Жамият | 20:26 / 23.09.2021
95542
5 дақиқада ўқилади

Тошкентда 5 талабанинг заҳарланиб вафот этишида айбланган ижарачига суд ҳукми ўқилди

Тошкент шаҳри Юнусобод туманида ис газидан заҳарланиб вафот этган ижарада турувчи беш талаба ўлимида айбланган аёлга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида пойтахтдаги ижара уйда беш талаба вафот этиши бўйича иш кўриб чиқилиб, суд ҳукми ўқилган.

Тошкентнинг Юнусобод тумани «Фирдавсий» маҳалласи Инжобод кўчасидаги хонадонда 27 февраль куни соат тахминан 20:50 атрофида шу ерда ижара асосида яшаган беш талабанинг мурдаси топилганди. Илк расмий маълумотларда йигитлар «номаълум моддадан ўткир заҳарланиш» оқибатида вафот этгани таъкидланган, бироқ гап айнан қайси модда ҳақида бораётганига аниқлик киритилмаганди.

Ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этган беш талабанинг барчаси Андижон вилоятидан эди:

Фото: Xabar.uz
  • Тошкент ахборот технологиялари университети иккинчи курс талабаси Мавлонбек У. (2000 йилда туғилган, Андижон вилояти Булоқбоши туманида яшаган);
  • Тошкент ахборот технологиялари университети иккинчи курс талабаси Раҳматулло С. (1998 йилда туғилган, Андижон вилояти Булоқбоши туманида яшаган);
  • Тошкент ахборот технологиялари университети иккинчи курс талабаси Давронбек Ғ. (2000 йилда туғилган, Андижон вилояти Хўжаобод туманида яшаган);
  • Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти иккинчи курс талабаси Оятулло И. (2000 йилда туғилган, Андижон вилояти Булоқбоши туманида яшаган);
  • Тошкентдаги Инҳа университети биринчи курс талабаси Сардорбек Ҳ. (2000 йилда туғилган, Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида яшаган).

Ҳолат юзасидан дастлаб Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» банди (одам ўлишига сабаб бўлган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) аломатлари билан иш очилганди, бироқ кейинроқ жиноят иши Жиноят кодексининг 102-модда 2-қисмига (эҳтиётсизлик орқасидан икки ва ундан ортиқ одам ўлдириш) қайта малакаланган.

Ушбу иш бўйича Тошкент шаҳрида туғилган аёл (1964 йил туғилган) судланган. Суд қарорида айтилишича, ушбу аёл олти нафар талаба билан қонуний ижара шартномаси тузмай, уларни одам ҳаёти учун хавфли ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаган ўзининг яшаш уйининг қўшимча қисмини (тўрт хонали уйнинг уч хонаси) талабаларнинг ижарада яшаши учун ажратган.

Республика Суд тиббиёт экспертизаси Тошкент шаҳар Морфология бўлимининг хулосасига кўра, ижарачиларнинг ўлимига ис газидан ўткир заҳарланиш натижасида ўткир нафас ва юрак, қон-томир етишмовчилиги сабаб бўлгани аниқланган. Уларнинг қонида токсик концентрацияси турли фоизларда бўлган корбокси-гемоглабин моддаси топилган.

Бундан ташқари, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг 2021 йил 23 апрелдаги комплекс экспертиза хулосасига кўра, уйнинг хоналарида ўрнатилган газ ускуна ва жиҳозлари техник ва меъёрий қоида талабларига асосан ўрнатилмагани, амалдаги талабларга жавоб бермаслиги, газ ускуна ва жиҳозлари ўрнатиш техник талабларига жавоб бермаслиги, газ ускунаси ва жиҳозларининг дудбўронлари ёниш маҳсулотларини чиқиш йўналишлари тўғри ўрнатилмагани амалдаги талабларга жавоб бермаслиги аниқланган.

Айни пайтда қонуний кучга кирган суд ҳукмига кўра, судланувчи – уй эгаси Жиноят кодексининг 102-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.

  • Эслатиб ўтамиз, Юнусободдаги ушбу фожиадан сўнг бутун Ўзбекистон бўйлаб ижарада яшаётган талабаларнинг аҳволини ўрганиш бошланиб, талабалар учун ётоқхоналар қуриш масаласи кун тартибига чиқди. Фожиа рўй берган куннинг эртасига бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев йиғилиш ўтказди. Унда ректорлар, проректорлар, деканлар томонидан талабаларнинг яшаш шароитларини таҳлил қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилгани танқид қилинганди.
  • Талабаларни ётоқхона билан таъминлаш муаммоси парламент даражасида муҳокама қилинди, ректорлар ижарада яшайдиган талабаларнинг ҳолидан хабар ола бошлади, фожиадан кейин бир қатор университетлар талабалар учун мўлжалланган янги турар жойларни фойдаланишга топширди.
  • Апрель ойида президент раислигидаги видеоселектор йиғилишида мамлакатдаги олий таълим муассасаларининг 130 мингдан ортиқ талабаси ижара уйларда яшаши ҳақида маълум қилинди. Бу муаммони ҳал қилиш учун ҳукумат дастури тайёрланди, унга кўра талабалар учун ижара ҳақларининг ярми давлат томонидан қоплаб берилиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид