Ўзбекистон | 14:03 / 22.09.2021
14083
3 дақиқада ўқилади

Андижондаги «шедевр» қурилиш: 7 йилда қулаган кўприк яна 7 миллиард сўмга қайта қурилади

Андижон вилоятидаги Марҳамат ҳамда Булоқбоши туманларининг Кулла ва Ўқчи қишлоқларини боғлайдиган Аравансой кўприги шу йил 20 июл куни келган сел оқими сабаб емирилиб, фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келиб қолганди.

Орадан 2 ой ўтган бўлса-да, ҳали ҳам кўприкни таъмирлаш ишлари бошланмаган. Бу эса одамларга қатор қийинчиликлар туғдирмоқда.

Аслида кўприк 2014 йил 2 млрд 82 млн сўм эвазига таъмирланган бўлиб, биргина сел уни яроқсиз ҳолга келтирди. Андижон Автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси ахборот хизматининг таъкидлашича, Аравансойнинг 19-км қисмидаги ўзанидан махсус қарор ва қоидаларга зид равишда тош, қум ва шағал олиниши оқибатида кўприкнинг оралиқ таянчлари, кўприк ости қирғоқлари меъёрдан ортиқ ювилиб кетган.

Бироқ аҳолининг таъкидлашича, шу кунга қадар ушбу сойда сув деярли тўлиб оқмаган. Яъни кўприк таянчлари бузилишига сифатсиз бажарилган қурилиш ишлари сабаб бўлиши мумкин. Қизиқ жиҳати шундаки, дастлаб кўприк таъмирлаш учун ёпилган бўлса, энди уни бутунлай қайта қуриш кўзда тутилмоқда. Кўприк деярли бузиб ташланган ва қайта таъмирлаш учун яна 7 млрд сўм ажратилмоқда.

Андижон Автомобиль йўллари худудий бош бошқармаси ахборот хизмати қўшимча кўприкни таъмирлаш ишлари «Кўприк йўл лойиҳа» МЧЖ томонидан 2021 йилнинг 26 июлидан бошланиши белгиланганини таъкидлаган. Аммо орадан икки ой ўтган бўлса ҳам таъмирлаш ишлари бошлангани йўқ.

Ҳозирда одамлар қўшни туманга ўтиш учун 40 км йўл босишига тўғри келмоқда. Ёки қўлбола қилиб тайёрланган йўлдан қийналиб ўтишга мажбур.

Бозор-ўчар, мактаб, ишга, яқинларининг иссиқ ва совуқ маъракаларига бориш учун қўлбола йўлдан ўтаётган фуқаролар билан суҳбатлашдик. Улар ҳаракатланиш учун ноқулай йўлдан юриб йиқилиб тушаётганлар ҳам талайгина эканини таъкидлашди. Бундан ташқари, йўлкира нархлари ҳам икки баробарга ошган. Кўприккача бир автомобилда келиб, кўприкни айланиб ўтиб иккинчи автомобилда ўз манзилига етиб бормоқда.

Автомобилида таваккалига ўтишга мажбур бўлаётган ҳайдовчилар, таълим муассасасига чангга ботиб бораётган ўқувчиларнинг муаммоларини бартараф этиш учун кўприк қурилиши тезроқ бошланиши ва ёғингарчилик кунларга етмасдан ниҳояланиши учун бугундан ҳаракатни бошлаш зарур, акс ҳолда кўнгилсиз ҳолатлар юз бермаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Абдували Қурбонов, Kun.uz мухбири,

Тасвирчи ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид