Ўзбекистон | 19:45 / 22.09.2021
5440
2 дақиқада ўқилади

«Электр тармоқларига ноқонуний равишда уланган истеъмолчилар тизимга қарийб 6 млрд сўм зарар етказди» – Ўзэнергоинспекция

Ўзэнергоинспекция томонидан электр тармоқларига ноқонуний равишда уланган истеъмолчиларни аниқлаш мақсадида 265 та тадбир ўтказилиб, тизимга 5,9 млрд сўм зарар келтириш ҳолатлари аниқланган.

Ўзэнергоинспекция матбуот хизматининг раҳбари Наврўз Норбобоевнинг маълум қилишича, жойлардаги ўрганишлар натижасида истеъмолчилар томонидан электр тармоқларига ноқонуний уланиш, электр энергиядан қоидаларга зид равишда фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.

«35 кВт ва ундан юқори кучланишли электр қурилмаларига эга бўлган истеъмолчиларда 28 та назорат тадбирлари ўтказилиб, инсон ҳаётига хавф солувчи ва авариявий ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин бўлган 135 та қоидабузарлик аниқланди. Шунингдек, Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги насос станцияларида ва бошқа давлат ташкилотларида 47 та текширув ўтказилди. Мазкур текширувларни ўтказиш давомида электр ва иссиқлик энергиясидан фойдаланишда амалдаги қоида ва белгиланган низом талаблари бузилган 706 та қоидабузарлик аниқланди.

Бундан ташқари, электр тармоқларига ноқонуний равишда уланган истеъмолчилар юзасидан 265 та тадбир ўтказилиб, тизимга 5,9 млрд сўм зарар келтириш ҳолатлари аниқланди», – дейди мутахассис.

Аввалроқ, жорий йилнинг I чорагида ўтказилган ўрганишлар давомида жами 166 та истеъмолчи томонидан электр энергиядан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, ушбу қоидабузарлик юзасидан тизимга етказилган зарар бўйича жами 1 млрд 825 млн сўм электр энергия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилингани хабар қилинганди.

Мавзуга оид