Жаҳон | 09:35 / 20.09.2021
8336
2 дақиқада ўқилади

Австралия бош вазири Франция билан сувости кемалари бўйича шартномадан воз кечилгани сабабини тушунтирди 

Австралия бош вазири Скотт Моррисон Франциядан сувости кемалари сотиб олиш бўйича шартномадан воз кечилиши сабабини тушунтирди.

Фото: Reuters

Австралия ушбу шартномадан АҚШ ва Британия билан мудофаа альянси AUKUS’ни тузгандан кейин чиқиб кетган.  

Моррисоннинг таъкидлашича, Австралия 66 млрд долларлик шартномадан AUKUS фойдасига воз кечишидан олдин унда Францияда буюртирган сувости кемалари стратегик эҳтиёжларига тўғри келмаслиги борасида жиддий хавотир пайдо бўлган.   

Австралия бош вазири ғарб давлатлари ўртасида дипломатик можарога олиб келган ушбу ҳолатни тушунтирар экан, у Франциянинг ихлоси қайтганини тушунишини, бироқ “Австралия манфаатлари ҳаммасидан устун эканини” айтган. 

“Бизда Францияда буюртирилган “Атака” синфидаги сувости кемалари имкониятлари олдимизда турган стратегик вазифаларни ҳал қила олмаслиги борасида жиддий хавотир бор ва биз миллий стратегик манфаатларимизга асосланган қарорларни қабул қилишимизни аниқ тушунтирдик”, деб таъкидлаб ўтган Моррисон.

У шунингдек, Австралия ҳукумати аслида Франциядан сувости кемалари буюртириш нияти бўлмагани борасидаги ахборотни рад этган. Унинг таъкидлашича, Франция сувости кемалари имкониятлари Ҳинд-Тинч океани минтақасида ўзгараётган вазиятни ҳисобга олиб, Австралия стратегик манфаатларига жавоб бера олмаслиги борасида хавотир бўлган.

Ўтган ҳафта АҚШ, Австралия ва Британия янги мудофаа альянси ташкил этиши ҳақида эълон қилди. Келишув доирасида Австралия флотини АҚШ ва Британия технологиялари ёрдамида қурилган атом сувости кемалари билан таъминлаш режалаштирилмоқда. Бунинг натижасида Австралия 2016 йилда француз компанияси билан 12та дизел-электр сувости кемаси қуриш бўйича имзоланган шартномани бекор қилган.   

Шундан кейин Франция иттифоқдошлари қарорини “орқадан пичоқ санчиш” деб баҳолаб, тарихда биринчи марта АҚШ ва Австралиядаги элчиларини ортга чақиртириб олган. Франция ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг аралашуви сабабли Австралия шундай қарорга келган, деб ҳисобламоқда. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид