Жаҳон | 22:34 / 22.09.2021
16213
2 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг хавфсиз шаҳри маълум қилинди

Халқаро тадқиқотчилар дунёнинг 60 та шаҳрида жиноятчилик ва хавфсизлик даражасини таҳлил қилиб, олинган натижалар асосида дунёнинг энг хавфсиз шаҳарлари рейтингини тузишди.

Экспертлар шаҳарларни рақамли маълумотлар, соғлиқни сақлаш, инфратузилма, атроф-муҳит хавфсизлиги  ва шахсий хавфсизлик мезонлари бўйича баҳолашган. The Economist Intelligence Unit рейтинги мутахассислари олинган натижалар асосида Дания пойтахти Копенгагенни дунёнинг энг хавфсиз шаҳри деб топишган. Копенгаген максимал 100 баллдан 82,4 балл тўплаган.

Дания пойтахти 2019 йилги рейтингдаги 8-ўриндан 1-ўринга асосан экологик хавфсизлик эвазига кўтарилган. Шаҳар шахсий хавфсизлик даражаси билан бирга ушбу мезон бўйича юқори натижалар кўрсатган.

“Копенгагенни энг хавфсиз шаҳар қилувчи муҳим омиллардан бири жиноятчилик даражасининг пастлиги ҳисобланади. Айни вақтда у 10 йилдан кўпроқ вақт ичида энг паст даражада”, деб айтилган ҳисоботда.

Юқори учталикдан Канаданинг Торонто шаҳри (82,2 балл) ва Сингапур (80,7 балл) ҳам жой олган. Энг хавфсиз шаҳарлар ўнталигига Сидней (80,1 балл), Токио (80 балл), Амстердам (79,3 балл), Веллингтон (79 балл), Ҳонгконг ва Мельбурн (78,6 баллдан) ҳамда Стокҳолм (78 балл) киритилган. 

Алоҳида мезонлар кесимида рақамли маълумотлар хавфсизлиги бўйича Сидней, соғлиқни сақлаш бўйича Токио, инфратузилма хавфсизлиги бўйича Ҳонгконг, шахсий хавфсизлик бўйича Копенгаген ва атроф-муҳит хавфсизлиги бўйича Янги Зеландия пойтахти Веллингтон энг кўп балл олган.  

Мавзуга оид