Шавкат Мирзиёев Афғонистон бўйича ҳамкорликнинг асосий жиҳатларини маълум қилди
Афғонистонда янги ҳокимият олдида жамиятни жипслаштиришдан тортиб барча этносиёсий гуруҳларни ўз ичига олган лаёқатли ҳукуматни шакллантиришгача босиб ўтилиши керак бўлган мураккаб йўл турибди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти – Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти” форматидаги учрашувдаги нутқида маълум қилди.
“Афғонистондаги барчамизни ташвишлантираётган вазият мени ҳам хавотирга солмоқда. Ҳақиқатдан ҳам, бугун ушбу мамлакатда мутлақо янги воқелик қарор топди – жуда қисқа вақтда “Толибон” ҳаракати деярли бутун ҳокимиятни ўз қўлида жамлади. Янги ҳокимият олдида жамиятни жипслаштиришдан тортиб барча этносиёсий гуруҳларни ўз ичига олган лаёқатли ҳукуматни шакллантиришгача босиб ўтилиши керак бўлган мураккаб йўл турибди. Моҳиятан, вазиятни барқарорлаштириш истиқболлари, афғон давлатчилигининг тикланиши ва, умуман, халқаро ҳамжамият билан Афғонистон ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожланиши шунга боғлиқ бўлади”, деди Ўзбекистон президенти.
Қайд этилишича, ҳозирги шароитда мамлакат фуқаролик уруши ва гуманитар инқироз домида қолиб кетган, халқаро ҳамжамиятдан яккаланиб қолган, унинг ҳудуди эса халқаро террорчилик ва наркотиклар ишлаб чиқариш “хаби”га айланган давр - тўқсонинчи йиллардаги ҳолатига яна қайтиб қолмаслигига қатъий кафолатлар йўқ.
“Энг яқин қўшни сифатида биз ўша йиллардаги шундай хавф-хатар ва таҳдидларга бевосита дуч келганмиз ҳамда Афғонистондаги вазият шу сценарий асосида ривожланиши эҳтимолининг барча салбий оқибатларини аниқ-равшан англаб турибмиз.
Шу муносабат билан Афғонистон бўйича ҳамкорликнинг асосий жиҳатлари борасидаги нуқтаи назаримиз билан бўлишмоқчиман.
Биринчи. Афғонистон ҳудуди хавфсизлигимизга таҳдид ва хатарлар манбаи бўлиб қолишига йўл қўйиб бўлмайди. Бу борада сўз юритганда, энг аввало, экстремизмнинг ортиши ва радикал мафкуранинг экспортини, Афғонистон ҳудудидан мамлакатларимизга қарши қўпорувчи ҳаракатлар учун фойдаланишни, жангариларнинг чегараларни бузиб ўтиш хавфини назарда тутяпман.
Умумий саъй-ҳаракатлар билан, қатъий чоралар кўрган ҳолда, биргаликда террорчиларни “қайноқ нуқталар”дан Афғонистонга кўчириш каналларини кесиш муҳимдир. Шу муносабат билан ШҲТ МАТТ Ижроқўми ва КХШТ Котибияти, шунингдек, давлатларимиз махсус хизматлари йўналишида амалий ҳамкорликни кенгайтириш тарафдоримиз.
Иккинчи. Янги ҳокимиятни тан олиш жараёнига кириш учун шароитлар яратиш мақсадида Афғонистон ва унинг атрофидаги вазиятнинг ривожланишига нисбатан ШҲТ ва КХШТнинг умумий стратегик ёндашувини ишлаб чиқиш ғоятда муҳимдир.
Учинчи. Янги ҳукумат билан мулоқот у ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг бажарилишига яраша амалга оширилиши лозим. Булар қаторида – халқаро террорчилик ташкилотларига раҳнамолик қилмаслик; Афғонистон ҳудудидан учинчи мамлакатларга қарши фойдаланишига йўл қўймаслик; инсон, шу жумладан хотин-қизлар ва миллий озчиликларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилинишини таъминлаш.
Тўртинчи. Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишни давом эттириш муҳим аҳамиятга эга. Мураккаб вазиятга қарамасдан, биз Ўзбекистон-Афғонистон транспорт узели – ушбу мамлакатга озиқ-овқат ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш учун энг муҳим йўл фаолиятини, шунингдек, электр энергиясининг узлуксиз таъминотини тўхтатмадик.
Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, ёрдамнинг тўхтатилиши жафокаш афғон халқининг шундоқ ҳам оғир аҳволини янада қийинлаштиради. Айни пайтда янги ҳокимият қўшма лойиҳаларни амалга оширишда хавфсизликни кафолатлаши шарт.
Бешинчи. Афғонистоннинг яккалаб қўйилиши ва унинг назардан қолиб кетган мамлакатга айланишига йўл қўймаслик муҳим. Шу нуқтаи назардан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистонга кўмаклашиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларни сафарбар қилиш ва мувофиқлаштириш учун янада кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олиши мумкин бўларди, деб ҳисоблаймиз.
Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда барча манфаатдор томонлар билан яқин ва самарали ҳамкорликни бундан буён ҳам давом эттириш ниятида”, деди Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
13:30 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва АҚШ афғон масаласи бўйича учрашув ўтказди
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024