Жаҳон | 14:39 / 23.09.2021
35708
11 дақиқада ўқилади

Уй қамоққа айланган. «Толибон» ҳукмронлигида аёллар қандай яшамоқда?

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон» ҳаракати аёлларга нисбатан позициясини юмшатишга ва уларнинг ҳуқуқларини «ислом қадриятлари»га мувофиқ тарзда ҳурмат қилишга - уларнинг таълим олиши ва ишлашига рухсат берилишини ваъда берганди. Аммо янги ҳукумат ҳозирча бу ваъдаларига амал қилмаяпти.

BBC рус хизмати билан гаплашган афғонлар шу қадар қўрқувдаки, улар бир неча ҳафтадан буён ўз уйларидан чиқа олишмаяпти. Улар 20 йил олдинги сценарий такрорланишидан, аёллар яна паранжи тўғри кийилмагани ёки ўз маҳрамисиз таксига чиққани учун калтаклана бошланишидан қўрқишмоқда.

Аёлларнинг хавотирларини халқаро ҳуқуқ ташкилотлари ҳам тасдиқлашмоқда - уларнинг маълумотларига кўра, кўплаб вилоятларда толиблар қизларга мактабга боришни, аёлларга эса уйдан чиқишни тўғридан тўғри тақиқлаган.

11 сентябрь куни бурқа кийган уч юз чоғли аёл Кобул давлат университети аудиториясида «Толибон»ни қўллаб-қувватлаш учун йиғилди. Улар янги ҳукуматни тан олишлари ва толиблар бошқарувида ўзларини тўла хавфсиз ҳис этишларини билдиришди, шунингдек Ғарбни ва исломий дресс-кодга қарши  бўлганларни қоралашди. «Афғонистонни тарк этган аёллар бизнинг вакилимиз бўла олмайди», дея ёзилганди намойиш иштирокчиларидан бири тутган табличкада.

Аммо уларнинг ўзи ҳам барча афғон аёлларини ифодалай олмайди: Кобул атрофида яшовчи 17 ёшли Сюзан уч ҳафтадирки уйдан чиқа олмайди - у қўрқади. «Мен ўзим ва яқинларим билан нима бўлишини билмайман. Доим даҳшатли тушлар кўраман, энди биз йигирма йил олдин ота-оналаримиз бошидан ўтказганларни ҳис қилмоқдамиз», дейди у BBC мухбири билан суҳбатда.

Сюзан нашр мухбири билан мессенжер орқали мулоқот қилган. У инглизчада яхши гапира олмаслиги учун олдиндан узр сўради ва «Толибон» ҳужум бошлашидан олдин она шаҳри Мозори Шарифда ҳар куни тил ўрганганини айтади. Жангарилар вилоятларни бирин-кетин эгаллаб ола бошлагач, унинг оиласи Кобул томон қочган ва бу ер хавфсизроқ бўлишидан умид қилган.

«Аммо ҳозирда хавфсизлик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас», дейди Сюзан. Унинг оиласи ҳазораларга мансуб (1998 йилдан толиблар томонидан таъқибга олинган шиалар), у отасини эслайди, отаси толибларга қарши курашиб, армияда хизмат қилган, аммо бир неча ойдан буён бедарак кетган.

«Толибон» аёлларга нималарни ваъда қилганди?
«Толибон» Афғонистонни 1996 йилдан 2001 йилгача бошқарган, бу давр мобайнида мамлакатда шариат қонунлари амалда бўлган. Саккиз ёшдан катта қизлар мактабга бориши мумкин бўлмаган, аёлларга ишлаш (соғлиқни сақлаш соҳаси бундан мустасно) ва кўчага эркак жинсидаги яқин қариндошисиз чиқиш (улар ҳамиша паранжида бўлиши шарт эди) тақиқланган. Турмуш ўртоғига хиёнат қилган аёллар тошбўрон қилинган.

Human Rights Watch’нинг Афғонистон бўйича 2001 йилги ҳисоботига кўра, бир аёл «Толибон» жангарилари уни паранжисида кўз учун очилган тешикларни каттароқ деб ҳисоблаб, боласи олдида қандай калтаклаганини айтиб берган. «Маънавият полицияси» (шариат қонунларига амал қилинишини назорат қилиб бориш учун махсус тузилган) аёлларни пайпоқ нотўғри кийилгани ёки юзининг бир қисми очилиб қолгани учунгина калтаклаши мумкин эди. Айрим ҳолатларда қоидаларга риоя этилмагани учун (масалан, маҳрамсиз ёки дресс-кодда кўрсатилганидек кийинмасдан таксига чиқиш) аёллар қамоқхонага ташланган.

Қатъий дресс-код ҳеч қандай истисноларсиз барча учун мажбурий бўлган, жумладан шифокорлар учун ҳам. Ҳисоботда келтирилишича, масалан, вилоятлардан бирида шифохона маъмури жарроҳлик амалиёти вақтида аёл-жарроҳга махсус бош кийим ўрнига чодир (чимматсиз паранжи) кийишни буюрган.

2021 йил августида ҳокимиятга қайтгач «Толибон» ўз позициясини юмшатгани ҳақида маълум қилди: ҳаракат расмийлари аёллар ҳуқуқлари «афғон нормалари ва ислом қадриятлари» бўйича ҳурмат қилиниши (лекин ҳозирча бу толиблар талқинида амалда нимани англатиши маълум эмас), улар таълим олиши ва ишлашига рухсат берилишини ваъда қилди.

Ўз сўзлари исботи сифатида толиблар шифокор аёлларни иш жойларига қайтишга чақирди, шунингдек янги ҳукуматда аёлларга ҳам ўрин берилиши мумкинлиги айтилди. Август ойида телебошловчи Беҳишта Арганд жонли эфирда «Толибон» вакилидан интервью олди: бу толиблар ҳокимиятни эгаллаганидан кейинги илк ҳолат эди. Ўшанда кўплар буни толибларнинг позицияси юмшаганининг биринчи сигнали сифатида қабул қилиш мумкинлигини айтганди. Аммо бундан кўп вақт ўтмай 24 ёшда бўлган Арганд ўз ҳаёти учун хавфсираб Афғонистонни тарк этди, Яқин Шарқдаги нашрлар Афғонистонда аёл журналистларга эфирга чиқиш тақиқланиши ҳақида ёзди.

19 сентябрь куни Кобул муниципалитетида ишловчи аёлларга ишга чиқмаслик буюрилди, фақат фаррошлар ишлашда давом этиши мумкин эди.

Янги ҳукумат ҳозирча бошланғич синф ўқувчиларига мактабга келишни тақиқламади
BULENT KILIC/AFP

Аёлларнинг ўз ҳуқуқларини талаб қилишга бўлган ҳар қандай уриниши қатъий бостирилди: аёллар намойишлари қурол қўллаб тарқатилди, кейинроқ бундай намойишлар ўтказилиши бутунлай тақиқлаб қўйилди.

«Толибон» Аёллар ишлари бўйича вазирликни ёпиб, унинг ўрнида Фазилатларни тарғиб қилиш ва нуқсонларга қарши курашиш вазирлиги тикланди. 20 йил муқаддам бу вазирлик қатъий диний қоидаларни ижро этиш ва аёллар учун қаттиқ чекловлар қўйиш билан шуғулланган.

Ҳар кун ёнувчи умидлар
Шифокор аёллар ишга қайтиши бўйича берилган ваъдаларга қарамай, Афғонистонда яшовчи, бир йил муқаддам тиббиёт университетини тамомлаган ва карьера ҳақида орзуларга берилган Хатима BBC билан суҳбатда ҳеч қанақасига ишга бормаслигини айтди. Суҳбат чоғида у ғарбликларга ёрдам берган тинч аҳоли вакилларининг ўлдирилиши билан боғлиқ хабарларни санайди ва турмуш ўртоғи уни уйдан чиқаришга қўрқишини қўшимча қилади.

«Бир ҳафта олдин вилоятлардан бирида толиблар шифокор аёлни қийноққа солишди. Уч кун олдин уйимиз яқинида бир аёлни отиб кетишди, негалиги номаълум. Мен кўчага чиққанимда [кўп вақтлардан буён биринчи марта], йўл бўйида эркакларнинг жасадлари ётарди, ҳеч ким бу жасадларни йиғиштирмаган - бу даҳшатли картина», дея ҳикоя қилади Хатима.

Икки ёш фарзандни тарбиялаётган Хатима фақат мамлакатдан чиқиб кетибгина ўзини хавфсиз ҳис қилиши мумкинлигини айтади.

«Ҳар кечаси биз фақат «Толибон» ва бу ерда қолсак келажагимиз қандай кечиши тўғрисида гаплашамиз. Мен эркин бўлишни, ишлашни ва пул топишни истайман, бу менинг ҳар куни ёниб турадиган орзу ва умидларим», дея қўшимча қилади у.

«Толибон» шароитларидаги таълим
Янги ҳукумат афғон аёллари олий таълим олишини тақиқламади, фақат бу «Толибон» шартларига биноан бўлиши лозим. Янги қоидаларга кўра, аёллар эркаклардан алоҳида тарзда машғулотларда қатнашиши мумкин, шу билан бирга, улар «ислом анъаналарига мувофиқ» дресс-кодга қатъий амал қилишлари керак.

Аммо ҳуқуқ ҳимояси ташкилотларининг огоҳлантиришича, аёл педагоглар етишмовчилиги, маошлар тўлашдаги узилишлар ва халқаро ёрдам келмай қўйгани туфайли (бу Афғонистон таълим тизимидаги харажатларнинг катта қисмини қоплар эди) мамлакатдаги аёлларнинг олий таълим олиши янада мураккаблашиши мумкин.

Толиблар қизларнинг таълим олишига тўсқинлик қилинмаслигини айтишганди, аммо 18 сентябрь куни янги ҳукуматнинг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид янги ўқув йилида мактабларга фақат ўғил бола ўқувчилар ва эркак ўқитувчилар қайтиши мумкинлигини маълум қилди. Ҳаракат расмийси ҳукуматда қизларни ҳам синфхоналарга қайтариш бўйича режалар борлигини айтган, аммо ҳуқуқ ташкилотлари амалда балоғат ёшига етганларнинг кўпчилиги мактабга бора олмаслигидан хавотирда.

Шу билан биргаликда, бошланғич ва ўрта таълимга муносабат турли вилоятларда турлича бўлиши ҳам мумкин.

«Бугун «Толибон»нинг бир вакили қизларга олтинчи синфгача ўқишга рухсат берилишини айтади. Эртага унинг ўрнини эгаллаган бошқа бири қизларга таълим умуман керак эмас деб топиши ҳам мумкин», дея Вардак вилоятидан бўлган педагогнинг сўзларини келтирган Human Rights Watch ўз ҳисоботида.

«Афғонистонни тарк этган аёллар биздан эмас» - толибларни қўллаб-қувватлаб чиққан аёллардан бирининг қўлида шундай ёзилганди
AAMIR QURESHI/AFP

Яқин Шарқ бўйича мутахассис ва ёзувчи Андрей Остальскийнинг фикрича, толиблар маданиятида аёллар ҳуқуқига ҳурмат деган нарса йўқ, аммо иқтисодий қийинчиликлар ҳаракат ўз позициясини «юмшатиши»га мажбур қилиши мумкин.

«Бу сафар толиблар 1990-йилларга солиштирганда, ташқи дунёга кўпроқ юзланмоқда. «Толибон»ни молиявий муаммолар ва ҳамкорлик қилиш истаги тийиб турибди. Агар [аёлларга муносабат] ўта оғир ҳолат сақланиб қолса, хориж банкларидаги музлатилган маблағларнинг қайтарилиши ва ҳатто Хитой ва Россия билан иқтисодий соҳаларда ҳамкорлик қилиш ҳам қийин бўлиб қолади», дея қайд этади Остальский.

Дўконга чиқиш олдидаги қўрқув
Айниқса оиласидаги эркакларини йўқотган аёллар қийин аҳволда қолган. 26 ёшли Нисан унинг уч фарзанд тарбиялаётган холаси толиблар томонидан амалда ташқи дунёдан буткул узиб қўйилганини айтиб берди.

«Уй унинг учун қамоқхонага айланди. У кўчага чиқа олмайди, озиқ-овқат олиб келиб беришини қўшнилардан ёки ёш болалардан илтимос қилишга мажбур, болалар учун эса бу иш хавфли. Унинг 14 ёшли қизи туғма кўр - у етарлича ақлли ва у ўқишни давом эттиришни истайди, аммо ҳозирда бунинг имконияти йўқ», дейди Нисан.

«Менинг холам унинг болалари ўқишини ва уларнинг келажаги бўлишини орзу қилади - аммо таълимсиз, отасиз, яшаш учун пул йўқлигида уларни қандай келажак кутарди?» дея давом этади у.

77 ёшли Раҳмоний ҳам шунга ўхшаш вазиятга тушган. Унинг қизи, айни вақтда Лондондаги қочқинларга ёрдам кўрсатиш марказида бўлиб турган Фотима [исмлар ўзгартирилган] онаси Афғонистонда бутунлай ёлғиз қолгани ва кўчаларда патруллик қилаётган жангарилардан хавф бўлса-да, озиқ-овқат учун дўконга чиқишига тўғри келишидан шикоят қилган.

«Мен унинг учун қайғуриб кечалари ухламай чиқаман. Агар улар [толиблар] мен Буюк Британияда эканимдан хабар топишса, онамнинг ҳаёти хавф остида қолади. Онам толибларнинг 20 йил олдинги ҳукмронлик даврларини яхши эслайди, уларнинг Кобулга қайтиши уни жуда қўрқитганди», дейди у BBC билан суҳбатда.

Мавзуга оид