Ўзбекистон | 17:55 / 25.09.2021
1957
2 дақиқада ўқилади

Нарзулло Обломуродовнинг ишончли вакили: “Номзоднинг бош мақсади – мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш”

Ўзбекистон Экологик партиясидан президентлигига номзод Нарзулло Обломуродовнинг Навоий вилоятидаги ишончли вакили Улуғбек Раззоқов иштирокида журналист ва блогерлар учун брифинг ўтказилди. Унда ишончли вакил номзоднинг сайловолди дастуридаги муҳим йўналишларни маълум қилди.

Таъкидланишича, номзоднинг сайловолди дастури 7 та йўналишдан иборат бўлиб, бош мақсад – мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, яшил тараққиёт тамойилларини кенг жорий этиш орқали муносиб турмуш шароитлари, фаровон жамият барпо этишдан иборат.

Сайловолди дастурда тақдим этилаётган 7 та йўналиш қуйидагилардан иборат:

— мамлакатни барқарор ривожланишини таъминлаш,

“яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш, қайта тикланувчи ва муқобил энергияни ривожлантириш ҳамда иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш;

— экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш;

— атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш;

— иқлим ўзгаришларига мослашиш, Орол фожеаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи ҳудудини янада ривожлантириш;

— давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотлар самарадорлигини ошириш;

— соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ва маданий-маърифий соҳаларни янада ривожлантириш;

— ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

Улуғбек Раззоқов ҳозирда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида сайловчилар билан учрашиш режаси тасдиқланганлигини ҳам таъкидлаб ўтган.

Олдинроқ ХДПдан президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг Навоий вилоятидаги ишончли вакили иштирокидаги брифинг тафсилотлари маълум қилинганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид