Жаҳон | 22:17 / 24.09.2021
7140
2 дақиқада ўқилади

Британиядаги йирик корхоналар ҳукуматни газдан воз кечишга чақирди

Гигант корхоналар вакиллари Бирлашган Қироллик маъмуриятига 2035 йилга бориб газни миллий энергетика тизимидан чиқаришга чақириб жамоавий мурожаат йўллаган.

Фото: Getty Images

Табиий газ нархи кескин ўсиши фонида Буюк Британиядаги йирик корхоналар ҳукуматга газдан воз кечишни сўраб мурожаат қилди, деб хабар берди Sky News телеканали.

Хабарда айтилишича, гигант корхоналар вакиллари Бирлашган Қироллик маъмуриятига 2035 йилга бориб газни миллий энергетика тизимидан чиқаришга чақириб жамоавий мурожаат йўллаган.

Мурожаатни имзолаган 13 компания орасида Nestle’нинг Британиядаги бўлинмаси, ВТ телекоммуникация компанияси ва Thames Water сув етказиш компанияси бор.

Уларнинг таъкидлашича, Буюк Британияда газ ёнилғисидан фойдаланиш тўхтатилишини эълон қилиш вақти келди. Компания вакиллари мамлакат сайёра учун хавфли бўлган ёнилғидан воз кечиш борасида бутун дунёга яна бир бор намуна бўлишини сўрамоқда – Бирлашган Қироллик кўмир электр станцияларини ҳаммадан аввал ёпишни бошлаганди.

Баҳордан буён газ нархи тўрт бараварга ошди. Сентябр ўрталарида Лондондаги ICE биржасида газ нархи рекорд даражага етди – октябр фючерси учун минг куб метр газ нархи 964 долларга тенг бўлди.

Компаниялар вакиллари Британия ҳукуматига қилган мурожаатида 2035 йилгача «соф» энергияга ўтиш учун шамол ва қуёш энергияси лойиҳаларига йилига 19,1 миллиард доллар инвестиция киритилиши кераклигини билдирган. 

Мамлакат ҳукуматининг иқлим ўзгаришлари бўйича қўмитаси маълумотларига кўра, ҳозирда газ Буюк Британиянинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 40 фоизга яқинини қоплайди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид