Жаҳон | 22:11 / 23.09.2021
8913
2 дақиқада ўқилади

Актёр Дэниэл Крэйгга ўз қаҳрамони Жеймс Бонд каби фахрий коммандер унвони берилди

Фото: Royal Navy/Facebook

Британиялик жосус Жеймс Бонд ҳақида фильмларда бош роль ижро этган актёр Дэниэл Крэйг ўз қаҳрамони каби Британия ҳарбий-денгиз кучларининг фахрий коммандери унвонини олди. Қироллик ҳарбий-денгиз флоти сайтида маълум қилинишича, ушбу унвон 53 ёшли актёрга Британия ҳарбий-денгиз кучларининг ижобий қиёфасини шакллантиришда ва ҳарбийлар оилаларини қўллаб-қувватлашда қўшган ҳиссаси учун берилган

“Мен бундан жуда миннатдорман, катта звено фахрий коммандери унвонини олиш мен учун катта шарафдир”, деб айтган Крэйг.

Октябрда дунё экранларига агент 007 - Жеймс Бонд саргузаштлари ҳақидаги навбатдаги “Ўлишнинг мавриди эмас” (No Time to Die) фильми чиқади. Фильм ижодкорлари уни яратиш давомида Британия ҳарбий-денгиз кучлари ва мудофаа вазирлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилишган. Жумладан, ҳарбийлар фильм учун зарур техника ва суратга олиш жойларини тақдим қилишган.  

Крэйг Бонд ролини 15 йил давомида ижро этиб келган ва “Ўлишнинг мавриди эмас” у учун ушбу сериядаги охирги фильм бўлади. Бунгача у Бонд ҳақидаги 4та фильмда суратга тушган: “Казино “Рояль” (Casino Royale, 2006 йил), “Раҳмдиллик кванти” (Quantum of Solace, 2008), “007: Координаталар “Скайфолл” (Skyfall, 2012) ва “007: Спектр” (Spectre, 2015).

Мавзуга оид