мумкин. Билишимча, Ўзбекистонда бундай тизим энди-энди йўлга қўйиляпти.
Мени таъсирлантирган бир жиҳат ҳақида алоҳида айтгим келди. Беш йил давомида гемодиализ бўлимида ишладим. Туркияда гемодиализга муҳтож барча беморлар алоҳида сайтда рўйхатдан ўтишган, уларга барча хизматлар бепул кўрсатилиши билан бирга трансплантация ҳам навбат асосида амалга оширилади. Бемор гемодиализга махсус машинада олиб келинади, олиб бориб қўйилади ва махсус егуликлар билан ҳам таъминланади. Албатта, ўзига яраша муаммолар ҳам бор, бундай беморлар сони билан бирга тиббиётга юклама ҳам ортиб бормоқда.
– Яна бир анъанавий савол – сир бўлмаса, қанча маош оласиз?
– Келинг, батафсил тушунтирай – Туркияда тиббиёт факультетини тугатиб, иш бошлаган шифокорнинг ойлиги ўртача 1,5 минг доллардан иборат бўлади. Мутахассис бўлганидан кейин албатта маоши ошиб бораверади. Буни умумий тушунча учун айтяпман.
Шахсан ўзимга келсак, мен хизмат кўрсатадиган 2,5 минг аҳоли бор. Мен каби шифокорларнинг маошлари ҳам ҳудудларга кўра турлича 1,5-3 минг доллар атрофида. Истанбул каби йирик шаҳарларда ёки Сурия чегараларидаги ҳудудларда маошлар юқори.
Менинг маошим кўнгилдагидек яшаш, болалар учун тўловлар қилиш, машина каби харажатларимга, йилига бир марта дам олишимга етади.
– Сўзлашувингизда ҳам туркча оҳанглар сезилади, болаларингиз ўзбекчани билишадими? Ўзбекистонни соғинасизми, бориб турасизми?
– Тақдир экан, шу юртларга келин бўлдим. Лекин Ўзбекистонни она юртим деб биламан. Соғинч бор, албатта. Лекин энди келган пайтларимдагидек эмас. Бир тарафдан кўниккан бўлсам, иккинчи тарафдан замонавий технологиялар, интернет туфайли яқинларим билан доимий алоқадаман.
Фарзандларим ўзбекчани билишади, кўпроқ мулоқот қилишлари учун ҳар таътилда маълум муддат ватанга олиб бораман.
Шу ўринда Ўзбекистон ҳақида мунтазам ахборот бериб турадиган жамоангизга алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Kun.uz’ни Туркиядаги ватандошлар мунтазам кузатиб борадилар.
– Самимий суҳбатингиз учун раҳмат.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
09:49 / 23.05.2025
Айрим шифокорларга қўшимча устамалар тўланади
10:46 / 22.05.2025
Айрим шифокорларнинг ойлик лавозим маошлари 20 фоизга оширилади
20:52 / 15.05.2025
Шавкат Мирзиёев Туркия вице-президенти билан учрашди
02:31 / 15.05.2025