Жамият | 17:30 / 27.09.2021
12676
11 дақиқада ўқилади

«Шу ҳаётда яшашга мажбур бўляпмиз» — Фарғона туманидаги чиқиндихона аҳолига муаммолар туғдирмоқда

Хумдонликларнинг айтишича, раҳбарлар келган вақтда тутун ўчириб турилади, қолган вақтда улар ҳаводан нафас олиши қийинлашиб кетади.

Фарғона вилояти, Қўштепа тумани Хумдон маҳалласи аҳли яшаш тобора қийинлашиб бораётганидан арз қилишди. Сабаби — мазкур ҳудудда жойлашган чиқиндихона тутуни йиллар давомида одамларга қийинчилик туғдириб келмоқда.

Айниқса тушдан то саҳаргача чиқинди уюмлари тутаб, кўп қаватли уйлар ичигача киради. Шамол кўтарилса, қўланса ҳидлар келиши билан бирга чор-атрофга целлофан пакетлар «парвоз» қилади. Одамлар деразаларни ёпиб ўтиришга мажбур. Шу тутун туфайли кўплар нафас йўли дардларини ҳам орттириб олишган.

Саодатхон Қодирова 22 йилдан буён шу ҳудудда яшайди. У бу борада раҳбарларга чиқавериб ҳолдан тойганини айтади.

Саодатхон Қодирова

«Чиқинди тутуни ҳисобига одамлар астма, аллергик касалликларга учраб кетди. Болалар-у оналар ҳам шу касал билан оғриган. Келинлар, ҳомиладор аёллар, ногиронлар бор. Кўпчилик касалликка чалинган. Кеч тушди дегунча чиқиндихона туташни бошлайди.

Тутун ҳидига чидаб бўлмайди. Ташқарига чиқиш тугул деразани ёпиб ҳам уй ичида нафас ололмаймиз. Ташқарига чиқишнинг иложи йўқ. Шу ҳаётда яшашга мажбур бўляпмиз. Ёз фаслида пашша бу ҳудудда «қайнайди».

Чиқинди тутаётган пайтда Экология бошқармасига қўнғироқ қиламиз. «Муаммоларинг нима?» деб прокуратурадан одам келади. Муаммоларни ўртага ташласак, эшитиб, «хўп-хўп», деб кетишади. Ўзгариш бўлмайди.

Бу ерда яшаб кўрмаган раҳбарлар учун инсон қадри қизиқ эмас шекилли. Раҳбарлар ҳудудимизга келиб яшаб кўрсин. Тутун ичида яшаш қандай бўлишини тушунишади. Масъулларимиздан чиқиндихонани йўқотиб беришларини илтимос қилиб қолар эдик», дейди у.

Маърифатхон Ғаниева эса тутун фақат катта йўлдан раҳбарлар ўтгандагина ўчириб турилишини айтди.

Маърифатхон Ғаниева

«Ногирон ва кам таъминланган фуқароларга уй берилаётганда 20 йил муддатга шу ҳудуддан уй олгандик. Кўчиб келганимизга 3 йил бўлди. Сурункали бронхит касаллигини орттиряпмиз. Ногиронларнинг соғлиги тикланиш ўрнига акси бўляпти.

Масала юзасидан маҳаллага чиқсак, вилоятдан мутасаддилар келади-да, ҳолатни ўрганиб, чораси кўрилади, деб кетаверишади. Лекин чора кўрилмайди.

Юқоридан катта раҳбарлар келадиган бўлса тутаётган чиқиндихонага «пожарний» машиналарида келиб сув пуркаб, тутунни ўчириб туришади. Биз бу ҳолатни дераза ойнасидан кўриб турамиз», – дейди у.

Шу ҳудудга 10 йил аввал кўчиб келган Маликахон Очилова бир пайтлар бу ерга ҳавас қилиб келишганини гапирди.

Маликахон Очилова

«Биз бу ҳудудга 10 йил аввал газ, сув ва одамлари яхшилиги учун ҳавас қилиб кўчиб келгандик. Келсак чиқинди тутунига чидаб бўлмайдиган даражада. Бу ерда қанча-қанчалаб инсонлар зарар кўряпти. Тутунга чидаб бўлмайди. Ниҳоятда кучли ҳид билан келади тутун. Айниқса ёз фаслида кечалари дераза ойналарини очиб ёта олмаймиз», — дейди маҳалла фаолларидан бири бўлган Очилова.

Каримахон Урдушова

«Хумдон» МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш бўйича раис ўринбосари Каримахон Урдушованинг маълумот беришича, ҳудудда ногирони бор оилалар учун имтиёзли уйлар қурилган. Маҳалла идорасига бу борада мурожаат кўп бўлади. Чиқиндихона тутунидан азият чекиб, тегишли идораларга мурожаат қилганларига қарамай натижа бўлмаган.

Чиқиндихона иш юритувчиси Дониёр Абдуллаев ҳолат юзасидан қуйидагиларни гапириб берди:

Дониёр Абдуллаев

«Чиқинди полигони 1971 йилда ташкил топган. Чиқиндихонага Фарғона ва Марғилон шаҳри, Фарғона тумани, Қўштепа тумани ҳудудидан йиғиштириб олинган чиқиндилар олиб келиб ташланади.

Чиқиндихона тўрт ой аввал давлат-хусусий шерикчилик битими асосида «Водий махсус санитар транс» МЧЖга берилди. Биз ҳудудга янги кириб келганимизда ҳатто кириш эшиги ёнида ҳам чиқиндилар сочилиб ётганди. 4 ой давомида тозалаш ишларини олиб бордик.

МЧЖ 10 миллиард сўмга яқин инвестиция олиб кирди. Чиқиндихонага республикада ягона бўлган саралаш линиясини ўрнатдик. Бу линияда 20 нафар ишчи фаолият юритади. Корхонамиз 12та маиший чиқинди машиналари сотиб олган.

Бир муддат аввал маиший чиқиндилар билан ишлаш корхоналарининг мутахассислари келишди. Тажриба алмашдик. Мутахассислар бизга чиқиндихонада ишлаш тартиби бўйича йўл-йўриқлар кўрсатиб кетишди. Яқин кунлар ичида ҳудудда чиқинди тутуни атрофга чиқмайдиган ҳолатда ўзгариш қиламиз.

Чиқиндихонани аҳолидан узоқ жойга кўчириш масаласи 2000-йилларда кўтарилган. Гидрогеология қўмитаси, Геология қўмитаси, Экология қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорликда ҳудудни ўрганишганда чиқиндихонани бошқа жойга кўчириш муаммо бўлиши мумкинлиги ҳақида хулосага келинган. Шу сабабли чиқиндихона ўз ўрнида қолган.

Чиқиндихона тасарруфимизга ўтганидан буён салбий ҳолатлар кузатилмади. Биз доим вилоят Экология бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда ишлаб келяпмиз. Шу сабабли чиқиндихонадаги ҳолат юзасидан бу ташкилотлардан огоҳлантириш олмадик.

Авваллари қиш фаслида тутун бурқсишидан йўлдан ўтиб бўлмаган. Ҳозирда тутун деярли кузатилмайди», — дейди Дониёр Абдуллаев.

Чиқиндихона иш юритувчиси билан суҳбат орасида ҳудудни кўздан кечирдик. Чуқурликда чиқинди уюмлари ёниб, тутаб ётар, ходимлардан бири бульдозер ёдамида уюмларни чуқурликка суриш билан овора эди.

Фарғона шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи бу ҳолатга нима дейди?

Инспекция бошлиғи Шаҳбоз Алиохуновнинг таъкидлашича, чиқиндихона ташкил топган пайтда Ободонлаштириш бошқармасига қараган, кейинчалик «Тозаҳудуд» давлат унитар корхонасига ўтган.

Шаҳбоз Алиохунов

Ҳудуд тадбиркорга ўтганидан кейин чиқинди ёнишининг олдини олиш, вақтида кўмиш ишларини олиб бориш бўйича кўрсатмалар бериб келинади. Чиқиндихона устидан умумий назорат бевосита Фарғона шаҳар инспекциясида. Атмосфера йўналиши бўйича 6 нафар ходим фаолият юритар экан.

«Хумдон» МФЙ аҳолиси томонидан мурожаат бўлиши билан кўрилади. Чиқиндихона ташкил топган пайтда мазкур ҳудудда аҳоли яшамаган. Раҳбарнинг таъкидлашича, чиқиндихона СанПин талаби бўйича аҳолидан 500 метр узоқликда жойлашган. Чиқинди уюмларининг ёниши олдини олиш бўйича ўша жойда ўқув машқлари ўтказиб келинар экан. Бир неча марта чиқиндихона раҳбариятига маъмурий жарималар қўлланган.

Тадбиркор чиқиндини қайта ишлаш бўйича Беларусдан техника олиб келган. Шу бўйича чиқиндихонада ишлар ташкил қилиняпти. Кейинчалик маблағ асосида чиқиндини қайта ишлаш йўлга қўйилади.

Бир сўз билан айтганда, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси мутасаддилари чиқиндихонани бошқа жойга кўчириш соҳа ходимларининг ваколатига кирмаслиги, ҳолат республика миқёсида кўриб чиқиладиган масала эканини таъкидлашди.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Аҳлиддин Алижонов чиқиндихонада содир бўлаётган ёнғинлар ҳақида маълумот берди.

Аҳлиддин Алижонов

«Мазкур чиқиндихона полигонида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, атрофга зарар етказмаслик бўйича бир қатор профилактик тадбирлар олиб борилади. Чиқиндилар тартибсиз сақлангани оқибатида ёнғинлар ҳам содир бўлиб туради.

Май ойида ҳудудда ўрганиш ишлари олиб борганимизда чиқиндихонани тартибга келтириш бўйича Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига хат чиқарилган. Жорий йил 8 ойи мобайнида, 29 май ва 6 июнь кунлари полигонда икки марта ёнғин содир бўлган. Ёнғин ўчирилиб тадбиркордан давлат ҳисобига жарима ундирилган», дейди у.

Чиқиндихонанинг атрофга зарар етказаётгани ва бу муаммони бартараф қилиш учун қандай чоралар кўрилиши лозимлиги юзасидан Ўзбекистон Экологик партияси Фарғона вилояти кенгаши раиси Муҳаммадали Маҳмудовнинг фикрлари билан қизиқдик.

Муҳаммадали Маҳмудов

«Хумдон» МФЙ даги чиқиндихона Фарғона вилоятидаги энг катта чиқиндихоналардан бири. Чиқиндилар яқин ҳудудда яшайдиган аҳоли учун ҳаддан ташқари зарарли тутунлар пайдо бўлишига сабаб бўляпти. Чиқиндихона вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қилиш бошқармаси, вилоят санитария эпидемиология осойишталик маркази ходимлари томонидан ҳам эътиборсиз қолдирилиб келинаётган объект ҳисобланади. Бир неча йилдан буён чиқиндиларни утилизация қилиш бўйича завод қурамиз, деган ваъдалар берилади. Инвесторлар келади, дастлабки лойиҳа ишларини амалга оширишади. Лекин натижа йўқ.

Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши раиси, Ўзбекистон республикаси президентлигига номзод Нарзулло Обломуродовнинг сайловолди дастурида ҳам бу масала кўзда тутилган.

Чиқиндихонадан зарарли тутун чиқмаслиги учун тадбиркор иш фаолиятини қайта кўриб чиқиши керак. Агар бу тадбиркорнинг қўлидан келмаса, чиқиндихонани аҳоли яшайдиган жойдан узоқроққа кўчириш зарур.

Тадбиркорнинг чиқиндиларни йўқ қилиш учун қилаётган ҳаракатларига уйсизлар, лўлилар халақит бермоқда. Елим халта ва «баклашка»ларни ўзлари йиғиштириб оляпти. Қолган чиқиндиларга эса ўт қўйиб юбориляпти. Бунинг олдини олиш керак», – дейди партиянинг Фарғона вилояти кенгаши раиси.

18 сентябрь - Бутунжаҳон тозалик куни муносабати билан вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан жойларда ўтказилган тозалик акцияси доирасида бир қатор ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Бу таҳсинга сазовор албатта. Энг ажабланарлиси, айнан акция ўтказилган куни ҳам чиқиндихонадан кундузи тутун бурқсиб турган.

Ҳолатни ўрганиш давомида ҳар бир ташкилот ва идора вакиллари ўз ваколатидан келиб чиққан ҳолда ноўрин жойлашиб қолган чиқиндихона ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Тадбиркорнинг давлат-хусусий шерикчилик битими асосида чиқиндиларни саралаб, маълум маънода тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётгани алоҳида мавзу. Лекин чиқиндихона атрофида яшаб «яшай олмаётган» фуқаролар учун ким қайғуради? Қўланса тутундан нафас олишга мажбур бўлаётган аҳоли бугун кимга мурожаат қилишини билмай боши қотган. Улар бу борада мутасаддиларга мурожаат қилавериб ҳолдан тойган.

Суҳбат жараёнида маҳаллада яшовчилардан бири «Раҳбарлар бир кун уйимизда келиб яшаб кўришсин, биз қанчалик азоб чекаётганимизни англаб етишади», деган эди. Чамаси, чиқиндихона яқинида яшаб кўрмаган раҳбарлар учун инсон қадри қизиқ эмас...

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид