Ўзбекистон | 20:03 / 24.09.2021
6830
2 дақиқада ўқилади

Янги қонун билан Давлат божхона қўмитаси тадбиркорларга пулли хизматлар кўрсатиши назарда тутилмоқда

«Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ, божхона органлари томонидан тадбиркорлар учун айрим пулли хизматлар кўрсатилишига рухсат берилмоқда. Бу ҳақда бугун, 24 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида маълум қилинди, деб хабар берди Kun.uz мухбири.

Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи, божхона хизмати полковниги Фарҳод Олимжоновнинг айтишича, «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги қонуннинг жами 9 та моддасига ўзгартириш киритиш назарда тутилмоқда. Қонунни амалга киритиш давлат бюджетидан қўшимча харажатлар талаб қилмайди.

«Давлат божхона қўмитасига қўшимча божхона аудити ўтказиш юзасидан қўшимча ҳуқуқлар берилмоқда. Қўмитада янги ташкил қилинган «Божхона аудити» таркибий тузилмасига тадбиркорлик субъектлари фаолиятини мониторинг қилиш, сайёр текширув ўтказиш ҳуқуқи берилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳасида ДБҚ ходимлари томонидан пулли хизматлар кўрсатиш ваколатлари берилмоқда. Қонун қабул қилингач, тадбиркорларга улар томонидан сўралган ноконфиденциал ва статистик маълумотларни таҳлил қилган ҳолда бериш, қўшимча хизмат итларини тайёрлаш, ветеринария хизматларини кўрсатиш, божхона постларида бўш турган объектларимизни ижарага бериш каби пулли хизматлар кўрсатилиши мумкин», - деди у.

Олимжоновнинг сўзларига кўра, пулли хизматларни кўрсатишдан тушадиган даромадлар ДБҚ жамғармасига тушади. Лекин ушбу жамғармадаги пул тақсимоти Вазирлар Маҳкамасининг 62-сонли қарорига асосан, тегишли миқдорда давлат бюджет ва қўмитага ажратилади.

Шунингдек, очиқ маълумотлар порталида давлат божхона қўмитаси томонидан ундирилган божхона тўловлари ва йиғимлари очиқлаб борилади. 

«2021 йилдан бошлаб товарларни Ўзбекистонга киришидан аввал классификация кодини аниқлаб, дастлабки кодини аниқлаш бўйича тўлов йиғими 50 евродан базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 фоизигача арзонлашди. Авваллари бир йилда 10 тагача дастлабки қарорлар берилган бўлса, айни вақтда йилига 3-4 минг атрофида бундай ҳужжат берилмоқда. Бу товарларни расмийлаштириш вақтида тадбиркорларнинг ортиқча вақтини олмасликка олиб келади", - деди Давлат божхона қўмитаси масъули.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид