Ўзбекистон | 10:20 / 24.09.2021
3969
2 дақиқада ўқилади

Адлия вазирлиги ижроси таъминланмаётган президент ҳужжатлари юзасидан мурожаатларни қабул қилишни бошлади

Адлия вазирлиги томонидан президент ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши назорат қилиб борилади. Бу ҳақда вазирлик Telegram-каналида хабар берилди.

Маълум қилинишича, президент фармонларининг ижро этилмаётгани ҳолати бўйича тезкор мурожаат йўллаш учун Адлия вазирлиги томонидан @ijronazorati_bot телеграм боти ишга туширилган. Шунингдек, вазирлик ўз ваколатлари доирасида келиб тушган мурожаатлар асосида чоралар кўриб боришини маълум қилди.

“Сизнинг фаровон ҳаёт кечиришингиз учун қабул қилинган президент ҳужжатлари бажарилмаётганлиги ҳолатларига бефарқ бўлманг ва ўзингиз дуч келган шундай ҳолатлар бўйича ушбу бот орқали мурожаат йўлланг. Бу билан сиз ҳужжатларнинг амалда ижро этилишига ҳисса қўшган бўласиз”, дейилади хабарда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Мурожаатномасида Адлия вазирлигига қабул қилинган ҳужжатларни масъулларга етказиш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилиш бўйича янги тизим жорий этиш вазифаси топширилган эди.

Шунингдек, 2021 йил январь ойида ойида президент бошчилигида ўтказилган йиғилишда сўнгги 4 йилда қабул қилинган 2 мингга яқин фармон ва қарорларнинг ижроси ҳудуд ва ташкилотларда қониқарли эмаслиги таъкидланган.

Йиғилишда қарорлар ижросини назорат қилишнинг энг унумли воситаси – жамоатчилик иштироки ва назорати эканлиги қайд этилган ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга президент ҳужжатлари ижроси юзасидан мурожаат қилиш имконини берадиган мобил илова ишга туширилиши белгиланганди.

Бундан ташқари, Адлия вазирлигига Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, «Ижтимоий фикр» маркази билан бирга аҳоли ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказиш, қарорлар ижроси ва бунга халқ муносабатини ўрганиш вазифаси қўйилган, бу мақсадлар учун алоҳида грантлар жорий қилиниши айтилган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид