Ўзбекистон | 08:47 / 19.09.2021
17308
3 дақиқада ўқилади

Пахтазорнинг ҳақиқий эгалари. Кунига 100 килолаб пахта терувчи навоийлик теримчилар

Кўпчилик Шароф Бошбековнинг «Темир хотин» асарини ўқиган, ҳеч бўлмаса ушбу асар асосида суратга олинган фильмни кўрган. Унда Аломат исми берилган темир хотин айнан пахта даласида тутаб кетади. Пахта терими бошланган айни кунларда далаларда меҳнаткаш ўзбек аёллари жавлон урмоқда. Аммо улардан ҳеч бири кинодаги робот каби ишдан чиқиб қолмаган. Ахир ҳозир пахтани шаҳардан келган талабалар эмас, бу ишнинг ҳақиқий устаси бўлган теримчилар теряпти-да. Kun.uz мухбири пахта даласида бўлиб, улар билан суҳбатлашди.

Навоий вилояти республикадаги энг кам пахта етиштириладиган ҳудудлардан бири. Вилоятнинг асосан 5 та туманида пахта экилади. «Ўзагроинспексия» Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизматига кўра, жорий йилда вилоятда 110 800 тонна пахта етиштириш бўйича шартнома қилинган.

Навбаҳор туманининг Дўстлик массивидаги «Диёрбек Ҳамид келажаги» фермер хўжалиги деҳқонлари баҳорда 25 гектар экин майдонига чигит қадаган. Сув танқислиги ва ёз ойларида кузатилган кучли гармсел билан боғлиқ муаммоларга, шунингдек, экин майдонлари чўл ҳудудида жойлашганига қарамай, ҳосил ёмон эмас. Айни кунларда етиштирилган пахта теримчиларнинг ёрдами билан териб олиняпти.

Отряд раҳбарининг таъкидлашича, теримчилар асосан қишлоқ аёллари. Уларнинг пахта далаларига келиб-кетишлари учун автобуслар ажратилган. Шунингдек, фермер томонидан ичимлик суви ҳамда тушликда иссиқ овқат ташкиллаштирилган.

Туманнинг Ўзбекистон маҳалласида яшовчи 63 ёшли Гулбаҳор Асадова кунига 100 килограммга яқин пахта термоқда.

«Ҳар йили мавсумда албатта пахта теримига чиқаман. Даромадимдан бир йил совиткич олган бўлсам, бир йили мол оламан, бир йили эса фарзандларимнинг харажатига ишлатаман. Ҳаётимиз ёшликдан далада ўтган эмасми, пахта терими бошланганида уйда ўтиролмайман. Уйдагилар чиқманг, дейишса ҳам қандай теримга чиқиб кетганимни ўзим билмай қоламан. Пахта этакларим бир ой олдин тайёр туради», дейди Гулбаҳор опа.

Гулбаҳор Асадова

Яна бир теримчи Муборак Одилова гарчи чўл ҳудуди, ғўзанинг бўйи паст бўлса ҳам кунига 100 килограммгача пахта тераётганлигини айтди.

«Бу ерлар дашт жойлари бўлгани учун бир кунда 90 килограммдан ошириб теряпмиз. Имкониятлар яхши, тушликда иссиқ овқат бериляпти, ўлчаш жараёнларида ҳам қийналганимиз йўқ, сув бор. Ҳар йили пахта теримида қатнашаман. Даромадини тўйларга ишлатяпмиз, фарзандларимизни ўқитяпмиз», дейди теримчи опа.

Муборак Одилова

Навбаҳор туман ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий йил давлатга пахта топшириш режаси 25 757 тонна бўлган туманда 187 та фермер хўжалиги бор. Мавсумда туман бўйича 121 та отрядда 11 400 нафар аҳолини пахта теримига жалб қилиш кўзда тутилган.

 

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири,
Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид